Hyperloop биринчи йўловчи капсуласини ясашни бошлади

Hyperloop биринчи йўловчи капсуласини ясашни бошлади

Элон Маскнинг улкан лойиҳаси янги босқичга чиқди. Компания вакиллари вакуум тоннелда ҳаракатланувчи капсула 2018 йилда битишини маълум қилди.

Hyperloop Transportation Technologies (HTT) испанларнинг Carbures S.A. компанияси билан биргаликда тўла ўлчамдаги биринчи йўловчи капсуласини ясашни бошлаб юборди. Бу ҳақда Techcrunch компания маълумотига асосланиб ёзмоқда. Келаси йили капсула расман тақдим этилади ва лойиҳанинг тижорий босқичи бошланиши мумкин.

“Гиперлуп” капсуласи 28-40 йўловчига мўлжалланган. 20 тоннали шаттл вакуум тоннелда 1223 км/соат тезликда ҳаракатланади. Капсула ўлчами барчани қизиқтириши табиий. У жамоат транспорти ҳажмида бўлади: узунлиги 30, диаметри 2,7 метр.

Эслатиб ўтамиз: Hyperloop берк қувур ичида юрадиган вакуум поездидир. Лойиҳа муаллифи Tesla Motors асосчиси Элон Маск бўлади. Поезд магнит ёстиқчалари принципи асосида ҳаракатга келтирилади. Жуда кам энергия сарфлагани ҳолда ўта тез ҳаракатланади.

2016 йилнинг ноябрида компания Дубай ҳукумати билан тезюрар автоном транспорт тизими барпо қилиш бўйича шартнома тузган. Биринчи тоннел Дубай ва Абу-Дабини боғлайди.

2017 йилнинг мартида компания Невада саҳросида синов учун қурилган ишчи трассаси расмини кўрсатди. Синов тоннелининг якуний версияси узунлиги бир ярим кмдан сал кўпроқ бўлиши тахмин қилиняпти. Ҳозиргача компания 3,3 метр диаметрли қувурни 500 метрга ётқизди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"