Чиройли тартибдаги давлат рақамлари сотиладими?

Чиройли тартибдаги давлат рақамлари сотиладими?

Ўтган ҳафтанинг охирида интернет-газеталар ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ҳам чиройли тартибда жойлашган автомобиль давлат рақамлари сотилиши тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўлди. Бу хабарда ҳатто нархлар жадвали ҳам илова қилинган эди. Яъни, унга кўра биринчи тоифадаги “Платина” рақамлари (001, 005, 007, 500, 700, 555, 777) энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари миқдорида, иккинчи тоифадаги “Олтин” рақамлар (002 дан 009 гача, 100, 200, … 900, 111, 222, … 999) энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, учинчи тоифадаги “Кумуш”рақамлар (010, 020, …. 090, 077, 101, 202, … 909, 770) энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, тўртинчи тоифадаги “Бронза” рақамлари (011, 022, … 066, 088, 099, 110, 220, …. 660, 880, 990, 701 дан 706 гача, 708, 709, 717, 727, … 767, 787, 797) энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баравари миқдорида баҳоланган. Бундай аниқ-тиниқ маълумот илова қилингани боис хабарга аввалига жуда кўпчилик ишонди ва у жамоатчиликни хурсанд қилди ҳам. Зеро, ҳаётда ана шундай рақам ишқибозлари жуда кўплаб топилади. Улар эса аксарият ҳолда ўзлари истаган рақамни ололмасдан хуноб бўлишади, бунинг учун ҳатто кимлар биландир жиноий тил бириктиришга ҳам уриниб юришади.

Аммо тиниб-тинчимас ахборот тарқатувчилар кўп ўтмасдан бу хабарнинг ҳақиқат эмаслиги тўғрисида ҳам ёза бошлашди. Чунки, тарқатилган жадвалнинг расмий кучга эмаслиги тезда маълум бўлган эди. Яъни бунақа расмий ҳужжатни ҳеч қайси манба топиб бера олмаган. Шу боис, соҳага алоқадор нашр сифатида, биз ҳам ИИВ ЙҲХХББ Матбуот бўлимига мурожаат қилиб масалага яна бир марта ойдинлик киритиб олдик — хабар расмий кучга эмас.

Тўғриси, биз сўровимизга жавобан бирон умидли мужда олармикинмиз деб ҳам ўйлаган эдик. Ахир тарқатилган хабар, қанчалик рост ё ёлғон бўлишига қарамасдан, юртдошларимизнинг хоҳишларига мувофиқ эди. Бунинг устига, автомобиллар учун чиройли давлат рақамларини расман сотиш тажрибаси халқаро амалиётда аллақачон кенг қўлланиб келинади. Бу тадбир хорижда асосан автоҳаваскорларнинг талабларини қондириш, давлат бюджетини тўлдириш, энг муҳими эса, шундай рақамларга эгалик қилиш йўлидаги жиноий хатти-ҳаракатларнинг олдини олишни кўзда тутади. Интернет манбаларининг маълум қилишларича, уларнинг сотуви ҳатто яқин қўшниларимиз — Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам жорий этилган. Бу мамлакатларда шу йўл билан чиройли давлат рақамларининг жиноий савдосига чек қўйиб, жиноий гуруҳларнинг чўнтагини тўлдираётган пулларни давлат хазинасига йўналтиришга эришгани ҳам маълумотларда қайд этилади.

Шуларни инобатга олган ҳолда ва ижтимоий тармоқларда фуқароларимиз билдираётган ўринли таклифлардан келиб чиқиб бизда ҳам мутасадди идоралар бу ҳақда ўйлаб кўрадилар ва ҳукуматга тегишли таклиф киритадилар дея умид қилишимизга асос бор. Шунда яқин келажакда бу хабар расман эълон қилиниб, жамоатчиликни ростакамига хурсанд қилса ҳам ажаб эмас.

Ирода АЗИМОВА,

“Avto plyus” газетаси махсус мухбири

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.