Метронинг «Юнусобод» йўлидаги қурилиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан бажарилади

Метронинг «Юнусобод» йўлидаги қурилиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан бажарилади

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев «Юнусобод» йўналишидаги метро қурилишини якунлашни тезлаштириш учун Тошкент метрополитенини «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимига ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берди. Бу ҳақда kun.uz манбаси маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь, якшанба куни Тошкент шаҳрининг бир қатор туманларида, хусусан, Юнусобод туманида бўлиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан бевосита танишди. У метронинг «Юнусобод» йўналишидаги иккита бекатда қурилиш ишларини якунлаш, янги ер ости ва ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш масалалари юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берди.

Маълумот учун, Тошкент метрополитенининг «Юнусобод» йўлини қуриш ишлари 1988 йилда бошланган, 2001 йили қурилиш ишлари юзага келган мураккабликлар туфайли тўхтаб қолганди. Метронинг ушбу йўналиши лойиҳалаштириш ва қуришда жуда мураккаб бўлиб чиқди, чунки метро туннели ва бекатлари жойлашган жойлар каналлар ва Бўзсув остига тўғри келди. Ундан ташқари, метро қурилишига ўтган кўплаб муҳандислик коммуникациялари ҳам халақит берди.

Бугунги кунда ушбу метро йўналишининг асосий муаммоси унинг Юнусободнинг аҳоли гавжум яшайдиган мавзеларигача етиб келмагани ҳисобланади. Шунинг учун ҳам йўловчиларнинг кўп қисми ё ундан умуман фойдаланмайди ёки фақат транзит мақсадларда фойдаланиши кузатилади.

Ҳозирда йўналишда 6та — «Шаҳристон», «Бодомзор», «Минор», «Абдулла Қодирий», «Юнус Ражабий» ва «Мингўрик» бекатлари ишлаб турибди, йўналишнинг узунлиги 6,4 километр.

«Юнусобод» йўналишида лойиҳавий номи «Файзулла Хўжаев», «Юнусобод», «Туркистон» бўлган бекатлар қурилиши давом этаётган бекатлар ҳисобланади.

qod1

Бундан ташқари, «Юнусобод» йўналишининг Тошкентнинг жанубий туманларини қамраб олувчи лойиҳалаштирилган бўлагида «Бобур», «Тўқимачи», «Усмон Носир», «Жанубий» каби бекатларнинг қурилиши назарда тутилган.

Метро йўналишини аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудудларгача олиб бориш орқали шаҳардаги автомобил транспорти юкини бир қадар енгиллаштириш, шунингдек, метрополитеннинг рентабеллигини сезиларли даражада ошириш мумкин.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.