Ўзбекистонда йўл ҳаракат хавфсизлиги давлат хизмати инспекторининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид савол-жавоблар

Ўзбекистонда йўл ҳаракат хавфсизлиги давлат хизмати инспекторининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид савол-жавоблар

ЙҲХДХ инспектори қандай кўринишда бўлади?

ЙҲХДХ инспектори тўлиқ формада бўлиши керак. Тунда эгнида нур қайтарувчи камзул бўлиши шарт. Шунингдек, кўкрагида шахсий рақамли жетон ва жетон рақами ёзилган шахсий гувоҳнома бўлади. Белгиланган тартибда ола таёқчаси бўлиши керак.

Ҳайдовчи инспектордан ҳужжатларини кўрсатишни талаб қила оладими?

Ҳайдовчи талабига кўра инспектор ҳужжатларини кўрсатиши шарт. Аммо уни ҳайдовчининг қўлига бериши шарт эмас.

Рулдаги ҳайдовчининг мажбуриятлари нима?

Қонун-қоидаларга риоя этиши ҳамда машина, тиркама, юк (агар бўлса), техник кўрикдан ўтказилганлиги талони, экологик талон ва тегишли категориядаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши керак. Инспектор талабига кўра тўхташи, ҳужжатларни кўрсатиши, зарурият туғилганда инспектор талабига кўра тиббий экспертизадан ўтишга (масалан, алкоголга) бориши лозим.

Инспектор тўхтатганда машинадан тушиш керакми?

Ҳайдовчини тўхтатишганда машинадан тушмасликка ҳаққи бор. Қолаверса, инспектор келиб, ўзини таништириши, яъни исм-шарифи, унвони ва вазифасини айтиши керак.

Ҳайдовчининг розилигисиз машина рақамини ечиб олиб кетишга инспекторнинг ҳуқуқи борми?

ЙҲХДХ ходимлари автотранспорт воситаси агар

— техник кўрикда носоз деб топилганда;

— техник кўрикдан ўтказилмаганда;

— тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланганда

қайддан ўтган давлат рақамини ечиб олишга ҳақлидир.

Йўлларга ўрнатилган фото- ва видеомосламалар қоидабузарликни қайд қилганда протокол тузиладими?

Махсус автоматлаштирилган фото- ва видео қайд қилиш мосламалари воситасида белгиланган ҳаракатланиш тезлигидан ошиб кетиш ва светофорнинг тақиқловчи сигналида ўтиб кетиш факти бўйича маъмурий қоидабузарлик қайд этилган ҳолатда йўл ҳаракати Қоидалари бузилганлиги тўғрисида протокол тузилмайди.

Камерада қайд этилган йўлдаги қоидабузарлик ҳайдовчилик талонига белгиланадими?

Фото ва видеоёзувлар билан тасдиқланган маъмурий қонунбузарлик талонда белгиланмайди.

ЙҲХДХ ходими протоколни расмийлаштиргандан сўнг ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонни олиб қўйиши мумкинми?

Йўқ. Протокол расмийлаштирилгандан кейин ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талон ҳайдовчига қайтарилиши керак, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда транспорт воситасини бошқаришдан маҳрум қилиш кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Бундай вазиятда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади, талон эса ҳайдовчига қайтарилади. Дастлабки маъмурий иш кўрилаётган пайтда такрор қоидабузарлик содир қилинса, талон олиб қўйилади ва қоидабузарга вақтинча рухсатнома берилади.

Радарга тушганда нимага эътибор бериш керак?

Радар тезлик билан бирга автомобилингизнинг давлат рақамини кўрсатиши кераклигини эсда тутиш лозим. Фақат шундай ҳолатдагина белгиланган тезликдан ошиб кетиш ҳолати ҳақида сўз очиш мумкин.

Тезлик 5 км/соатдан камроқ ошиб кетса, протокол тузиладими?

Йўқ. Рухсат берилган тезликдан 5 км/соат ва ундан ортиқроққа ошиб кетган ҳолатда маъмурий протокол тузилади. 5 км/соатдан камроқ ошса тузилмайди.

uznews.uz ва norma.uz маълумотлари асосида тайёрланди

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"