Ўтмишга қайтиб: аэропортнинг улкан седани

Изоҳ йўқ

Суперседан тўғрисида гап кетса, президентларнинг зирҳланган лимузинлари ёки Rolls-Royce Phantom эсланади. Аммо улардан олдин шундай паҳлавон седан бўлганки, унинг олдида “Фантом”лар боғча боладек бўлиб қолади. Тўғри, у аэродром седани, аммо нима бўлганда ҳам седанмисан, седан. Аниқроғи, мегаседан. Бугунги ҳикоямиз седанларнинг “додаси” ҳақида.

Ушбу расмда улкан седан дунёдаги биринчи товушдан тез учувчи Ту-144 лайнерини судрамоқда. Автомобиль зўр бериб тортаётгани сезилади, чунки самолёт вазни 91 тоннага тенг.

“Аэрофлот” буютмаси асосида

Гап МАЗ-541 номли аэродром машинаси ҳақида кетяпти. Уни Минск автомобилсозлари 1956 йилда ясай бошлаган. Бу автомобиль Ту-104, Ту-114 ва Ил-18 каби йўловчи лайнерларининг янги авлоди билан бирга ишлаши учун тайёрланган. МАЗ-541 фақатгина бўйи эмас, вазни билан ҳам турдошларидан анча устун эди. Шатакчи автомобиль бўш ҳолда вазни 85 тоннани ташкил қилган Ту-114 самолётини тортиши лозим. Бундан аввал самолёт судраш учун армиянинг ракета ташувчи машиналари жалб этилган. Аммо улар габарити, хусусан бўйи баландлиги учун самолётга тегиб кетиши мумкин эди. Қолаверса, аэродромда ҳарбий машина ўралашиб юрса кўрганлар нима дейди?

Узунлиги 7797 метр, кенглиги 3400 метрли МАЗ-541 автомобиллар тарихига энг оғир ва катта шатакчи седан сифатида кирган.

Минск автозаводи конструкторлари “Аэрофлот”нинг барча истагини инобатга олиб, машинани кенг ва пакана қилиб ясади. Пакана автомобилнинг самолёт билан тўқнашиб кетиш хавфи йўқ. У тўла узатмали, олд кўпригини узиб қўйса бўлади. Ўриндиқлари ва рули иккитадан. Лайнерни шатакка олишни осонлаштириш учун қолган бошқарув элементлари ҳам иккитадан қилиб ишланган.

Танк двигатели билан

МАЗ-541 жуссаси улканлиги билангина эмас, 28 тоннали вазни билан ҳам тенгсиз эди. Одатий юк машиналарининг мотори унга тўғри келмаслиги тайин. Шу сабабли автомобилга машҳур Т-34 танкининг 12 цилиндрли В-2 дизел двигатели ўрнатилди. 38,8 литр ҳажмли двигатель қуввати 500 от кучига тенг. Уч тезликли узатмалар қутиси ўрнатилган. МАЗ-541 30 км/соатгача тезликда ҳаракатлана олар, ёнилғи сарфи эса юз кмга 120 литрни ташкил этарди.

Икки хил рангли кузови, ғилдиракларининг диаметри тракторники каби ҳар хиллиги, радиаторининг хромланган панжараси ва тўрт фараси МАЗга ўзига хос кўриниш берарди.

Шатакчи седаннинг орқа ғилдираги МАЗ-525 карьер самосвалиники бўлса, олд ғилдираги ЯАЗ-214 юк машинасига тегишли. Бунга сабаб асосий юк орқага тушишидир. Қолаверса, йирик орқа ғилдираклар машинани ерга яхшироқ илаштиради.

Эллигинчи йилларнинг охири, олтмишинчи йилларнинг бошларида Совет Иттифоқи ўзининг буюк мамлакатлигини намойиш этишга ҳаракат қилаётганди. “Шереметьево” аэропортига келиб тушган хорижликлар, нафақат, совет лайнерларини, балки советларга хос аэродром техникасини учратарди. МАЗ-541 ўз замонаснинг илғор оптикасига эга, радиаторининг хромланган панжараси уни янада кўркам кўрсатарди. Албатта, бугунги кун назаридан қараса, МАЗ-541 бедаво темиртакка ўхшайди, бироқ ўз даврининг энг ажойиб аэродром шатакчиси бўлган.

Бўйи пастлиги учун МАЗ-541 барча турдаги самолётлар остида ишлай олган.

МАЗ седани аэропортда ўн йилдан ортиқ ишлади. Ту-154 ва Ил-62 вужудга келгач, янада кучлироқ шатакчига эҳтиёж туғилди. 1970 йилда ўз синфидаги ягона шатакчи седан истеъфога жўнатилган. “Аэрофлот” эса шатакчи ясашга буюртма беришни бас қилган. Ҳаммаси бўлиб учта МАЗ-541 тайёрланган бўлиб, уларнинг кейинги тақдири номаълум, утилизацияга топширилган бўлиши мумкин.

auto.mail.ru асосида тайёрланди

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/carzoneuz

Бакир Назаров

Муаллиф

Бакир Назаров

Carzone.uz сайтининг фаол муаллифлардан бири. Автомобилни ҳашамат эмас, транспорт воситаси деб қарайди. Ҳаётдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир".

Кейингиси

Сўнгги Мақолалар

Изоҳ ёзиш

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *