Tesla Motors асосчисининг битмас-туганмас режалари

Изоҳ

Бу одамни танийсизми? Танимасангиз, унда танишинг — Элон Маск. 45 ёшда. Инженер, тадбиркор ва инвестор. Аммо кўпроқ уни Tesla Motors электромобиль компанияси эгаси сифатида танишади. Маскни телба инженер дейишади. Йўқ, у шоу-бизнесга аралашмайди. Элон келажакни яратишга иштиёқманд. Мақоламизда Элон Маскнинг аввалги, бугунги ва келажак лойиҳалари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ер қазувчи

Келинг, гапни Элон Маскнинг режаларидан бошлаймиз. Тадбиркор тоннел қазишни режалаштирмоқда.

У ўз лойиҳаси тўғрисида “Твиттер”да “Трафикдан ақлим шошади. Мен бурғиловчи машина ясаб, кавлашни бошламоқчиман…”, деб ёзди. У бизни йўлдаги тиқинлардан халос қилмоқчими? Шу куннинг ўзидаёқ ижтимоий тармоқда ҳазиллашмаганлигини ёзди ҳамда “Аслида мен бу ишни бажариш тараддудидаман”, деб қўшиб қўйди.

Кейин эса компаниянинг слогани муҳокама қилинди. Компания номи тўғрисидаги таклифлардан бири — The Boring Company (“Бурғилаш компанияси”, уни “Зерикарли компания” деб ҳам ўгириш мумкин) бўлиб, слоган Boring, itʼs what we do (“Бурғилашдир бизнинг ишимиз” ёки “Зерикишдир бизнинг ишимиз”). Элон, ҳатто, “Твиттер” саҳифаси тавсифини ҳам “Tesla, SpaceX, Tunnels (yes, tunnels) & OpenAI”га ўзгартирди. Аммо лойиҳа ҳақида батафсил бирор нарса эълон қилмади. Electrek нашри ёзишича, гап Hyperloop поездининг тоннеллари ҳақида боряпти.

OpenAI

Маск фантаст адиб Айзек Азимовнинг ижодидан илҳомланганини яширмайди. Шунинг учун унинг сунъий идрокка доир лойиҳалари олдида замон масаласи турибди. Маск инсонга ҳамроҳ сунъий идрок яратувчи OpenAI номли очиқ нотижорий компанияга асос солди. Унинг таъкидлашича, ташкилотнинг очиқлиги бошқарувнинг бир киши қўлида тўпланишига йўл қўймайди. Ҳозирча, OpenAI сунъий идрок яратиш йўлида катта ютуқларга эришмади, унда ўнтача мутахассис фаолият юритмоқда.

Hyperloop

Вакуумда ҳаракатланувчи электрли поезд ғоясини Элон Маск 2012 йилда маълум қилган.

АҚШ ҳукумати Лос-Анжелес ва Сан-Францискони боғловчи California High-Speed Rail тезюрар темир йўли қурилишини лойиҳалаштирган бўлиб 2029 йилга битиши лозим эди. Маск поезд жуда секин ҳаракатланишини (соатига 322 км) ва лойиҳа қимматлигини (68,4 млрд доллар) танқид қилди ва 2013 йилда таклиф сифатида Hyperloop поезди лойиҳасининг 58 саҳифали “алфа-версияси”ни тақдим этди.

Hyperloop йўловчилари капсулалар ичида ўтиради. Улкан пўлат қувур ичидаги вакуумда капсулалар шодаси самолётдан 2 баробар, тезюрар поезддан 3-4 баробар тезроқ ҳаракатланади. Лос-Анжелесдан Сан-Францискогача бўлган 561 км йўлни ярим соатда босиб ўтади. Hyperloop ҳукуматнинг California High-Speed Rail поездидан 10 баробар арзон, чунки қуёш энергиясидан қувватланади. Қатнаш интерваллари қисқа.

Ғояни амалга оширишга иштиёқмандлар дарров топила қолди. Бир гуруҳ энтузиастлар мустақил тарзда ишга киришиб кетди. Зум ўтмай Hyperloop Transportation Technologies Inc (HTT) ва Hyperloop Tech, кейинроқ Hyperloop One (H1) деб аталган компаниялар вужудга келди. Биринчи компания Калифорния штатида саккиз километрли трасса қурмоқчи, бундан ташқари, Братиславани Вена ва Будапешт билан боғлашни мақсад қилган. H1 эса Лас-Вегасдан Тинч океани қирғоғигача ҳамда Абу-Дабидан Эл-Айнгача (БАА) 150 кмли вакуумли йўл барпо этишни режалаштирган. Элон Маск гарчи Hyperloop лойиҳасида қатнашмаслигини айтган бўлса-да, 2015 йилнинг январида унинг SpaceX компанияси Техасда беш километрли трасса барпо этаётганини тан олди.

2016 йилнинг май ойида Hyperloop лойиҳасида сезиларли қадам қўйилди. H1 компанияси Невадада вакуумли поезд аравачасини синовдан ўтказди. Чизиқли электромотор ўрнатилган “чана” (муаллифлар аравачани шундай атади) соатига 168 км тезликда ҳаракатланди. Бир сониядаёқ 100 км/соат тезликка эришди. Синов очиқ ҳавода ўтказилди. H1 йил охиригача “чана”ни 1200 км/соат тезликда ҳайдашга ваъда берганди, бироқ 2016 йил тугади ҳамки, бирор янгилик эшитмадик.

SpaceX

Элон Маск SpaceX компаниясини 2002 йилда ташкил этганига қарамасдан 2008 йилда NASA билан шартнома тузгунигача танилмади. Компаниянинг ўз олдига қўйган вазифаси фазога парвозларни ҳаммабоп, учиш аппаратларини кўп марталик қилишдир. SpaceX бу ишнинг уддасидан чиқди. Компания инженерлари Falcon 1 ва Falcon 9 ракета ташувчиларини ҳамда Dragon фазовий юк кемасини ясади.

2008 йилда SpaceX ракета ташувчини муваффақиятли учирди. 2010 йилда Dragon кемаси орбитага муваффақиятли олиб чиқилди ва ерга қайтди. 2012 йилда Халқаро фазовий станция билан туташган биринчи хусусий ҳаво кемаси бўлди. 2015 йилда SpaceX компанияси Falcon 9 ракета ташувчисининг биринчи бўлагини ерга муваффақиятли қўндирди ва ундан кўп марта фойдаланиш мумкинлиги қисман исботланди. Бир йил ўтиб Falcon 9 ракета ташувчисининг биринчи бўлаги денгиз платформасига бешикаст қўнди.

Маск учун SpaceX фазога ҳамёнбоп парвозларгина эмас, янги сайёраларни тадқиқ этиш имкони ҳамдир. Элон Маск Марс сайёрасини ўзлаштиришга бел боғлаган. Бир йил муқаддам у “қизил сайёра”га биринчи меҳмонларни учиришни 2020-2025 йилларга мўлжаллаганини маълум қилган.

“Астероид ёки катта вулқон бизни йўқ қилиб юбориши мумкин. Бунинг устига динозаврларнинг етти ухлаб тушига кирмаган хатарлар оёғимиз остида: сунъий яратилган вирус, физик эксперимент натижасида тасодифан юзага келган қора туйнук, глобал исиш ҳалокати ёки бугун номаълум бўлган бошқа бирор бузғунчи технология туфайли йўқ бўлиб кетишимиз мумкин. Инсоният тараққий топиши учун миллион йиллар керак бўлди, бироқ сўнгги олтмиш йилда атом қуроли сабабли одамзод ўзини ўзи қириб ташлаши эҳтимоли туғилди. Эртами-кечми ҳаётимиз яшил-мовий шар доирасидан чиқиши ёки биз ўлишимиз керак”, дейди Маск 2015 йилдаги интервьюларидан бирида.

Tesla Motors

Tesla Motorsнинг муваффақиятлари ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилмоқчи эмасмиз. Зотан электромобилсозларнинг янги ютуғи ҳақида ҳар ҳафта бирор янгиликдан хабардорсиз. Аммо-лекин энг илғор технологияларни амалда қўллашига қарамасдан ҳар йили зарар кўриб ишлашидан хабардормисиз? 2015 йилда энг кўп 900 млн доллар йўқотганини биласизми?

Ҳа, катта зарар, аммо Элон Маскнинг компанияси давлат ёрдамини олади: Невада штати солиқ имтиёзлари берган, Калифорния штати электрокарларни қўллаш бўйича қонунчилик доирасида 500 млн доллар ажратган, АҚШнинг Энергетика вазирлиги 465 млн доллар кредит берган, бунинг устига кўплаб янги русумларга олдиндан тўлов амалга ошириб турилади. Келажакда эса Маскнинг кетмони янада баландроқ учади: янги президент Трамп уни иқтисодиёт бўйича маслаҳатчи этиб тайинлади.

Икки йилдан сўнг Tesla йилига ярим миллион электромобиль чиқара бошлайди, батарея ишлаб чиқариш фабрикаси қуради, йиғувчи заводларни кўпайтиради ва ўз станцияларида бепул зарядлашни бекор қилади. Афтидан, Маск ўзининг энг муваффақиятли лойиҳасидан пул ишлашни ўшанда бошлайди.

Solar City

Solar City компаниясига 2006 йилда ака-ука Питер ва Линдон Райвлар асос солган. Аммо бизнес ғояни уларга амакиваччаси Маск берган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида Маск раҳбарликни қўлига олган.

Компания ташкил топганидан бир йил ўтиб, Калифорнияда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида етакчилар қаторига ўтиб олди. 2009 йилда эса Solar City компанияси SolSource Energy бизнесини сотиб олди ҳамда “Тесла” русумлари учун электромобилларни зарядлаш станциялари қуришни бошлади.

X.com

Аслида ҳаммаси шундан бошланган. Элон Маскнинг тижорий салтанатига биринчи ғишт X.com лойиҳасида қўйилган. 1996 йилда ҳали танилмаган ихтирочи Zip2 компаниясини ташкил қилди. У янгиликлар тарқатувчи компанияни дастурий таъминлашга ихтисослашганди. Компаниянинг иши юришиб кетди ва уч йил ўтгач 308 млн долларга сотилди. Савдодан тушган маблағнинг бир қисмини Маск X.com лойиҳасига сарфлади. X.com шахсий электрон пулларни электрон почта орқали юборишга ихтисослашган лойиҳадир.

2000 йилда X.com компанияси PayPalнинг бўлинмаларидан бири Confinity фирмаси билан бирлашди. Кўп ўтмай барчасининг номи умумий PayPalга ўзгарди ҳамда 2002 йилда бир ярим миллиард долларга сотилди. 11,7 фоиз акция эгаси бўлган Маскка 165 млн доллар тегди. Бу маблағ фазовий компания SpaceX ва электромобилсозлик компанияси Teslaни ташкил этиш учун бошланғич сармоя бўлди.

motor.ru асосида тайёрланди

Бакир Назаров

Муаллиф

Бакир Назаров

Carzone.uz сайтининг фаол муаллифлардан бири. Автомобилни ҳашамат эмас, транспорт воситаси деб қарайди. Ҳаётдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир".

Кейингиси

Сўнгги Мақолалар

post Муҳокамага қўшилинг