Автотураргоҳдаги машинангиз шикаст кўрмаслиги учун олти маслаҳат

Автотураргоҳдаги машинангиз шикаст кўрмаслиги учун олти маслаҳат

Машинангизни автотураргоҳга қўйдингизу, бир зумга тарк этдингиз. Қайтиб не кўз билан қарайсизки, бампер қирилган. Нотаниш зараркунандани сўкишга ошиқманг – билиб-билмай ўзингиз балки унга кўмаклашгандирсиз?

  1. Машинани текис жойлаштиринг

Доимо шошиб иш қиламиз. Кўча-кўйда ёки бозор олдини кўринг. Қандай қилиб бўлса ҳам одамлар машинасини жойласа бўлди. Бўш жой бўлса, дарҳол суқилади, бир текисда жойлагани эринади.

Mazda бу туришида иккала томондан ҳам зарб ейиши тайин

Тажрибали ҳайдовчи қийшиқ жойланган машинани четлаб ўтишни уддалайди, аммо автомактабни кеча битирган ҳайдовчи туртиб ўтиши ҳеч гап эмас. Нега ўз машинамизни хавф-хатарли жойга қўямиз?

  1. Машинангизни бурилишда қўйманг

Аслида, машинани чорраҳага жуда яқин жойлаштириш тақиқланади. Бироқ очиғини айтсак, аҳоли зич яшайдиган жойларда ҳайдовчилар йўлнинг ҳар қаричидан фойдалангиси келади.

Қолаверса, йўлда бесўнақай ахлат машина, тиркамали трактор ёки катта юк ташувчи машина ўтиб қолиши мумкин.

  1. Юк машиналаридан эҳтиёт бўлинг

Йирик шаҳарлар бирин-кетин катта юк машиналаридан қутулмоқда: муайян зоналарга киришини таъқиқлаяпти, кундузи юришга чеклов ўрнатяпти ва ҳоказо. Зич шаҳар йўлида юришга катта юк машиналари ҳайдовчиларининг ҳам кўзи учиб тургани йўқ. Бу машиналарнинг бурилиши қийин, ҳайдовчининг кўзига кўринмайдиган зоналар сероб, кичик юк машинаси бу зонага тушиб қолгудек бўлса, фалокат бир қадам.

Ҳар куни супермаркетнинг шу эшигига юк машинаси товар келтиради. Демак, у “Патриот”нинг чап бортига хавф солади

Шу сабабли магазинларга товарлар кўпинча кечаси ёки эрта саҳарда олиб келинади. Автобаза ёки супермаркет дарвозаси олдига машинангизни қўяркансиз, бу ерга келувчи фураларни эсдан чиқарманг. Катта чиқинди қутиларнинг ёнига ҳам машина қўйиш ярамайди. Албатта, машинангизни рўпарадан келиб уришни ҳеч ким истамайди, бироқ тажрибали ҳайдовчи ҳам назоратни йўқотиб, машинангизнингг четини қириб ўтиши мумкин.

  1. Пиёдаларнинг асабига тегманг

Одамлар кекчи бўлишини биласизми? Агар зинайўлакка киришни тўсиб қўйсангиз, ўтиш йўлагига машина қўйсангиз ёки қўшнининг ойнаси тагида “тойчоқ”ни тариллатиб қиздирсангиз, бир куни кимдир бортига мих билан чизиб кетиши бор. Шубҳасиз, бу ноқонуний, аммо адолат икки тарафлама бўлади.

  1. Симёғоч автомобилингизни ҳимоялайди

Ҳар қандай ҳаракатланувчи объект машинага шикаст етказиши мумкинлигини ҳайдовчи ёддан кўтармаслиги зарур. Шунинг учун мустаҳкам симёғоч ёки девор олдига машинани қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

  1. Аравачалардан эҳтиёт бўлмоқ зарур

Яна супермаркетга қайтамиз. Одамлар магазиндан харид қилган маҳсулотларини аравачага юклаб олиб чиқишади ва автотураргоҳнинг ўзида машинага юклашади. Биринчидан, эҳтиётсиз муносабатда бўлганда ғилдиракли саватчалар машинани қириб юбориши ҳеч гап эмас. Қолаверса, енгил аравача шамолда қўзғалиб машинага урилишини ҳам эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

auto.mail.ru асосида тайёрланди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"