Audi сунъий идрокли кроссовер ясади

Audi сунъий идрокли кроссовер ясади

Лас-Вегасдаги кўргазма янгиликларини давом эттирамиз. CES истеъмолчи электроникаси кўргазмасида Audi ва Nvidia компаниялари сунъий идрокка эга ҳайдовчисиз Q7 кроссоверини тақдим қилди. Унинг автопилот тизими машина ҳайдашни одамдан “ўрганган”.

Бир оз тарихга қайтамиз. 2016 йилда “Ауди” Q2 кроссоверининг сунъий идрокли вариантини 1:8 миқёсда ясаган. Унга ўрнатилган тизим инсон хатти-ҳаракатига тақлид қилади: ўрнашса бўладиган жой излайди, ўзи жойланишга ҳаракат қилади.

Прототипга камералар аввалбошданоқ ўрнатилган. Улар инсоннинг ҳаракатларини ёзиб олади ва тизим “кўрганларини” солиштиради. Шу йўл орқали машина ҳайдашни ва йўлдаги вазиятни ўрганиб боради.

Концептнинг олдига ўрнатилган икки мегапикселли камера қабул қилган тасвирга Nvidia фирмасининг процессори ишлов беради. У автоном ҳаракатланиш вақтида рул учун масъулдир.

Автопилотнинг ишлашини намойиш этиш учун уни ёпиқ майдончага киритиб йўлдаги вазиятлар турлича кўйга солинди. Автоматик тизим йўлида пайдо бўлган тўсиқларни айланиб ўтишга муваффақ бўлди.

Nvidia билан ҳамкорлик қилаётган “Ауди” ўзининг фахрий A8 седанининг янги авлоди учун автопилот тизими тайёрламоқда. Янги A8 тиғиз йўлларда  ҳам мустақил тарзда соатига 56 км тезликда ҳаракатланади. Унинг премьераси шу йилнинг кузида Франкфурт автосалонида ўтказилади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"