Келажакда биз кўникадиган тўққиз технология

Келажакда биз кўникадиган тўққиз технология

Дунё ўзгарувчан, хусусан, технология дунёси. CES истеъмолчи электроникаси кўргазмасида намойиш этилган автомобилга оид янгиликлар Детройт экспонатларидан ҳам қизиқарлироқ кўринади.

Жойлашиб ўтириб олинг. CES (International Consumer Electronics Show) кўргазмасининг янгича қурилмалари ҳақида ҳикоямизни бошлаймиз.

Одамлар автомобиль ҳайдаш нималигини унутади

Автопилот шундоққина олдимизда турибди. Автомобиль инженерлари ҳамжамияти (SAE) автоматлаштириш даражасини нолдан бешгача шкала билан ифодалайди. Бунда 0 – автоматлаштиришнинг мутлақо йўқлиги бўлса, 5 – ҳайдовчи бошқаруви умуман керак бўлмайдиган автоном машинадир. Дейлик, Tesla ҳозир учинчи босқичда, Ford эса тўртинчи поғонага муносиб машинани кўрсатди.

Fusion седанига ўрнатилган янги авлод лидарлари 180 метрни “кўради” (аввалги лазерли радарлар 60 метрни “кўрган”). Бундан ташқари “мияси жуда ўткир”. “Тесла” мураккаб вазиятга дуч келганда “саросимага тушиб”, бошқарувни ҳайдовчи измига топширади ёки тўхтаб қолади, автоном “Форд” эса инсонни огоҳлантирганча ҳаракатланишни давом эттиради.

Компютер пойгалари ҳақиқий пойгага айланади

Кўпчилик маркалар ўзининг киберпойгачилар жамоасини тўплаган. Улар компютер ўйинларининг трассаларида мусобақалашади. Ҳақиқий пойгачи “компютерчи”дан осонгина ўзиб кетади, деб ўйламанг, CES вақтида “электрон пойга” ҳам ўтказилди ва унда “Формула”нинг ҳақиқий пойгачиси Феликс Розенквист иккинчи ўринда келди. Ҳа, виртуал пойгачилар билан ҳазиллашиб бўлмайди.

Бундан ташқари симрейсерларга (компютер пойгачиларининг замонавий номи) мўмай пул тўлашади. Visa Vegas eRace чемпионатида 20 ёшли киберспортчи Боно Гюис биринчи ўрин учун 200 минг доллар мукофот олди. Унинг рақиби Дэвид Греко даврани яхши айлангани учун 10 минг долларли бўлди.

Мотоциклдан ҳеч ким йиқилиб тушмайди

Honda инженерлари икки ғилдиракли мотоцикл йиқилмасдан мувозанатини сақлашининг йўлини топишди. Мотоциклнинг электроникаси датчиклар маълумотига асосланиб, вилкасини доимо буриб туради, натижада мотоцикл йиқилиб тушмайди. Бундан ташқари, 5 км/соатдан кам тезликларда мотоцикл оғирлик марказини ростлаш учун вилканинг эгилиш бурчагини камайтиради.

Шахсий транспорт тушунчаси йўқолади

Сиз ишга машинангизда келиб бино олдига қўйдингиз. Тушлик вақти бўлди, айтайлик, машинангизда овқатлангани жўнадингиз. Кечқурун эса уйингизга қайтдингиз. Натижа: сиз машинангиздан кўпи билан уч соатча фойдаландингиз холос. Шунинг учун “райдшеринг” (бошқача номи “карпулинг”) ва “каршеринг” номли технологиялар ўйлаб топилган.

Ҳозирданоқ йўлда ҳамроҳларни топишда ёрдамлашувчи ўнлаб хизматлар ташкил этилмоқда. Қолаверса, йўл харажати мутаносиб тақсимланади ва барча учун мақбул йўналиш танланади. Бу райдшеринг деб аталади. Агар машина тўла автоном бўлса, уни муайян вақтга арзон нархда осонгина буюртма қилишингиз каршеринг бўлади.

Автомобиллар тезланиш олиши яхшиланади

Илгари 5 сонияда 100 км/соат тезликка эришиш қимматбаҳо спорткарларга хос тезланиш эди. Аммо электромобиллар юзага келиши билан бу кўрсаткич ўзгарди. Масалан, Tesla Model Sнинг P100D номли энг яхши модификацияси 96 км/соат тезликка чиқиши учун… 2,4 сония керак.

Яна бир мисол кўргазмада тақдим этилган Faraday Future кроссоверидир. Сотиладиган версиясига 1050 от кучига эга электромоторлар ўрнатилади. Бу мотор билан машина 96 км/соат тезликка 2,39 сонияда чиқади. Айтилишича, заряди 608 км йўл босишга етади. “Фарадей”ни ишлаб чиқариш 2018 йилдан бошланади.

Электроникани бошқаришда голограмма қўл келади

BMW компанияси сенсор экранни сийпалаш ёки камерага қўл билан ишора қилиш эскирди, деб ҳисоблайди. Келажак сезгир голограммаларникидир. Тасаввур қилинг: қаршингизда фазовий тарзда аксланган катта ва қулай менюнинг виртуал тугмаларини босиб, ҳаводан буйруқ беряпсиз.

Автомобиль хўжалик ишларида ёрдам беради

“Форд” Amazon компанияси ёрдамида тайёрланган Alexa овозли ёрдамчиси билан интеграциялашувини эълон қилди. Даставвал “Алекса” масофадан туриб эшикларни очиш ва ёпишда, двигателни ўт олдиришда ёрдам берган бўлса, энди рулда ўтирганча унга савол бериш имконияти пайдо бўлади. Қизиқарлими? Бу бошланиши холос.

Келажакда Alexa эгасини ресторанга олиб бориши ёки ўқувчини мактабдан олиб келиши мумкин. Бу уй бекаларининг орзуидир (хусусан, эри кўп ичадиган уй бекаларининг). Тасаввур қилинг: машина ўзи мактаб ёки боғчага боради, болани кутади, уни олгач, эшикларни ўзи ёпганча уйга қайтади. Маълумот учун: ўртача европалик ҳайдовчи бир йилнинг ўн кунини автомобиль рулида ўтказади.

Машина транспорт эмас, ёрдамчига айланади

Автомобиль билан гаджет орасидаги фарқ тобора йўқолиб бормоқда. Автоном тизим, сунъий идрок ва илғор мултимедиа қурилмалари ҳаракатланиш воситаларини ақллилаштириб қўйди. Шунинг учун CES электроника билан бойитилган машиналар учун жуда мос кўргазма ҳисобланмоқда.

Автомобилнинг бошқарилувчанлиги, осмасининг хусусиятлари муҳокама мавзуига айланишдан тўхтайди. Агар машинани автопилот бошқарса, нима ҳақида гаплашамиз? Электроникаси, қўшимча ёрдамчи технологиялари ҳақида, албатта.

Мултимедиа тизими шифокорнинг ўрнини босади

Hyundai Motor  “Health + Mobility” (“Саломатлик+мобиллик”) концепциясини намойиш қилди. Интерфаол технология датчиклар ёрдамида йўловчилар соғлиғини назорат қилади. Бетоблик аломати сезилганда шифокорга учрашни маслаҳат беради, руҳий сиқилиш белгиси намоён бўлганда эса салонда “стрессни йўқотадиган шароит” яратади.

auto.mail.ru мақоласи асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"