Нью-Йорк полициясининг автомобиллари қўрқув уйғотадими ёки кулгу?

Нью-Йорк полициясининг автомобиллари қўрқув уйғотадими ёки кулгу?

Манхеттендаги автошоу премьераси маҳаллий тартиб посбонларининг машиналари ҳақида тасаввур берди.

Нью-Йорк полициясининг транспортлари тарихи от қўшилган файтондан бошланади. Дастлабки “Paddy Wagon” 1886 йилда йўлга чиққан бўлиб, полиция муассасасига у 500 долларга тушган. “Педди” полицияда ишлайдиган кўп сонли ирландларнинг ҳазиломуз лақаби эди.

Экспозициянинг энг эски машинаси 1930 йилги Mack бўлиб, ундан тезкор қутқарувчилар жамоаси фойдаланган.

Полициячилар отда узоқ юрмаган. Бор-йўғи тўққиз йил ўтгач, Теодор Рузвелтнинг шахсан ўзи велосипедчилар бўлинмасини тузиш тўғрисида буйруқ берган. Шаҳарликлар янги бўлинмага дарров “шайтонаравачилар гуруҳи”, деб ном берган. Нью-Йоркнинг тор кўчаларида велосипед минган полициячилар пиёда, отлиқ ва секинюрар автомобилларни осонгина қувиб етиб олган. 29 нафар полиция офицери бир кунда 1300та тартиббузарни тутганига нима дейсиз?

1939 йилги Plymouth. Унинг томида илк марта Police ёзуви пайдо бўлган.

Электромобиль отдан ҳам арзон

Шу билан бирга тезкор ва бақувват. Кўп ўтмай моторлар даври кирди. 1911 йилдан велосипедчилар мотоциклга ўтирди. Шу йилларда Paddy Wagon электрокари ҳам полициячилар ихтиёрига ўтди. Уни иқтисодий жиҳатдан афзаллиги учун олишган, электрокардан фойдаланиш отга қарашдан арзонроққа тушарди.

Emergency Service бўлинмасининг Plymouth Concord автомобили. 1951 йил

Аввалроқ, 1905 йилда бензинга ишловчи автомобиллар хизматга кирган. Бошида улар фуқаро машинасидан фарқ қилмасди. Хизмат машинасининг ташқарисига илинган қўнғироқ полиция яқинлашаётганидан дарак берарди. Сиреналар 1929 йилда, нур-сигнал билан тахминан бир вақтда пайдо бўлган.

1950 йилда Нью-Йорк полициясининг автопарки тўлиқ радиолаштирилди. Расмда Ford Custom патрул автомобилини кўриб турибсиз. 1958 йил.

Қутқарувчилар ва радиоалоқа

1930 йилда Нью-Йорк полицияси таркибига Emergency Service Division тезкор қутқарувчилар эскадрони расман кириб келди. Бу биздаги ФВВнинг (МЧС) вазифасини бажарувчи таркибдир. Улар ҳозир ҳам жиддий операцияларни бажаради, қулаб кетган бинолар остидан одамларни қутқаради, авариялар оқибатини бартараф этади.

1971 йилги Plymouth Fury. Эшигида полиция тамғаси бор. Машинага бундай тус бериш 1961 йилда урф бўлган.

Полициянинг тезкорлиги алоқа сифати билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун 1917 йилданоқ патрул автомобилларига радиостанция ўрнатила бошлаган. Полициячилар хабарни эшитиши мумкин, аммо жавоб қайтара олмас, чунки алоқа фақат бир томонлама эди. Бундай машиналар RMP — Radio Motor Patrol деб аталган. Бу атама ҳозир ҳам қўлланади. 1950 йилга бориб ҳамма машиналарга икки ёқлама рациялар ўрнатилди.

1973 йилдан полиция машиналари оқ-ҳаворанг тус олди. Расмда Plymouth Fury. 1977 йил

Қайта бўялган машиналар

1973 йилдан хизмат автомобиллари рангини ўзгартирди. Зангори-оқ-қора рангдаги полиция автомобиллари ҳаворанг, томи оқ тус олди, бортлари йўл-йўл бўлди. Полиция автомобиллари илгари ҳам рангини ўзгартирган бўлса, бу гал ўзгариш ёппасига амалга оширилди. Оқ томли машиналар асли 1938 йилдан урфга кирган. Аввалги қора-зангори автомобиллар кўчада кўзга ташланмасди, оқ-ҳаворангли хизмат автомобили эса яққол ажралиб туради.

90-йилларда Нью-Йорк полициячилари Chevrolet Caprice автомобилидан кўп фойдаланган

ХХ аср охирига бориб Нью-Йорк поличиячилари автопарки ўзгара ва кенгая бошлади. Кенг шоҳкўчалар ва мегаполисларда юриш учун турли машина керак бўлиши табиий.

Скутерли ва зирҳли полициячи

Патрулловчи эски седанлар хизматда қолдирилди, улар ҳануз асосий вазифани бажаради. Аммо жиноятчини тангу тор кўчада қувишга тўғри келса, машина иш бермайди. Шунинг учун 1973 йилдан полицияга Vespa скутерлари олинди. 1975 йилда эса биринчи занжирли зирҳли Emergency Service Division транспортери жалб этилди. 1988 йилда қирғоқни патруллаш учун пластик катер, уч йил ўтгач Bell вертолёти полиция хизматига ўтди.

Кўк тасмали оқ кузов 2000-йилдан бери Нью-Йорк полиция автомобилларининг униформасидир. Расмда жиноятчини қувишга мўлжалланган Ford Explorer ва Dodge Charger автомобиллари

Нью-Йорк полициячиларига террорчилар жиддий муаммо туғдиради. Портлаш хавфи бўлган нарса-буюмларни бир ёқли қилиш учун минасизлаштирувчи машиналар, масофадан бошқарилувчи сапёр-роботлар ва бошқа махсус жиҳозлар билан юришга тўғри келмоқда.

Ким ҳам сиздан қўрқарди?

Туристлар Нью-Йорк полициячилари ҳақида “Миттигина “Смарт”, гибрид “Шевроле” ёки “Тойота Приус”, думи юлуқ Cushman скутерида яқинлашаётган полициячи фуқарода ҳурмат уйғотармиди?” деб ҳазиллашадилар. Аммо бу полициячиларнинг орзу-ҳаваси ёки инжиқлиги эмас, фожиавий тарихдан олинган сабоқ натижасидир.

ХХI аср полиция автомобиллари. Юк машиналар, “Смарт” ва уч ғилдиракли скутерлар

Умуман олганда маҳаллий полициянинг бугунги автопарки антиқа машиналар билан чекланиб қолмайди. Полиция хизматида пикап, фургон, улкан юк машиналари, автобус, борингки, голф автомобилчаси, трактор ва вилкали юкорткичларгача бор. Шундай қилиб полициячилар музейи янада янги экспонатлар билан бойиб бормоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"