Пойга мана бундай бўлибди: тракторлар, автопоездлар, автобуслар, тиркамалар

Пойга мана бундай бўлибди: тракторлар, автопоездлар, автобуслар, тиркамалар

Пойгачиларнинг иштиёқи чек-чегара билмайди. Исталган транспортда пойга уюштиришга тайёр: трактор дейсизми, тиркамали автомобиль ёки автопоезд дейсизми, борингки, майса ўргич машина дейсизми — миниб учсам дейди.

Автоспорт дегани машиналарнинг бир-биридан ўзиш учун мингга қўйиб ҳайдашидангина иборат эмас. Сайёрамизнинг турли бурчакларидаги турфа инсонлар ўз қизиқишлари доирасидаги транспортлардан воситасида антиқа шоулар ташкил этишади.

Саккизликдаги пойга

Бошидаёқ айтиб қўяқолайлик, энг ғаройиб пойгалар АҚШда ўтказилади. Саккиз рақами шаклидаги пойга йўлагида айланиш кимнинг хаёлига келибди дейсиз? Дастлабки пойгалар Американинг Индианаполисида бошланган. Бу бежиз эмас, чунки Индианаполисда АҚШ автомобилсозлигига тамал тоши қўйилган. Пойга ўтказиладиган майдонча номи Indianapolis Speedrome.

Саккизликда айланма пойга Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бошланди ва тезда қизиб кетди. Тез оммалашувига сабаб нафақат қизиқарлилиги, балки техник талабларнинг соддалиги ҳам эди. Пойгада исталган машина қатнашса бўлади, фақат ойнаси олиб қўйилиши, хавфсизлик каркаси ўрнатилиши, ҳимоявий анжомлардан фойдаланиш талаб этилади. Аммо кўриб турганингиздек пойгада шлемсиз қатнашишни бирортаси хаёлига келтирмаса керак.

Тиркама судраб кимўзарга

Тентакона пойгаларнинг яна бири тиркама судраган машиналар мусобақасидир. Мусобақанинг талаби янада оддий: машинага хавфсизлик каркаси ўрнатишнинг ҳам кераги йўқ. Пойгада рақибининг тиркамасига тегиш мумкин, аниқроғи узиб ташлаш олқишланади.

Томошани қиздирадиган бу ғилдиракли қайиқлардир. Уларни тиркама ўрнида машинага улашади. Ашаддий ишқибозларнинг қийқириқлари садоси остида майдонда узилиб, ағанаб ётган бир қанча қайиқ-тиркамаларни кўриш мумкин. Машиналар майдончада овал ва саккизлик йўналишида бир-бирини қувади. Мусобақа охиригача тиркамаси узилмай қолган машина ғолиб деб топилади ва 100 доллардан 500 долларгача пул мукофоти билан тақдирланади.

Тиркама бир нави, автопоездга пойгада нима бор? Нимадир бор экан, автомобилнинг орқасига яна иккита машина улаб пойгада қатнашишяпти. “Паровоз” олдинда, орқадаги икки автомобилдагилар рулни бошқаради холос.

Мактаб автобусларида пойга

Мусобақалар, одатда, йирик миқёсли “бузғунчилик фестивали” доирасида ўтказилади ва Night of Destruction, Crash-O-Rama, Race of Destruction каби номлар билан ташкил этилади. Юқорида айтилган қоида ва талаблар амал қилади, яъни машина ойналари олиб ташланади, ҳайдовчилар шлем кийиб олади.

Сўлоқмондек машиналар бир-бирига тегиб-тегмай ўтиб кетишини томоша қилиш завқлидир.

Майса ўргич машиналар пойгаси

Бу мусобақа кеча пайдо бўлган деб ўйламанг. 40 йил илгари Британияда, ҳаттоки, майса ўргич машина пойгачилари уюшмаси ҳам тузилган. Уларнинг ташаббуси АҚШ ва Австралиядаги бекорчи фермерларга ёқиб, дарров ўзларида мусобақа ташкил қилган. Ҳозир дунёнинг кўпгина мамлакатларида майса ўргичларнинг пойга мусобақалари ташкил этилади. Ҳаттоки, Финляндияда қишки Гран-При мавжуд. Қизиқ, бундан кўра майса ўриш бўйича мусобақалашса бўлмайдими?

Майса ўргич машинани Британия уюшмаси тўрт гуруҳга бўлади. Биринчиси кичик томорқадаги майсани ўришга мўлжалланган, итариб юриладиган машина, қолганлари эса ўтириб бошқариладиган техника. Уларнинг тезлиги 100 км/соатгача чиқади. Буюк Британияда пойга 14 босқичда ўтказилади, уларнинг бири 12 соатли марафондир. 2016 йилда унда 43 жамоа иштирок этди, етакчилар йўл юрса ҳам мўл юриб, нақ 600 кмга яқин йўл босди.

“ЛеМонда 24 соат”

Ушбу мусобақа “Ле-Манда 24 соат” пойгасининг ўхшатма вариантидир. Унинг талабларидан бири шуки, автомобиль хариди ва ишлов беришга 500 доллардан ортиқ маблағ сарфлаш мумкин эмас. Албатта, бунга каркас, ўриндиқ, камар, ўт ўчиргич каби хавфсизлик анжомлари ҳамда шина, ёнилғи, тормоз тизими кирмайди. Қимматроқ машинани харид қилиб ва ортиқча қисмларини сотиб юбориб, чиқим бўйича ўрнатилган чекловга риоя қилган ҳолда пойгада қатнашиш мумкин.

Пойгада турли синфга мансуб юздан ортиқ автомобиллар қатнашади. Ташкилотчиларнинг махсус номинацияларидан умидвор иштирокчилар машинасини олақуроқ аксессуарлар билан безайди. Ҳозир бу мусобақа шунчалик оммалашганки, Австралия ва Янги Зеландияда ҳам ўтказилмоқда. Яшил қитъада сарфланадиган пул миқдори 999 Австралия долларидан ошмаслиги белгиланган.

“Тракторчилар! Қани, ўртага”

Қишлоқ хўжалиги техникаси пойгаси “Бизон-Трек-Шоу” аталади. Бундай пойга Ростов вилоятида ўтказилган ва унда 29 қатнашчи 14 кмли трассада беллашган. Уларни 40 минг томошабин кузатган.

Тракторлар оддий эмас, пойгага махсус тайёрланган бўлиб, соатига 75 км/соат тезликка осонгина чиқади, сувни кечиб, тепаликлардан ошиб маррага интилади.

Лой ва балчиққа ботиб, шинасидан ажралмасдан маррага етиб келишнинг гашти ўзгача бўлса керак. Дарвоқе, бундай томошани ўзимизда ҳам ташкил этишга шароит бор. Нима дедингиз?

Йўлсизликда йўл топиб

Эҳтимол, сиз багги ёки махсус тайёрланган йўлтанламасларнинг қумтепаликлар ва тош йўллар узра пойгасини кўргансиз. Исландлар эса янада кескин ва хатарли тадбир уюштирди. У Formula Offroad деб номланиб, даставвал, қутқарув бригадаларининг қудратини намойиш этишга мўлжалланганди. Томошабинлар аридек ёпирилгани боис, кейинчалик, шоуга айланган.

Видеолавҳани кўрдингизми? 1600 от кучигача эга бўлган бу “яланғоч” автомобилни тўхтатадиган тўсиқнинг ўзи йўқ. Сув дейсизми, тик тепаликми, кўрдим демайди. Осмаси ўта чидамли.

Тупроқда дрег-рейсинг

Дрег-рейсинг бу автомобилларнинг қисқа масофага (спринт сингари) ҳайдашга мусобақалашувидир. Яшил чироқ ёниши биланоқ чанг-тўзонли из қолдириб марра сари учади. Асли бу мусобақа тезланиш синовидир. Қатнашувчи машиналар бежизга найзасимон шаклда ишланмаган.

Пойга тўппа-тўғри йўлда ўтказилади. Унда двигателининг қуввати ўн минг от кучигача етадиган автомобиллар қатнашади. Найзасимон машиналар бир дақиқага етмасданоқ 100 км/соат тезликка чиқади. Марра 402 метрда бўлиб, уни 4 сонияга қолмасдан босиб ўтади.

Орқага юринг

Антиқа пойга турларининг деярли бари саналди. Орқага юриш маҳорати четда қолиб кетиши мумкин эмас. Қайси ҳайдовчи орқага тез ва абжирлик билан юришга уриниб кўрмаган дейсиз. Одатда, бундай мусобақага эски-туски машинангиз билан хавфсизлик каркасини ўрнатмасдан қатнашсангиз ҳам бўлаверади. Чунки барибир анча секин ҳайдайсиз.

Дарвоқе, зич қаторда иштирокчилар бир-бирини тарақлатиб уриб олиши ҳам учраб туради. Мураккаб томони орқа ғилдиракни буриш. Ҳайдовчининг бўйнилари оғриб кетса керак.

Бу пойга ҳам “бузғунчилик фестивали” доирасига киритилган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"