Қоидабузар пиёдалар жаримага тортилмоқда

Қоидабузар пиёдалар жаримага тортилмоқда

Сўнгги кунларда баъзи бир оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ходимлари йўлни белгиланмаган ердан кесиб ўтган пиёдаларни жарима торта бошлашгани ҳақида хабарлар тарқатди.

Kun.uz ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси матбуот хизмати катта инспектори Мансуржон Рихсиев билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, йўлни белгиланмаган ердан кесиб ўтган пиёдаларни жаримага тортиш анча аввал бошланган.

“Автомобиль йўлларини кўздан кечирар экансиз аксарият жойларда кекса-ю ёш, аёл-у эркак барча-барча кўчанинг автомобиллар юришига мўлжалланган қатнов қисмидан, ўзлари ҳоҳлаган жойидан, ҳаракатланиш ҳавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиб кесиб ўтаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Пиёдаларимиз томонидан содир этилаётган асосий қоидабузарликлар жумласига тўхтаб турган транспорт воситалари ортидан, бинолар панасидан бирданига йўлнинг қатнов қисмига чиқиб қолиш, махсус жойлар бўлишига қарамасдан белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтиш, йўлни кесиб ўтишда қулоқчин(наушник)лардан фойдаланиш, телефонда гаплашиш, даврий нашрларни ўқиш каби қоидабузарликларни киритиш мумкин. Бу эса улар иштирокида содир бўлаётган турли кўнгилсизликларнинг сонини ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, бу ҳолат ҳайдовчиларга ҳам бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради” дейди Рихсиев.

Маълум қилинишича, ўтган 2016 йил мобайнида республика ҳудудида бевосита пиёдалар айби билан 412та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Инспектор пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини камайтириш, уларга қулайликлар яратиш мақсадида жуда кўплаб ишлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтди. Жумладан, аксарият серқатнов кўчаларда махсус ер ости ва ер усти йўллари қурилган. Қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги кўчалар панжаралар билан жиҳозланди. “Лекин минг афсуслар бўлсинким пиёдаларимиз ана шу панжаралар устидан ҳам ошиб ўтишмоқда. Натижада эса қоидабузарликлар содир этилиши ҳамон давом этмоқда” дея маълум қилган Мансуржон Рихсиев.

Маълумотларга кўра, ўтган 2016 йилда республика бўйича ЙПХ инспекторлари томонидан жами 27673 та, 2017 йилнинг январь ойида эса 4351 та пиёдалар қоидабузарлиги аниқланди. Бу қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси, 1-қисмига асосан республикада жорий этилган энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима жазоси қўлланилади.

Энг ачинарли томони шундаки, катталарнинг йўл қўяётган хатолари болаларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Улар катталарнинг хатоларини айнан такрорлашмоқда. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида йўл патруль хизмати инспекторларининг хизмат фаолиятларини бевосита катта йўл ёқасида жойлашган мактаблар олдида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББда пиёдалар иштирокида содир бўлаётган бундай аянчли воқеаларнинг кўплаб содир бўлаётганлигини эътиборга олиб, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, автокорхоналарда, мактаблар ва мактабгача тарбия муассасаларида кенг кўламдаги тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақсад эса битта. У ҳам бўлса инсонларнинг ҳаётини асраш, инсонни ўз қўли ва ақл-идроки билан яратган, ўзининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш учун мўлжалланган транспортлар ғилдираклари остида ҳаётдан бевақт кўз юмишига йўл қўймаслик”, дейди Мансуржон Рихсиев.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.