Исроил компанияси учадиган автомобилни тақдим этди

Исроил компанияси учадиган автомобилни тақдим этди

Исроилнинг Urban Aeronautics компанияси 2008 йилдан бери тик кўтарилувчи ва қўнувчи Cormorant самолётини яратиш бўйича изланиб келади. Учар транспорт ҳарбий эҳтиёж учун мўлжалланган бўлса-да, компаниянинг Metro Skyways шўъба корхонаси Cormorant самолётида қўлланган технологиядан учар автомобиль тайёрлашда фойдаланмоқда.

Учармобиль CityHawk номини олди. У Urban Aeronautics томонидан патентланган Fancraft технологияси бўйича ишлайди. Бу дегани ротор парраклари вертолёт каби ташқарида эмас, аппаратнинг ичида жойлашади. Мазкур технология ёрдамида учармобиль тик ҳолатда учиши ва қўниши осонлашади, қолаверса, парракларини бирор тўсиққа уриб олиш хавфи йўқолади.

CityHawk тўрттагача йўловчини олиб учиши мумкин, ҳайдовчи жойи ҳам бор. Аммо тегишли инфраструктура шакллантирилгач, учармобиль тўла автономлашади. Ўрни келганда Cormorant самолёти автоном режимда ҳаракатлана бошлаганини айтиб ўтиш жоиз.

Ehang 184 учар автомобилидан фарқли равишда CityHawk реактив двигатель билан жиҳозланади. Компания кейинчалик учармобилни водород ёнилғисига ҳаракатланадиган қилмоқчи.

Urban Aeronautics компаниясининг маълумотига қараганда, CityHawk учар автомобилини ишлаб чиқариш учун камида беш йил вақт керак.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"