Россияда қоидабузар ҳайдовчи бошқа фуқаро суратга олган тасвир билан ҳам жазоланади

Россияда қоидабузар ҳайдовчи бошқа фуқаро суратга олган тасвир билан ҳам жазоланади

Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан Россия Давлат Думасига киритилиши режалаштирилган қонун лойиҳасида назарда тутилган қоидаларга кўра, энди йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчининг қоидабузарлик ҳолати акс этган ҳаваскорлик видео ёки фотосуратлари, яъни бошқалар томонидан олинган тасвирлар унга нисбатан жазо чораси кўриш учун асос бўлади.

Бу тўғрида Regnum нашри Россия Ички ишлар вазирининг 1-ўринбосари Александр Горовойга таяниб хабар бермоқда. «Яқин вақт ичида Россия Федерацияси фуқароларининг электрон алоқа қурилмалари ёрдамидаги аниқланган мобил намойиш (қоидабузарлик)лар тўғрисидаги қонун имзолаш учун Давлат Думасига киритилади», — деган ИИВ вакили.

Натижада, Россия фуқаролари йўлда ҳаракатланиш чоғида ўзлари дуч келган қоидабузарлик ҳақида Ички ишлар идораларини хабардор қилишлари мумкин бўлади. Бунинг учун ҳайдовчининг қоидани бузган ҳолати ва автомобил рақамини тасвирга олиш кифоя. Фуқаролар тасвирларни давлат хизматлари порталига юборишади, у ердан эса вазиятга ойдинлик киритиш учун фото ва видеолар ИИВнинг маълумотларни қайта ишлаш марказига юборилади.

Жаноб Горовойнинг маълум қилишича, қонун концепцияси шакллантирилган ва Давлат автомобил инспекциясида ушбу жамоатчилик томонидан тақдим этилаётган видео ва тасвирларни мониторинг қилувчи алоҳида гуруҳ фаолият олиб боради.

Шунингдек, бу қонун қабул қилинадиган бўлса, Россия Федерациясининг маъмурий қоидабузарлик тўғрисидаги кодексига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.