Капитан Немонинг қайиғи ва бошқа жозибали фотосуратлар

Капитан Немонинг қайиғи ва бошқа жозибали фотосуратлар

Бу галги хабаримизда техникага оид энг жозибали фотосуратлар билан таништирамиз. Бу расмларнинг сифати юқори, уларни юклаб олиб, компютерингизнинг иш столига жойлашингиз мумкин.

Осмонда нима гаплар?

Декабр ойида Orbital ATK компаниясининг Pegasus XL ракета ташувчиси Cyclone Global Navigation Satellite System (CYGNSS) метеорологик тадқиқотлар тизимининг саккизта митти фазовий аппаратни орбитага олиб чиқди. 23 тоннали ракета L-1011 Stargazer самолётининг фюзеляжига маҳкамланган бўлиб, Атлантика океанидан 12 км баландликда ажралди. Саккиз дақиқа ўтгач, барча аппаратлар Ердан 500 км баландликдаги орбитага чиқди.

CYGNSS тизимини NASA бўронларни аниқроқ башорат қилиш ва уларнинг кучини чамалаш мақсадида ишлаб чиққан. Расм аппаратларни кузатувчи F-18 миссияси кабинасидан олинган.

Капитан Немонинг қайиғи

Ortega компанияси сув ости саёҳатини хуш кўрувчилар учун Капитан Немонинг “Наутилус”ини эслатувчи ажойиб транспорт воситаси тайёрлади. Mk. 1C номли уч ўриндиқли шахсий сувости қайиғи ҳарбий ва денгиз техникасининг сўнгги ютуқларини ўзида мужассамлаштирган. 6,5 метрли субмарин қуввати 10 кВтли иккита электрли двигателдан озиқланади. Субмарин сув юзасида 17 км/соат, сув остида эса 20 км/соат тезликда сузади. Тўла заряди 148 км йўл босишга етади.

Бундан ташқари Mk. 1Cда навигацион ва қутқарув воситаларининг барчаси – гидролокатор, магнитометр, тўсиқларни аниқловчи инфрақизил камера, авария радиостанцияси бор. Субмарин 95 метр чуқурликкача шўнғий олади.

Шиллиққурт чиғаноғи

Электрли мотоциклларнинг кенг тарқалмаганлигига йўл захираси камлиги сабабдир. Автомобилсозлар бу муаммони ҳал қилишга аллақачон киришган, мотоциклсозлар ҳам энди отини қамчиламоқда. Johammer компанияси харидорларга йўл захираси 200 кмдан зиёд бўлган Johammer J1 моторусумини таклиф қилмоқда. Унинг нодир хусусияти шассисининг тузилишидир. Осмаси маятникли, шассиси жуда паст бўлиб, мотоциклнинг оғирлик маркази ердан атиги 350 мм баландликда.

Johammer J1 электроциклининг ретродизайни кўпчиликка маъқул келиши тайин. У чиғаноғидан мўралаган шиллиққуртга ўхшаб кетади.

Дастурхончи роботлар

Just Eat егуликни етказиб бериш хизмати дастёр сифатида роботлардан фойдалана бошлади. Роботларни Starship Technologies компанияси ясаган. Ўтган йили ихчам робот-дастёрлар Лондон бўйлаб овқат тарқатганча 8 минг кмдан зиёд масофани бешикаст босиб ўтди. Аммо инженерларнинг айтишича, шаҳарликлар робот-дастёрларни хушламаган, мижозларнинг оз қисмигина уларга қизиқиш билдирган.

Ғилдиракли пакана аппаратлар бортидаги камераси билан атрофни кузатади. Зарурат туғилса, буйруқ бериш марказидаги оператор бошқарувни ўз қўлига олади. Юк солинган бўлма код билан очилади, код тегишли мижозга электрон хабар орқали юборилади.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"