Миср ўта арзон автомобиль ишлаб чиқармоқчи

Миср ўта арзон автомобиль ишлаб чиқармоқчи

Миср автосаноатчилари мамлакатнинг ўзида ўта арзон автомобиль ишлаб чиқаришни ваъда қилмоқда. Автомобиль 2017 йилда кўрсатилишини “Ал-Аҳрам Эбдо” нашри ёзди.

Бўлғуси автомобилнинг техник тавсифи, ўлчами, ҳаттоки, номи сир тутилмоқда. Бироқ тақдим этиш санаси шу йилнинг 30 июнига белгилаб қўйилган. “Ан-Наср” корпорацияси хорижлик конструкторлар билан бу борада музокара олиб бормоқда.

Маркетинг мутахассислари 92 млн аҳолига эга мамлакат ўз автомобилини аллақачон ишлаб чиқариши лозим эди, деб ҳисоблайди. Янги автомобилни аҳоли талашиб харид қилишига ҳеч ким шубҳаланмайди. Мисрлик ҳайдовчиларнинг машина ўлчами, қиёфаси бўйича хоҳиш-истаклари ўрганилди.

Таҳлилчилар Миср Яқин Шарқнинг автомобилсозлик марказига айланиши мумкинлигини истисно этишмайди. Чунки давомли инқирозларни бошдан ўтказган мамлакатда ишчи кучи жуда арзон.

Мисрда четдан машина олиб келишга катта бож тўловлари жорий этилган. Мамлакат ичидаги автомобилсозлик компанияси ҳеч қандай рақобатчиларсиз фаолият юритиши шубҳасиз.

Аввалроқ Миср ОАВлари ҳиндларнинг Nano авторусуми нусхаси олиниши эҳтимоли ҳақида ёзган. Nano иссиқ иқлимли мамлакатларга мўлжалланган, юқори ҳароратга бардошли автомобиль. Двигатели орқасида, радиатори вентиляторга эга. Қисмлари пластикдан ясалган ҳинд автомобилининг арабча варианти металлдан тайёрланади. Ўлчами кичик, аммо салони кенгроқ бўлади. 1 литр бензин 30 км масофага етади, энг юқори тезлиги соатига 90 км. Миср мини автомобилига совутадиган ва иситадиган функцияли кондиционер ўрнатилади. Мисрликлар уни бўлиб тўлаш йўли билан харид қилиши мумкин.

Nano

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"