Хитойда кам таъминланганлар учун электромобиль ишлаб чиқарилади

Хитойда кам таъминланганлар учун электромобиль ишлаб чиқарилади

Кам таъминланган иборасини қўллаш бир оз ғалати, аммо мазкур электромобиль унча бадавлат бўлмаган ва махсус зарядлаш станциясидан фойдалана олмайдиган аҳоли учун тайёрланганини айтиб ўтиш керак.

Chehejia стартапини Кевин Шен, Жонни Ли ва Ли Сянь исмли тижоратчилар ташкил қилган. Ли Сянь гиперкар ишлаб чиқарувчи NextEV фирмасининг асосчиси саналади. Аммо Ли Сяннинг гиперкари бадавлат кишилар учун бўлса, янги икки ўринли электромобили чўнтаги қаппаймаган харидорлар учун. У мотоциклдан озгина қиммат холос.

Chehejia SEV деб аталган бу электромобиль айнан кўпқаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларга мўлжаллаб чиқарилади. Уларнинг кўпчилигида электромобилини автотураргоҳда ёки бошқа жойда зарядлаш имкони йўқ. Шунинг учун инженерлар янгича ечим ўйлаб топган: уйнинг ёнига машинани қўясиз ва икки батареяни ечиб, уйга олиб кириб зарядлайсиз. Ҳар бир батарея 10 кгдан тош босади ва тармоқдан оддий телефон сингари қувватлаш мумкин. Кечаси билан тўлиқ заряд олади.

Муаллифлар инновацион ечим кўплаб муаммоларни ҳал қилишига ишонади. Масалан, квартирадан ташқарига электр сими тортишга ҳожат йўқ, батареясиз электромобилни ҳеч ким ўғирлаб кетмайди. Энг муҳими, Chehejia SEV арзонгина, яъни 50 минг юан туради (7,5 минг доллар атрофида). Бу электромобиль учун паст нарх саналишини ёддан чиқарманг.

Хитой инженерлари бу билан чекланиб қолмоқчи эмас, кейинроқ машинага уч қатор ўриндиқлар ўрнатмоқчи.

Биргина муаммо сиғими юқори, аммо ҳажми кичик батареялар тайёрлашдир. Батарея сиғими қанча юқори бўлса, йўл захираси ҳам ортади. Аммо инженерлар изланишдан тўхтагани йўқ, 1-2 йилдан сўнг Chehejia электромобиллари серияли ишлаб чиқарилиши мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"