Ўзбекистонда аҳолига транспорт хизмати кўрсатилиши тубдан яхшиланади

Ўзбекистонда аҳолига транспорт хизмати кўрсатилиши тубдан яхшиланади

Қонунчилик ҳужжатларини баҳолаш тизими порталида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси тақдим этилди, дея хабар қилмоқда Kun.uz.

Унга кўра, арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилишда аҳолининг, энг аввало, ёш оилалар, эскирган уйларда яшовчилар ва фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бошқа тоифаларининг яшаш шарт-шароитларини имтиёзли шартларда ипотека кредитлари ажратиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқ жойларида арзон уйларни қуриш орқали янада яхшилаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, коммунал-маиший хизматлар билан таъминланганлик даражасини ошириш, энг аввало, янги сув ўтказиш тармоқларини қуриш, замонавий тежамкор ва самарали технологияларни босқичма-босқич жорий этиш орқали қишлоқ жойларида аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишини тубдан яхшилаш; одамлар яшашининг экологик хавфсизлигини таъминлаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш комплексларини қуриш ва модернизация қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолини чиқинди йўқ қилишнинг замонавий объектлари билан таъминлаш; аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш, йўловчи ташиш хавфсизлигини ошириш ва атмосферага зарарли ифлослантирувчи моддаларни қисқартириш, янги ҳар томонлама қулай автобусларни сотиб олиш, автовокзал ва автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ҳамда кўзда тутилган.

Шунингдек, йўл инфраструктураси қурилиши ва реконструкция қилинишини жадал давом эттириш, энг аввало, минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, аҳоли пункти кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш; янги электр ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш асосида аҳолини электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш, паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш, шунингдек, аҳолини бошқа ёқилғи-энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш; театр-томоша, маданий-маърифий ташкилотлар ва музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳам назарда тутилган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.