Американинг Sondors фирмаси ҳаммабоп электромобиль ясамоқчи

Американинг Sondors фирмаси ҳаммабоп электромобиль ясамоқчи

Калифорнияда жойлашган Sondors фирмаси келгуси йилдан бошлаб унча қиммат бўлмаган уч ғилдиракли электромобиль ишлаб чиқаришни режалаштиряпти.

Фирма асосчиси ва эгаси Сторм Сондорс бу борада тажрибага эга. Аввалроқ у Ebike номли арзонгина электровелосипед ишлаб чиқарди. Велосипед қисмлари алоҳида эътибор билан танлангани ва қатор инновациялар қўлланганлиги туфайли, нархи беш юз долларни ташкил этди. Бундай паст нарх билан рақобатчилардан устун келса бўлади. Энди Сторм Сондорс ҳамёнбоп электромобиль яратишга енг шимарди.

Унинг фикрича арзон электромобиль тайёрлаш учун муайян қулайликлардан воз кечиш лозим бўлади. Хусусан, Сондорснинг электромобилида тўртинчи ғилдирак ва ортиқча ўриндиқлар йўқ. Машинага кўпи билан уч одам сиғади. Техник кўрсаткичлари, ҳозирча, маълум эмас, чунки электромобилнинг ўзи компютерда эскиз кўринишида мавжуд холос.

Уч ўриндиқли ва уч ғилдиракли машинанинг кузови алюминийдан. Турли сиғимли уч хил литий-ионли аккумуляторлари бор. Асос модификацияси тўла заряди билан 80 км юради, ўрта даражали версияси эса 160 км йўл босиши мумкин. Олий модификациясининг йўл захираси 322 кмга тенг. Йўловчиларни ўтқазиш формуласи 2+1.

Лойиҳани тугаллаш учун Сондорсга 1 млн доллар керак. Ҳозирда у корхона акцияларининг донасини 12 доллардан сотяпти. Ҳиссадорга айланиш учун камида 10та акция харид қилиш керак. Шу кунгача 330 минг доллар йиғилди. Керакли маблағ тўпланиши биланоқ электромобилнинг сериялидан олдинги прототипини ясашга Сондорс ваъда беряпти. Режа кўзланганидек давом этса, келгуси йилдан машина чиқариш бошланади.

Бўлажак уч ғилдиракли электромобилнинг асос модификацияси 10 минг доллар туради. Йилига 12 минг дона машина ишлаб чиқарилади. Корхона тўла қувват билан ишласа, машина нархи тушиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"