Келажак автомобилида пайдо бўлувчи беш технология

Келажак автомобилида пайдо бўлувчи беш технология

Эски автомобилингизга ўрганиб қолгансиз, чунки у ўтмиш хотираларини эслатади. Аммо тараққиёт бир жойда қолмайди, сизни замонавий автомобиль ҳайратлари кутади. Техника мўъжизаси автомобилни ақлли ва интерфаол мавжудотга айлантирмоқда. Сайтимиз келажак автомобилида пайдо бўлувчи беш технологияни жамлади.

Land Roverдан шаффоф капот

Олд ғилдираклар остини кўришга имкон берувчи бу технология Land Rover Discovery Vision концептида синаб кўрилди. Шаффоф капот йўлсизлик шароитида қўл келади, ғилдиракларни турли хавфли нарсаларга урилишдан асраш мумкин. Тизим кузовнинг олд қисмидаги бир нечта камералар ва олд ойнадаги кучли проектор ёрдамига таянади.

“Мия” камерадан олинган тасвирни таҳлил қилгач, ғилдирак остидаги рельефни чизади ва уни проектор орқали олд ойнада акс эттиради. Гироскоп воситасида йўлдаги паст-баландликларни ажрата олади. Ҳозирча, серияли ишлаб чиқариш учун бу технология қиммат ва мураккаблик қилади, аммо 2-3 йил ўтгач, амалиётга жорий этилиши ва ўтиш қийин бўлган шароитларда бошқарувни осонлаштириши мумкин.

Ford технологияси йўловчиларнинг саломатлигини кузатади

Автомобиль мустақил ҳаракатланиши ёки инсон бошқаришидан қатъи назар йўловчиларнинг аҳволини кузатиш фойдадан холи бўлмайди. Айнан шундай технологияни Ford синовдан ўтказмоқда. Рулдаги датчик ва сенсорлар, камера, хавфсизлик камари ва бошқа қурилмалар воситасида ақлли автомобиль салондагиларнинг саломатлигини кузатиб туради.

Бу нима учун керак? Аввало, ҳайдовчининг чарчаганлигини ўз вақтида аниқлаб, тўхташ таклиф этилади. Иккинчидан, бортда кўзда тутилмаган вазият юзага келишидан огоҳлантириш имкони яралади. Учинчидан, масалан, ҳайдовчида юрак хуружи каби шошилинч вазият содир бўлса, тиббий технология ва автопилот биргаликда уни шифохонага олиб боришга қодир.

BMWнинг сенсор голограммалари

Буни “технология технология учун” қабилида тушунмаслик керак. У BMW 7да қўлланаётган имо-ишора билан бошқариш тизимининг такомиллашган шаклидир. Голограмма ёрдамида “ҳақиқий тасвир” ҳосил қилинади.

Голограмма бўлса, ҳайдовчи ҳавода қанақадир тушунарсиз аломатлар чизмайди, қўл остидаги виртуал тугмаларни босади. Камера ва сенсорлар “тегиш нуқтаси”ни аниқ қайд этганлиги туфайли хатолик кўрсаткичи ўта камаяди. Голограмма ҳайдовчининг шундоққина ёнгинасида юзага келганлиги сабабли эгилишига ҳожат қолмайди, демакки, бошқариш янада хавфсизлашади.

Volvoнинг қувватбахш кузов панеллари

Бугунги электромобилларнинг асосий камчилиги аккумуляторлардир (аксарият литий-ионли). Улар оғир, бесўнақай ва узоқ вақт зарядланади. Бироқ яқин ўн йил ичида аҳвол буткул ўзгаради. Volvo компанияси энергия тўпловчи махсус кузов панеллари ясамоқда. Улар ҳозирги батареялардан енгил, сиғими юқори бўлади ва тез зарядланади.

Панелга омихталашган батарея блоки карбонпластик билан қопланган бўлиб, ЙТҲ содир бўлганда ҳам шикастланмайдиган даражада пишиқ ишланади. Панеллар энергияни турли йўллар билан тўплайди, ҳозирча, зарядлаш ва кинетик энергияни рекуперациялаш усуллари кўзда тутилмоқда, бироқ кейин бошқа йўллари ҳам топилади.

Автопилот бизнинг келажагимиз

Замонанинг зайли дейсизми, мода дейсизми, барча автоконцернларнинг эс-ҳуши ҳайдовчисиз автомобиль яратишда бўлиб қолган: Audi, Volvo, Mercedes, BMW, Tesla, Hyundai ва ҳоказо, бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. 5-10 йилдан сўнг ҳайдовчисиз машиналар кўчада юриши ҳақиқатдир.

Транспорт воситаларининг автономлик шкласи тузилган бўлиб, 0 – автомобиль тўлалигича инсон томонидан бошқарилишини, 5 эса машина батамом мустақил бошқарув остида ҳаракатланишини англатади. Йирик автомобиль брендлари ҳозир автономликнинг тўртинчи поғонасини забт этиш ҳаракатида, ҳаш-паш дегунча тўлақонли автопилот хизматидан баҳраманд бўламиз. Аммо ҳуқуқий ва ахлоқий масалалар технология йўлида кўндаланг бўлмоқда, масалан, хавфли вазиятда йўловчини қутқариб қолиш керакми ёки пиёдани…?

motor.ru асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"