Лондон мэри дизелли автомобилдан воз кечганларни тақдирламоқчи

Лондон мэри дизелли автомобилдан воз кечганларни тақдирламоқчи

Guardian газетасининг ёзишича, Лондон мэри Содиқ Хон эски дизелли автомобилнинг баҳридан ўтганларга 2-3,5 минг фунт стерлинг тўлашни таклиф қилди.

Сўнгги ойларда Лондоннинг ҳавоси ноқулай иқлим ва кўчада машиналар кўплиги сабабли ифлосланиб кетди. Шаҳар ҳокимияти бир неча марта фавқулодда ҳолат эълон қилди ва ўта зарур бўлмаган ҳолатда автомобилда кўчага чиқмасликни фуқароларидан илтимос қилди.

Содиқ Хон эски автомобилларни утилизация қилиш схемасини таклиф қилганини “Гуардиан” ёзмоқда. Утилизация 500 млн фунтга тушади. Натижада кам даромадли оилалар ва омади юришмаган тижоратчилар эски автомобилидан қутулиши осонлашади. Қолаверса, мэр йўл солиғи тарифини дизелли автомобилни сотиб олишга ўрин қолдирмайдиган қилиб ўзгартириш тарафдоридир.

Британия ҳукуматининг баҳолашича, ҳавонинг ифлосланиши ҳар йили 50 мингга яқин фуқаронинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда. Оқибати эса 27,5 млн фунт стерлингга тушмоқда.

“Биз шаҳарни дизелли машиналардан халос қилишимиз керак, улар шаҳарни бошқаларга қараганда кўпроқ ифлослантирмоқда. Қизиғи шундаки, бугун сотиб олинаётган янги машиналарнинг қарийб ярми дизеллидир, солиқ солиш тизими бу машиналарни сотиб олишга ҳайдовчиларни қизиқтиради”, дейди лондон мэри.

Бензинли двигателлар чиқарган тутун таркибидаги углерод диоксиди глобал исишга сабаб бўлувчи энг хавфли чиқиндилиги аниқлангандан сўнг Британияда дизелли автомобилларнинг савдосини рағбатлантириш бошланган. Бугунга келиб эса олимлар ва ҳукумат вакиллари дизелли двигател чиқарадиган азот оксиди ҳавога кўп миқдорда тарқалаётганидан хавотир билдирмоқда.

Мэр таклиф қилган дастурга кўра, дизелли микроавтобусни “тоза”сига алмаштириши учун эгасига 3,5 минг фунт стерлинг таклиф қилинади. Кам таъминланган оилалар эса дизелли эски машинасининг баҳридан ўтса, 2 минг фунт стерлинг олади. Бу маблағга бошқа машина сотиб олиш ёки машина ижарага олиш хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"