Европанинг энг харидоргир автомобили аниқланди

Европанинг энг харидоргир автомобили аниқланди

2016 йил натижаларига кўра Европада энг серхаридор автомобиль Volkswagen Golf бўлиб чиқди. “Бўлиб чиқди” дейиш бир оз ноўрин, чунки кутилмаган натижани қарши олганимиз йўқ. Саккиз йилдан бери Golf Европадаги энг харидоргир автомобиллигича қолмоқда. “Автостат” JATO Dynamics компанияси маълумотига таяниб бу хабарни тарқатди.

Ҳаттоки, автобозорда савдо сусайганига қарамасдан Golf етакчиликни сақлаб тургани аҳамиятлидир. Ўтган йили Европа бозорида 492 952 дона “Голф” сотилган бўлиб, бу 2015 йилги кўрсаткичдан 7,8 фоизга камроқдир.

Иккинчи ўринда Renault Clio бўлиб, у 315 115 дона сотилган (+3 фоиз). Учликка Volkswagen Polo якун ясайди: 308 561та сотилган, 1,9 фоизлик ўсиш.

Ford Fiesta 300 528 дона сотилганлиги билан рўйхатнинг тўртинчи поғонасидан жой олди (-4,4 фоиз). Бешликда 264 844та сотилган Opel /Vauxhall Corsa ҳам бор (-1,9 фоиз).

Европаликлар ёқтирган автомобиллар ўнлигида юқорида саналганлардан ташқари Opel/Vauxhall Astra (253 483 дона, +29,6 фоиз), Peugeot 208 (249 047 дона, +8 фоиз), Nissan Qashqai (234 340 дона, +0,9 фоиз), Skoda Octavia (230 255 дона, +5,6 фоиз) ва Renault Captur (217 105 дона, +11,1 фоиз) русумлари бор.

Шундай қилиб, 2016 йилда Европада 15 млн 131 минг 719та машина сотилиб, савдода олти ярим фоизлик ўсиш кузатилди. Европа автобозори қаторасига уч йилдан бери мусбат динамикани намойиш этмоқда.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"