Олимлар ҳавони ифлослантирувчи асосий манба автомобиллар эмас, деган хулосага келди

Олимлар ҳавони ифлослантирувчи асосий манба автомобиллар эмас, деган хулосага келди

Миландаги иқтисодий форум қатнашчилари ҳисоблашига қараганда ҳавога чиқарилаётган СО2нинг ярмидан кўпроғи ва саломатлик учун зарарли бўлган қаттиқ заррачаларнинг 30 фоизини ички ёнув двигателлари эмас, аҳоли яшаш уйларининг иситиш тизими чиқариб ташлайди. Бу хабарни La Repubblica нашри тарқатди.

Ҳозирги вақтда Италиядаги иморатларнинг 56 фоизи энг қуйи G экологик синфга мансубдир. Унинг ярмидан кўпроғини эса 40 йил илгари қурилган аҳоли яшаш уйлари ташкил этади. Шаҳардаги уй-жойларнинг 75 фоизи шундай тоифага мансубдир. Бундан ташқари мактабларнинг ўзини иситишга ҳар йили Италия 2 млрд евро сарфлайди.

Милан техника университети олимлари мамлакатдаги 20та йирик шаҳарнинг иситиш тизими янгиланса, ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар миқдори икки баробар қисқаришини ҳисоблаб чиқди. Агар Миланнинг ўзидаги эски тизимларнинг 10 фоизи янгиланса, шаҳарни автомобиллардан олти ҳафта тўсиб қўйганчалик экологик натижа беради.

Олимлар нега автомобиллардан кўра қозонхоналар чиқарган зарарли моддалар миқдори кўплигини изоҳлади. Гап шундаки, охирги 20 йил ичида автомобиллар авлоди янгиланди, ички ёнув двигателлари экологик жиҳатдан хавфсизлаша борди. Натижада улар чиқарадиган зарарли моддалар миқдори 60 фоизга қисқарди. Бироқ уй-жойларни иситиш тизими замонавий технологияларга ўтгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Евроиттифоқ 14 йилдан сўнг ички ёнув двигателли автомобилларни батамом тақиқлайди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"