Landmaster – “Қарғиш теккан водий” амфибияси

Landmaster – “Қарғиш теккан водий” амфибияси

Ушбу 12 ғилдиракли амфибияни 1976 йилда Дин Жеффриз исмли буюртмачи уста “Қарғиш теккан водий” фильмининг саҳнаси учун ясаб берган. Фильм оламшумул фалокат ҳақида бўлиб, автомобиль бор-йўғи декорация учун тайёрланганди, бироқ съёмка доирасидан чиқиб машҳурлиги ортиб кетди.

Сценарий бўйича фильмда иккита амфибия қатнашар, бироқ атиги биттасини ясашга улгуришганлиги боис портлатиб юбориладиган иккинчиси кичрайтирилган моделдир.

Жеффриз бўлажак амфибиянинг кўпгина деталларни чиқиндилар орасидан топди. Қисқаси, амфибия ҳақиқий юк машиналарининг қисмларидан ташкил топган. Вездеходни 6,4 литрли Ford двигатели юргизади. Ҳаракат олд кўприкка ёки бирйўла иккаласига узатилади. Ғилдираклари уч юлдуз шаклида ўрнатилган. Бу схеманинг афзаллиги ўртача чуқурликлардан тезликни сусайтирмай ўтиб кетишидир. Одатда, бундай схема тортиб юриладиган M101 howitzer замбаракларида қўлланарди.

Дарвоқе, амфибиямизнинг ғилдираклари мутлақо бурилмайди. Бурилиши учун бел қисмига бутун бошли гидравлик тизим ўрнатилган. Съёмкалар вақтида вездеход 7,6 метрга сакраганда ҳам осмаси бардош бергани эътирофга арзийди.

Landmaster қуруқликда аъло даражада ҳаракатланади, сувда суза олади. Бордию тешилиб қолиб, салоннинг ярми сувга тўлганда ҳам вездеход тўхтаб қолмайди. Бу хусусиятларнинг барчаси атиги фильм учун ясалган машинада мужассамлашганлиги кишини ҳайратга солади. Амфибия дизайнини нега армияга сотмаганлиги эса ҳануз жумбоқ.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"