Уйсизлар учун ғилдиракли уйчалар

Уйсизлар учун ғилдиракли уйчалар

Америкалик Питер Гулд Виктория штатининг уйсиз аҳолисига қути-уйлар қуриб бермоқчи. Carzone.uzнинг навбатдаги мақоласи машинанинг тиркамаси каби тортиб юрса бўладиган ғилдиракли митти уйчалар ҳақида.

“Менда ҳам ўз вақтида бошпана муаммолари бўлган. Ҳозир уйим бор. Уйи ҳозир ҳам йўқларга ёрдамлашиш вақти келди”, дейди кемасозлик заводининг собиқ ходими 60 ёшли Гулд.

Питер амаки ўзи ясаган уйчани Our Place Society ижтимоий ташкилотида кўрсатди. Бу кичкина ғилдираги бор ёғоч уйчадир. Уйчани кўриш учун оломон йиғилди.

“Мен тунни кўчада ўтказадиган одамлар буёққа қандай келишини кўряпман. Улар совқотиб ва шалаббо бўлибгина қолмасдан шамоллаган ҳам. Ҳозиргина шундай тунни ўтказиб бармоғидан ажралган аёл билан суҳбатлашдим”, деди уйсизларнинг маконига ҳар куни бориб турадиган Гулд.

Унга ғилдиракли уйчаларни қуришга туртки берган қизча уйсизлар маконида яшар, аммо социопатияга чалинган бўлиб, халққа аралашолмас эди. “Бу улар қидирган жой, ёмғирли ҳавода ҳам илиқ бўлади. Буюмлари ҳам хавфсиз сақланади”, деб изоҳлайди Питер уста.

Питер Гулд битта ғилдиракли уйчани қуришга бир ойдан камроқ вақт сарфлади. “Ҳаммалари мени қўллаб-қувватлашди ва ёрдамлашишди. Бу савобли лойиҳа”, дейди Питер амаки. У уйсизларни ҳимоялаш жамиятидан юз доллар моддий кўмак олди, қолган қурилиш материалларини ўзи топди. “Мен 600 долларча сарфладим, шекилли, аммо шуни уддалашни исташимни биламан”, деди тиниб-тинчимас Гулд.

Мовий рангли, томи қиявон уйчанинг узунлиги 180 см. “Айримлар 60-йиллар, ҳатто, 50-йиллар услубини эслатишини айтмоқда”, деди у.

Уйчани ясаш учун фақат ёғоч ва елим ишлатилган. Деворга осиладиган суратнинг рамкасидан дарча ўрнатилган. Каттакон каровотига бўйи 180 см бўлган инсон сиғади. Поли бор. Бундан ташқари нарсаларни сақлаш бўлмаси ва иситкич бор. Уйсизга бундан ортиқ яна нима керак?

Питер амаки уйчада бир неча тун ухлаб кўрди. Уйчани таърифларкан “Бу газдан ҳам хавфсиз, мен ўзим сира уйғониб кетмадим ”, дейди.

Тиркама сифатида транспортга улаб юрса бўлади. Махсус дастагидан тортиб юриш ва ҳатто ерга мустаҳкам қилиб жойлаштириб қўйиш мумкин. Гулд кейинги уйчасини велосипедда тортиб юриладиган шаклда ишлашини олдиндан эълон қилди.

“Мен янаям кўпроқ уйлар ясаб, одамларга бепулга тарқатмоқчиман”, деб айтди Питер. “Ҳамиша биродарларим ва опа-сингилларимга ёрдамлашиш йўлини излаганман, ўйлаб топган нарсам эса кўпларга сув-ҳаводек зарур”.

Our Place Society ташкилотининг коммуникация бўйича директори Грант Маккензи одамларни кўча уйчаси жуда қизиқтирганини айтди. Улар Виктория штатидаги уйсизлар муаммосига эътибор қаратиб кўмаклашиши мумкин.

“Мен бунинг катта имкониятини кўряпман! Биз одамларни тўплаймиз ва бу муҳим масалани ҳал қила оламиз. Умуман олганда, бу, ҳақиқатан, қойилмақом ғоядир”, дейди Маккензи. У уйсизлар маконлари тўлиб кетганидан одамлар ҳар хил бошқа жойларда яшаётганини қайд этиб ўтди.

Маккензи чодирли қишлоқчада яшовчи одамларга ёрдам бермоқчи бўлган кўнгиллиларни тўплади. Маҳаллий коллеж талабалари эса янги уйчаларнинг прототипини қуришяпти.

Виктория штати ҳукумати бундай уйчалардан ташкил топган бутун бошли қишлоқча қуриш ҳақида бош қотиряпти.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Мавзу:

#Қизиқ

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"