Журналистлар Детройт кўргазмасининг энг кўримсиз экспонатини аниқлади

Журналистлар Детройт кўргазмасининг энг кўримсиз экспонатини аниқлади

Американинг VLF Automotive компанияси Детройтга олиб келган авторусум танқидлар ёмғири остида қолди.

VLF Automotive номли кичик фирмани General Motorsнинг собиқ президенти Боб Лутз 2012 йилда ташкил қилган. VLF баҳоси 229 минг доллар турадиган Destino спортседани билан шуҳрат қозонган. Уларга биргина седаннинг шуҳрати камлик қилди ва йўлтанламас тайёрлашга киришди.

Бироқ янги туғилган “иркит ўрдакча” кўзни қувонтирмади. VLF йўлтанламасини журналистлар бир овоздан “Детройт автосалонининг энг хунук автомобили” деб топди.

Бунинг учун жиддий асослар бор. Машина худди гаражда қўлда йиғилганга ўхшайди. Йиғилганлар уни “чала хаммер” деб атади.

VLF X-Series йўлтанламаси асосида Chevrolet Colorado агрегат базаси ётибди. Аслида VLF Automotive янги кузов қўйган, осма ва салонга ишлов берган холос. 3,6 литрли, 6 цилиндрли, бензинли мотор қуввати 305 от кучига тенг.

Қизиғи шундаки, бу йўлтанламас АҚШ ҳудудида сотилмайди, Европа ва Осиёга экспорт қилиш учун мўлжалланган. Бир йилда 200-300 автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилган. Нархи 70 минг доллардан бошланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"