Орзуидаги автомобилни ясаган америкалик Ричард

Орзуидаги автомобилни ясаган америкалик Ричард

Қўлда ясалган машиналар ҳар жойда учраб туради. Ҳаттоки, ССРИ даврида қизиқувчан техниклар туппа-тузук қўлбола автомобиллар ясаган. Совет “Кулибин”лари машина ясаса, АҚШликлар қараб турсинми? Бу галги ҳикоямиз америкалик якка тартибдаги машинасоз Ричард Босли ҳақида.

Босли Оҳайо штатидаги Ментор шаҳарчасида яшар ва автомобилларни ишқибозлиги кучли эди. Аммо ўзи орзу қилган автомобилни тополмас, спорткарлар беҳад қиммат, уларнинг дизайни ҳам Бослини қаноатлантирмасди. Шу сабабли, машинасозликда заррача тажрибага эга бўлмай туриб 1950-йилларнинг бошларида ўзи машина ясашга аҳд қилди.

Беш йил деганда Ричард машинани ясаб бўлди. Кузови шишапластикдан ясалган машинага Chrysler Hemiнинг 6 цилиндрли двигатели ўрнатилган. Рамаси Mercuryдан, тормозлаш тизими эса Lincolnдан ўзлаштирилган. Интерьерини Ричарднинг ўзи турли элементларни йиғиб тайёрлаган. Унда, ҳатто, чиқиндилар орасидан топилган деталлардан фойдаланилган.

Бослининг қизил спорткари соатига 250 км йўл босадиган чиқди. Спорткарга 200 литрли ёнилғи баки ўрнатилган бўлиб, узоқ масофаларга йўлга чиқишга ёнилғи бемалол етарди. Ричарднинг бош мақсади ҳам тезкор ва ёнилғи баки сиғимдор машина яратиш эди. Унга Mk1 номи берилди.

Аммо Ричард Босли оддий фермер бўлиб Mk1ни серияли ишлаб чиқаришга қурби етмади. Дарвоқе, у ёш эди: 1952 йилда машина ясашни бошлаганда 19 ёшда бўлса, ишни тугаллаганда 22га тўлган.

Охир-оқибат у Mk1 спорткарини ажойиб Chevrolet Corvette SR-2 автомобилига алмашди. Bosley Mk1 шундан сўнг кўп марта қўлдан қўлга ўтди, реставрацияга учради ва охири Лос-Анжелесдаги Petersen Automotive Museum автомобиллар музейидан қўним топди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"