Олти ғилдиракли ғаройиб енгил автомобиллар

Олти ғилдиракли ғаройиб енгил автомобиллар

Автомобиллардаги қўшимча ғилдираклар нафақат йўлтанламас ва юк машиналарида асқотади, балки хэтчбек, седан, оилавий универсал ва ҳатто пойга машиналари учун ҳам ортиқчалик қилмайди. Қуйида намойиш этиладиган суратлар фикримиз исботидир.

Tyrrell P34 эҳтимол, олти ғилдиракли энг машҳур пойга автомобили бўлса ажаб эмас. Tyrrell P34 Формула 1 чемпионатининг икки мавсумида тўлиқ қатнашиб, 1976 йилда Швеция Гран присига сазовор бўлган.

Ушбу March 2-4-0 Формула пойгалари учун ишлаб чиқилган бўлса-да, уларда иштирок эта олмади. Лойиҳа ёпилишига узатмалар қутисида пайдо бўлган нуқсон сабаб бўлди.

Williams FW08B Формула биринчиликларидаги олти ғилдиракли сўнгги тажриба ҳисобланади. March моделидан фарқли равишда Williams прототипи синов вақтида тезкор ва ишончли эканини намойиш қилди. Аммо, пойгада қатнаша олмади, бунга 1983 йилда янгиланган қоидалар йўл қўймади.

Таъкидлаш жоизки, олти ғилдиракли автомобилларни фақатгина Формула 1 пойгалари кўргани йўқ. 1948-49 йилларда «Индианаполис-500» пойгасида Pat Clancy Special иштирок этган. Унинг орқа ғилдираклари етакчи бўлган.

Alfa Romeo T33/6/12 ўзига хос тарихга эга. Уч ўқли автомобилни Сильверстоундаги синов кунларининг бирида тушлик вақти ўғирлаб кетишди. Ўғрилар эса, рақиблар ёки олибқочарлар эмас, ўсмирлар эди. Машинани тезда топишди, аммо унинг мотори … афсуски, двигателни топа олишмади.

Италиянинг Covini C6W спорткари муаллифлари Tyrrell болидидан илҳомланишган. 4.2 литрли V8 мотори соатига 300 кмгача ҳаракатланиш имконини беради.

Қайд этиш жоизки, иккинчи жаҳон урушига қадар ҳам 6 ғилдиракли автомашиналар ишлаб чиқишга муваффақиятли уринишлар бўлган. Hispano-Suiza H6A Victoria Town Car шулардан бири. У Барселонада Hispano-Suiza компанияси томонидан Греция қироли Георг Иккинчи буюртмаси асосида ишлаб чиқилган.

Tissier Citroen CX автомобиль йўллари орқали юкларни зудлик билан етказиш мақсадида ишлаб чиқилган. Албатта, учинчи ўқ унинг тезлигига эмас, юк кўтариш хусусиятига ёрдам берди. СХ моделининг тез ёрдам, ғилдараклардаги уй, аэропортлар учун махсус намуналари ишлаб чиқилди.

Leotard Renault 5 муаллифи Кристиан де Леотард ҳам машинасига Tissier каби қўшимча ўқ қўшишни истади. Бунинг учун у Renault автомобилини олди. Leotard Renault 5 моделининг олти ғилдираги ҳам етакчи эди ва аксар машиналар ўта олмайдиган йўлларда ҳаракатлана оларди.

Panther 6 1977 йилда дунё юзини кўрган. Унга 8,2 литрли Cadillac мотори ўрнатилган. айтишларича, Panther 6 соатига 300 кмдан ортиқ тезликда ҳаракатлана олган. Бироқ, буни исботловчи расмий далиллар йўқ.

Mini XXL 2004 йилда фойдаланишга топширилди. Афинадаги Олимпия ўйинлари муносабати билан ишлаб чиқилган Mini 6 метрга узайтирилган. Унинг ичида мини-бар, телевизор ва икки кишилик унча катта бўлмаган ҳовузча ҳам бор.

Briggs & Stratton Gasoline/Electric Hybrid, айтиш мумкинки, ўз даврида Briggs & Stratton компаниясининг келажак автомобили борасидаги қарашларини мужассамлаштирган. Унга ўрнатилган электр қурилма ёрдамида 90 кмгача юриш мумкин эди. 2 цилиндрли бензинли мотор воситасида бу рақам 320 кмга етади.

1978 йилда намойиш қилинган Sbarro Function Car концепти Cadillac Eldorado платформасидаги мобил офис намунасидир. 3 тоннали автомобилни 8.2 литрли, 350 от кучига эга V8 мотори ҳаракатга келтирган. Унинг бортида 4та улкан ўриндиқ, иш столи, телевизор ва телефон алоқаси мавжуд. Жами 25 дона ишлаб чиқиш режалаштирилган, аммо буюртма тушмаган.

Олти ғилдиракли автомобиллар борасида FAB 1 моделини ёдга олмаслик мумкин эмас. FAB 1 ўзининг кўриниши билан Ford Thunderbird моделини ёдга солади ва узунлиги 8 метрни ташкил этади. Шу билан бирга, у тупроқли ва асфальт йўлда бир хил ҳаракатланади.

Nautilus яна бир кинематографияда суратга тушган автомобиллардан яна бири. Уни «Ажойиб жаноблар лигаси» фильмида кўриш мумкин. Land Rover шассисида барпо этилган Nautilus узунлиги 6.7 метрни, эни 2.7 метрни ташкил этади.

Манба: Kun.uz

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.