Fordнинг келажагидан дараклар

Fordнинг келажагидан дараклар

Ford компанияси янада қулай ва шинам транспорт воситалари ишлаб чиқармоқчи. Уддасидан чиқармикан? Компанияни ҳозирда автоном машиналар, мобиллик ва янги турдаги транспортлар қизиқтирмоқда.

“Одамлар автомобилга эгалик қилишдан жамоавий фойдаланишга ўтмоқда. Бутун дунёда каршерингга эътиборнинг ошганини ва йўловчига ҳамроҳлар сони кўпайганини кузатмоқдамиз. Бундан ташқари йирик шаҳарлардаги транспортнинг аҳволи мобилликнинг бошқа усулларини қидиришга мажбур қилмоқда. Биз шунинг учун Ford Smart Mobility бўлинмасини ташкил қилдик”, дейди Ford компаниясининг президенти ва ижрочи директори Марк Филдс.

Ford Smart Mobility манзилга етиб олиш учун қулай транспорт қидиради, бошқача айтганда мобилликни оширишни кўзлайди. Уларнинг бирламчи мақсади автомобиль эмас, мобиль илованинг ўзидир. Июн ойида Amazon компанияси Amazon Echo хизматини ишга туширди. Бу қандай хизмат бўлди?

Масалан, эрталаб автомобилда кетаётиб тиқилинчга дуч келдингиз. Amazon Echo бир неча вариантни сизга таклиф этади. GoBike дастуридан велосипед ижарага олиб миниб кетасизми ёки шатл-микроавтобус ё ҳайдовчисиз автомобил хизматидан фойдаланасизми? Велосипед – тушунарли, аммо қолган икки йўл сизни қизиқтирдими? Бу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Dynamic Shuttle дастури доирасидаги Ford Transit микроавтобусларида бепул Wi-Fi ва USB зарядлагичлар бор.

Dynamic Shuttle дастури доирасидаги Ford Transit микроавтобусларида бепул Wi-Fi ва USB зарядлагичлар бор.

Ford Dynamic Shuttle деҳқончасига айтганда “маршрутка”нинг тараққий этган шаклидир. Ҳозирча, уни Дирборнда Ford Transit микроавтобусларида синашяпти. “Келажак маршруткаси”нинг ўзига хослиги шундаки, у битта йўналишда юрмасдан мижозлар мобиль илова орқали буюрган йўналишларда юради. Сиз маршрутка буюрасиз ва тизим сизга энг яқин бўлган бўш машинани жўнатади. Бу худди такси буюртма беришга ўхшаш. Dynamic Shuttle эса барча йўловчилар манзилининг йўналишини пухта ишлаб чиқади.

Ford Fusion седанининг томида камера ва радар мавжуд. Бу аппаратлар серияли автоном машиналарнинг қаерида жойлашиши мумкин?

Ford Fusion седанининг томида камера ва радар мавжуд. Бу аппаратлар серияли автоном машиналарнинг қаерида жойлашиши мумкин?

Энди ҳайдовчисиз автомобил мавзуига тўхталамиз. Ford йўловчи ташувчи биринчи ҳайдовчисиз автомобилларни 2021 йилдан ишга туширмоқчи. Улар юқоридаги такси хизмати учун ишлайди. Уларнинг рули ва тепкиси бўлмайди. Аниқроғи, машина белгиланган манзилга ўзи етиб келади ва йўловчини тегишли жойга ўзи элтади. Дарвоқе, бундай технология устида россиялик мутахассислар, жумладан, КамАЗ ва Яндекс иш олиб бормоқда, бироқ уларни яқин-орада оммалаштириш ҳақида бирор режа айтилгани йўқ. Ford эса 2025 йилдан автоном машиналарни эркин савдога чиқармоқчи.

Ҳозирча тинч кўчаларни кезмоқда

Ford Fusion гибрид седанида сайр қилганларнинг айтишича унда мўъжизавий бирор хусусият йўқ. Замонавий автомобилда бўлган автопилот ва бошқа технологик қурилмаларнинг барчаси унда мавжуддир. Ҳар эҳтимолга қарши ҳайдовчи ўтиради ва у исталган вақтда бошқарувни қўлига олади.

Тамоман автоном автомобиль мураккаб тузилишга эгадир. Кўп сонли камера ва радар, шунингдек, лидарлар (лазер-оптик радар) автомобиль атрофидаги шароитни узлуксиз кузатади ҳамда компютер аввалдан тузиб хотирасига жойланган 3D харита ва йўл белгилари билан солиштириб боради. Машина мустақил ҳаракат бошлаб, светофорда тўхтай олади, чорраҳада муюлиш сигналини ёқиб бурилади.

Бордию, йўл қор-ёмғирли бўлса-чи? Инженерлар бу саволга ноаниқ жавоб беришмоқда: “3D хариталаримиз бор, унда автомобиль ерга қаттиқроқ ёпишиши лозим бўлган объектлар акс этган. Камига тизим кўплаб датчиклар, хусусан, ABS ёки ESP ёрдамида йўл қопламасининг ҳолатини баҳолай олади. Шунга қарамай, ҳанузгача синовлар ўтказяпмиз”. Назарий жиҳатдан ҳаммаси яхши, амалиётда ҳам ёмон бўлмайди, деб хулоса қиламиз.

“Бизнинг соҳамизда автоном машиналар Генри Форд йиғиш конвейерларини амалга киритгандан кейинги  иккинчи инқилобдир” дейди Марк Филдс.

Камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, пиёда йўлкани охиригача босиб ўтгунга қадар (ҳатто, нарига полосага ўтса ҳам) Ford машинаси кутиб туради. Машина қарама-қарши полосага чиқиб бурилиши ёки светофор чироғи ёнганда қўзғалиши, умуман, тиғиз йўлдаги барча ҳаракати секин кечади. Шубҳасиз, бу атрофдаги ҳайдовчиларнинг ғашини келтирмасдан қолмайди.

Автоном автомобиль нигоҳидан боққанда олам шундай кўринади.

Шунинг учун ҳам автомобилсозлар ва ҳукумат автоном машиналарни дарҳол йўлга қўйгани йўқ. Ҳозирча, уларни тинч йўлда синашда давом этиляпти. Бунинг устига, ҳаракатланишнинг ҳуқуқий асоси ҳам тўла ишлаб чиқилмади. Бу бежиз эмас. Автоном транспорт пиёдани уриб юборса, ким жавобгар? Автоном машиналар ҳайдовчили машиналардан кўпайиб кетса, икки тоифа йўлда муроса қиладими? Аввало бу саволларга жавоб топиш керак.

Саволлар мўл, Ford эса уларнинг барчасига жавоб топиши лозимлигини билади. Сўровлар натижасига кўра, халқ технологик транспортни қабул қилишга тайёрдир. Шу боисдан Ford синов прототиплари сонини 30тага қадар оширди. 2017 йилда 90тага чиқаради ва яна бир йил ўтиб ақлли шаттл фаолиятини бошлайди. Аммо ақлли транспортга ҳар хил мамлакатлар аҳолисининг муносабати турличадир. Ҳиндистон ва Бразилияликларнинг 75 фоизи автоном машинани маъқулласа, инглиз ва америкаликларнинг атиги 40 фоизи рўйхушлик билдирди. Инглизлар ўзи бошқарадиган автомобилидан воз кечмоқчи эмас.

Тиғиз йўллардаги ҳаракатга халақит бермаслик учун автоном машиналар тинч ҳудудларда юрмоқда.

Тиғиз йўллардаги ҳаракатга халақит бермаслик учун автоном машиналар тинч ҳудудларда юрмоқда.

Ford яна нималар ваъда қилмоқда?

АҚШ автоконцерни фақат машинани ақллилаштириш устида ўйланаётгани йўқ. Дирборн полигонида Форд тарихидаги энг кучли хэтчбек Focus RS синалмоқда. Тўрт цилиндрли турбомотор 350 от кучига эга. У турлича режимларда ишлаши билан қизиқарлидир.

 “Менга Drift режими ёқади, унда ўқларга куч тақсимоти ўзгартирилади, электроника айлантириш моментини кўпроқ орқага беради, шунингдек, амортизаторлар оҳиста юмшоқлашади. Унда кўтариб-тушишни бошқариб юриш жуда осондир”, дейди профессионал автопойгачи ва Top Gear шоусининг собиқ синовчи ҳайдовчиси Бен Коллинз.

Автомобилга ўтиргач, кичик трассага чиқиш учун Track режимини танлаймиз. Focus RS тетик ўт олади ва шиддат билан олдинга интилади.

Шиналарнинг умрини чўзиш учун нам асфальтда Drift режимини ёқамиз. Бу режим амортизаторни юмшатади. Тепаликда куч орқа ўққа берилади.

Ford Fusion Sport седани эса шиддати билан ажралиб туради. Қулай шасси, янги трансмиссия ва 2,7 литрли турболашган EcoBoost V6 мотори қўшилган. 325 от кучи бор, айлантириш моменти 515 Н∙м. Шовқинни сўндириш тизими туфайли салон тинч. Спортча режим ёқилгач, амортизатор қаттиқлашади, олти поғонали автомат қутига уланганда эса машина тезлашади.

Ford F-150 чиққан йилиёқ (2014) “Шимолий Америкада йилнинг юк машинаси” эътирофига сазовор бўлган.

Ford F-150 чиққан йилиёқ (2014) “Шимолий Америкада йилнинг юк машинаси” эътирофига сазовор бўлган.

“Форд”нинг кўп йиллик бестселлери расмдаги Ford F-150 русуми бўлади. Ўн учинчи авлоди 2014 йилда ишлаб чиқарилган. 10 поғонали автоматга эга. EcoBoost 3.5 V6 турбомоторида 381 отнинг кучи бор, айлантириш моменти 637 Н∙м.  Нега узатмалари кўп? Ёнилғини тежаш учун, албатта. Динамикаси жиҳатдан тенгдошларидан қолишмайди: гарчи Ford тезланишини расман эълон қилмаган бўлса-да, секундомер ўлчови 100 км/соат тезликка 7 сонияда чиқишини кўрсатди.

“Форд” машинасозлари автомобилнинг бир қанча жиҳозлари ва элементларини қайта ишланган хом ашёдан (пластик идишлар, шиналар, пахтадан тайёрланган кийимлар, алюминий банкалар) тайёрлайди. Бу элементлар қаторида шовқиндан ҳимоя қурилмалари, пластмасса деталлари, кузов панелларини санаш мумкин. Органик моддалар ҳам четда қолмаган: ўриндиқлар суянчиғи ичидаги юмшоқ тўшама соя кўпигидан, электр симларининг устки қопламаси шоли пўстидан, ёнилғи қувурчаларининг нейлон қобиғи канакунжут мойи асосида тайёрланган.

“Форд” машинасозлари автомобилнинг бир қанча жиҳозлари ва элементларини қайта ишланган хом ашёдан (пластик идишлар, шиналар, пахтадан тайёрланган кийимлар, алюминий банкалар) тайёрлайди. Бу элементлар қаторида шовқиндан ҳимоя қурилмалари, пластмасса деталлари, кузов панелларини санаш мумкин. Органик моддалар ҳам четда қолмаган: ўриндиқлар суянчиғи ичидаги юмшоқ тўшама соя кўпигидан, электр симларининг устки қопламаси шоли пўстидан, ёнилғи қувурчаларининг нейлон қобиғи канакунжут мойи асосида тайёрланган.

F-150 гарчи юк ташийдиган бақувват пикап бўлса-да, салонини кўргач, деҳқоннинг машинаси деб ўйламайсиз. Салонга жигарранг чарм сирилган, рул колонкаси электр узатмали, каттакон томқопқоқ (люк), атрофни кузатиш камераси, 12 ва 110 волтли розеткалар, Sony акустикали Sync 3 мултимедиа мажмуаси бор. Олд ўриндиқларда вентиляция ва массаж механизми мавжуд, қолаверса, барча ўриндиқлари иситилади.

Майда ихтироларнинг фойдалари

Ҳар йили Further with Ford конференцияси доирасида турли инновация ютуқлари тақдирланади. Бу йили уч турдаги ихтиро мукофотга номзод бўлди. Биринчиси ва асосийси кондиционер сувини ичиш таклифи бўлиб, бу ҳақда carzone.uz ёзган. Машинанинг остки қисмида тўпланадиган сувни кўрганмисиз? Шу сувни ичиш таклиф этиляпти. Албатта, автомобилга филтр ўрнатилган бўлиб, аввало у сувни биологик чиқиндилардан тозалайди. Бир соат машинада юриб кўпи билан 0,7 литр сув олиш мумкин. Сувни бундай олиш усули қурғоқчил минтақаларда асқотиши мумкин.

Номзодларнинг иккинчиси бошқарувчисиз Carr-E аравачасидир. 4 ғилдиракли япалоқ аравача робот-чангюткични эслатади. Унда ултратовушли датчик ва GPS приёмниги бўлиб, тўсиқлардан айланиб ўтади ва белгиланган манзилга етиб боради. Carr-E 118 кггача юкларни ташишга қодир, асли унинг яратилишидан мақсад ҳам шу. Тасаввур қилинг: машинадан оғир юкингизни тушириб аравачага ортдингиз, у эса уй эшигигача сизга эргашиб келади.

Учинчи ихтиро Phone as Car деб номланган иловадир. Смартфон ёрдамида машинанинг айрим функцияларини, жумладан, иқлим назоратчиси ёки Sync мултимедиа мажмуасини бошқарса бўлади. Агар ҳайдовчи ва йўловчи бир-бирининг тилини тушунмаса, илова таржимон вазифасини ҳам ўтай олади.

Phone as Car устида ҳозирча ишланмоқда, яна бир FordPass тизимидан эса фойдаланишга ўтилди. Бу илова ёрдамида машинани очиш ва ёпишдан тортиб, ёнилғи миқдорини текшириш, двигателни автоматик ўт олдириш вақтини дастурлаш, автотураргоҳ ҳақини тўлаш, дилерлик хизматига ёзилиш, маълумот марказига боғланиш ҳам мумкин. Fusion ва Escape русумлари FordPass иловасига мосланган. Иловани эса Apple ва Android смартфонларига юкласа бўлади.

Ҳа, автоном автомобиллар ғарб аҳолиси учун янгилик эмас, эҳтиёжга айланадиган кунлар яқин. Хўш, дунёнинг бошқа мамлакатлари-чи? Айтиш керакки, автоном машина ноёб суперкар ёки электромобиль эмаски, четдан сотиб олсангиз ва миниб кетаверсангиз. Автоном машина шаҳар йўлларида бехавотир ҳаракатланиши учун шаҳар инфраструктурасининг моделини унинг хотирасига жойлаш, бундан ташқари ҳуқуқий меъёрларни ишлаб чиқиш тақозо этилади. Барчаси ҳал этилган тақдирда ҳам минглаб ҳайдовчилар ишсиз қолиши масаласини бир ёқли қилиш лозим. Бу эса бош қотиришга арзийдиган муаммодир.

auto.mail.ru мақоласи асосида тайёрланди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"