Faraday Future 1050 от кучига эга электрли кроссоверини тақдим этди

Изоҳ

Tesla Motors билан курашга бел боғлаган Faraday Future фирмаси биринчи қалдирғочини расман намойиш қилди. Электрли кроссовер номи FF 91. Зарядсиз 700 км йўл босишга қодир электромобиль премьераси Лас-Вегасдаги CES истеъмолчи электроникаси кўргазмасида бўлиб ўтди.

Кроссовер узунлиги 5,2 м, кенглиги 2,28 м, бўйи 1,59 м. Ғилдираклар базаси 3,6 метрга етади. Автомобиль Faraday Future компаниясининг ўзи ясаган модул платформасига қурилган. Осмаси адаптив, шассиси тўла бошқарилувчи. 96 км/соат тезликка етишиши учун 2,39 сония кифоя қилади. Бу Ferrari 488 GTBдан тезроқдир.

Аэродинамик қаршилик коэффициенти 0,25ни ташкил этади. Таққослаб кўринг: Toyota Prius ва Tesla Model Sда бу сон 0,24. Юқори тезликда ҳам аэродинамик коэффициентни сақлаш учун, ҳаттоки, ғилдирак дискларигача ишлов берилган.

Кроссоверга ўрнатилган тўрт электромоторнинг жами қуввати 1050 от кучига тенг. Электромоторлар Faraday Future ва LG Chem ишлаб чиқарган литий-ионли батареялардан қувват олади. Сиғими 130 киловатт•соат. “Тесла”да бу миқдор 100 киловатт•соатга тенг.

Машинани 110 ёки 240 волтли зарядлаш мосламаси ёрдамида хонадонда қувватлаш мумкин. Энг яхши варианти батареяни 4,5 соатда зарядлаш имконини беради. Компания вакиллари ўз электромобилини дунёнинг исталган бурчагида зарядлаш мумкинлигини айтиб мақтанмоқда.

FF 91 автопилот тизимига эга. Датчиклари “Тесла”никидан кўпроқ. 10 камераси, 12 ултратовушли датчиги, 13 махсус радари ва оптик масофа ўлчагич LIDAR бор. LIDAR ҳаракатланиш чоғида капотдан чиқиб туради (расмга қаранг).

Машина автотураргоҳга ўзи мустақил жойланади ва эгасининг олдига боради. Шунингдек, эгасининг юзини танийди. Ўрта устундаги камералар юзни танибгина қолмасдан эмоцияни ҳам сезади ҳамда аудиотизим ва ўриндиқлар массаж дастурини унинг кайфиятига мослайди.

Мўъжизакор машинанинг хусусиятлари фақат шугина эмас. FF 91 интернетга боғланади. Панорамали шиша томини қорайтириш мумкин. Суянчиқлари 60 градусгача эгилади.

Компания ўз сайтида олдиндан буюртмаларни қабул қила бошлади. Олдиндан тўлов 5 минг доллар, аммо тўлиқ нархи эълон қилинмади. Тахминларга кўра нархи 150-200 минг доллар бўлиши мумкин. Дастлабки махсус комплектацияли 300 кроссовернинг салони ва кузови эксклюзив тусда бўлади.

Кроссовер Faraday Futureнинг Невададаги ўз заводида йиғилади. Буюртма берганлар 2018 йилда машинани олишлари мумкин.

Бакир Назаров

Муаллиф

Бакир Назаров

Carzone.uz сайтининг фаол муаллифлардан бири. Автомобилни ҳашамат эмас, транспорт воситаси деб қарайди. Ҳаётдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир".

Кейингиси

Сўнгги Мақолалар

post Муҳокамага қўшилинг