Тата компаниясининг Жаҳонгири

Тата компаниясининг Жаҳонгири

Сайтимиз орқали кўп марта Ҳиндистоннинг Тата автомобилсозлик компаниясига оид янгиликлар ўқидингиз. Татани ким ташкил қилган ва кимлар уни бошқарганини биласизми?

Татанинг эгаси ҳинд маҳорожалари сингари жавоҳирлар қадалган ипак салла ўраб, тилла тақинчоқли филда юрган, деб хаёл қилманг. У бойлигининг жуда кам қисмини ўзига сарфлаб, улушнинг каттасини хайрияга ажратган.

Тата компанияси бойлигининг бешдан тўрт қисми хайрия ташкилотларига ўтказилади. Жумладан, сэр Дорабжа Татанинг ва Тата хонимнинг трест-мемориалини (тиббий тадқиқотлар, ижтимоий ёрдам ва ҳоказо) айтиб ўтиш лозим.

Тата – камтар бой

Бу улкан мамлакатнинг энг бадавлат одамини Тата деб чақиришган. Тата унинг фамилияси, исми Жаҳонгир Ратанжи Дадабхой. У аёли Телма билан биргаликда камтарона ҳаёт кечиришда барчага ўрнакдир. Мумбайни у эскигина автомобилида кезиб юрган. Яшайдиган уйи, албатта, кўпгина қулайликларга эга, аммо мутлақо қасрга ўхшамаган.

Унинг икки-учта қадимий модадаги “Роллс-Ройс”и бўлиб, аммо ҳеч минмаган. Саноқли хизматчилари ва оддий турмуш тарзини кўриб, бутун Ҳиндистон саноатининг олти фоизини ташкил этувчи, уч млн нафар одам ишлайдиган империя эгаси, деб ҳеч ким ўйламаган.

Хайр-саховат эҳтиёжи

Жаҳонгир беҳисоб бойликни тасарруф этишига қарамасдан камтарона турмуши билан барчадан ажралиб турарди. Набоблар (Ҳиндистондаги мусулмон оқсуяклари унвони) орасида серҳимматлиги билан танилган. “Халқ меҳнатининг маҳсули халққа етказилиши зарур”, деб таъкидларди Тата. Унинг ўзи гапига амал қиларди. Фирма даромадларини турли хайрия ташкилотларига тез-тез ўтказар, ўз ходимларига яратиб берган иш шароити ва маошлар олдида ғарб касаба уюшмаси етакчилари ҳам ерга қараб қоларди. Бугун турли хайр-эҳсонларга компаниянинг 81 фоиз капитали ажратилади, агар бунга Ҳиндистон ҳукумати солиқларини ҳам қўшсак, Тата оиласига 1,53 фоизлик улуш тегмоқда. Ҳа, арзимас маблағ.

Мажбуран бошлиқ

Дарвоқе, Жаҳонгир Ратанжи Дадабхой улкан Тата империясининг асосчиси эмас, унга қариндошларидан мерос қолган. У компанияни катта иштиёқ билан эмас, миясида бошқа ғоялар чувалашиб ётган вақтда қабул қилиб олган.

Ҳинд ва французнинг фарзанди бўлмиш Дадабхойнинг болалиги Европада, хусусан, Францияда ўтган. Ўсмир аэронавтикага қаттиқ қизиққан, пайти етиб осмон учун эмас, ер учун техника тайёрлашини хаёлига ҳам келтирмаганди. Шунинг учун қулоғигача ишга чўмган отаси Европадан Бомбейга қайтиб оилавий корхона ишига қўшилишни амр қилганда таъби хира бўлган.

Амакидан жиянга

“Тата Груп” асосчиси Жаҳонгир Ратанжи Дадабхойнинг амакиси Жамшеджий Назарванжи Тата (1839-1904) эди. Даставвал, Тата номли оддий фабрика бўлган. Даромади ўртамиёна бўлиб, илғор технологиялар қўллашга зўр бермаган. Чунки ишчи кучи сув текин эди.

Сўнгра Жамшеджий Татанинг икки ўғли унинг ишини давом эттирган, аммо меросхўрлари йўқ эди. Пировардида Жаҳонгир Ратанжи Дадабхой корхона етакчисига айланган.

Жамшеджий Татанинг авлоди корхонани бойлик орттириш эмас, қарздорлик ҳисси туфайли ривожлантирди. Ватанпарвар тадбиркор Ҳиндистонни Европа мамлакатлари даражасига олиб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. У пўлат қуйиш соҳасида кенг фаолият олиб борди, чунки қора металлургия ҳар қандай саноатнинг асоси эканлигини ҳисобга олганди.

Кофе қолдиғига қараб

Жаҳонгир Ратанжи Дадабхой ўзининг ишбилармонлик қобилиятини намойиш этиб, оилавий корхона бошқарувини қўлига олганда атиги ўттиз тўрт ёшда эди. У бошқарувчилик маҳоратини намойиш этди. Амакисининг ишини давом эттириб, ўз атрофига ташаббускор, омилкор, билимдон ва ғоят интизомли одамларни тўплади. Улар ғарб университетларининг битирувчилари ва корхонани замонавий усулда бошқаришнинг сир-асрорларини пухта эгаллаган инженерлар эди. Ғарбда таҳсил олган инженерлар бошқарув усулини миллий манфаатларга йўналтирди. Бундан ташқари, Дадабхой ёнига башоратчиларни ҳам жалб қилди, улар биржа курслари ва нефть баҳосини биллур шар ва кофе қолдиғига қараб олдиндан айтиб беришарди. Айтишларига қараганда, буржларнинг омадли жойлашувига қарамасдан туриб Татанинг корхонасида бирор қарор қабул қилинмаган.

Иқтисодчилар ва кароматгўйларнинг кўрсатмалари боис фирма кўплаб йўналишларда тараққий эта бошлади. Кимёвий ўғитлар, юк автомобилларини тозалаш воситалари, темир йўл саноати, электр энергетикаси, меҳмонхона иши, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият олиб борди.

Ўтган йиллар мобайнида Тата салтанати тармоғи Ҳиндистон саноати билан чамбарчас боғланди.

Компания бугун локомотивлар, юк автомобиллари, дастгоҳлар, қишлоқ хўжалиги машиналари ва бурғиловчи ускуналар ишлаб чиқаради. Татанинг кимёвий тармоғи эса натрий, магний, косметик маҳсулотлар, атир-упа ва совун чиқаради.

Учар миллиардер

Сайёрамизнинг энг омадли бизнесменларидан бирига айланган Жаҳонгир Ратанжи Дадабхой ёшликдаги аэронавтикага қизиқишини сўндирмаган. Тўғри, энди у учолмасди, шу боис ҳаво транспортига соҳасини забт этишга киришган.

У Винсент Невиль исмли инглиз дўсти билан Ҳиндистонда биринчи бўлиб ҳавода юк ташувчи “Тата Эйрлайнс” компаниясини ташкил этган. Самолётни биринчи бўлиб шахсан ўзи бошқарган. Шундан кўнг Карачи, Бомбей ва Мадрас ўртасида почта алоқаси юзага келди. Бу тизим мустамлакачиларнинг ўзини-ўзи қопламайдиган “Бритиш Империал Эйр Сервис” авиакомпаниясининг ўрнига пайдо бўлган. Дарвоқе, компания фаолиятини бошлаганда иккита икки моторли самолёти ва уч нафар учувчиси бор эди холос. “Тата Эйрлайнс”дан “Индиан Эйрлайнс” туғилди ва ҳинд ҳукумати уни 1953 йилда национализация қилди.

Дунё миқёсидан тан олинган

Ҳиндлар 1953 йилда Жаҳонгир Ратанжи Дадабхойни Америка иқтисодий нашрлари “Йил менежери” деб тан олганини мамнуният билан қабул қилишган.

Reputation Institute ҳар йили ўтказадиган тадқиқотида Tata Groupни жаҳоннинг энг нуфузли ўн бир компанияси сафига қўйди (2009). Тадқиқотда олти юзта халқаро компания иштирок этган.

Tata Group Ҳиндистонда талай илмий ишлар, таълим марказлари ва маданият институтларини молиялаштиради. Тата даромадининг 2/3 қисми Ҳиндистондан ташқаридан келади. Tata Group 2011 йилда бозор нархи бўйича Ҳиндистоннинг энг бой компанияси номини олган.

Brand Finance халқаро консалтинг компаниясининг рейтингида Тата 68 млрд долларлик мулки билан дунёнинг 50та энг қиммат брендидан бири бўлган.

2008 йилнинг 26 мартида Американинг Ford концерни Jaguar ва Land Rover маркаларини Тата компаниясига 2,3 млрд долларга сотган. Инглиз брендлари шундан бери ҳиндларники саналади.

Тата салтанатининг пойтахти

Бугун “Тата ва унинг ўғиллари” фирмасида уч миллион нафар одам ишлайди. Тата компаниясини ҳиндистонликларнинг ҳар бири билади. Тата оиласини баъзан экспансионизмда айблашади. Компаниянинг ғояси ҳинд ҳукумати билан қаттиқ боғлангандир.

Тата номи билан шуҳрат топган кўп сонли корхоналар сафига Жамшедпур шаҳрини ҳам қўшсак бўлади. Шаҳар Жамшеджий Тата шарафига номланган бўлиб, Калкуттадан 250 км ғарбда жойлашган. Шаҳар улкан метрополиянинг маркази, бир вақтнинг ўзида металлургия мажмуаси бўлиб хизмат қилади ва тўлалигича фирмага қарашлидир. Унинг беш юз минг аҳолиси Тата ютуқларининг тимсолидир. Шаҳар аҳолисига компания ғамхўрлик қилади. Тата уларни тиббий хизмат, газ ва электр билан таъминлайди, бунинг учун аҳоли арзимас ҳақ тўлайди.

Мана шунинг учун Тата салтанати фуқароларига ҳиндистонликлар ҳавас қилишади ва имкон туғилса, унинг таркибига киришга ҳаракат қилишади.

www.centr-crm.ru асосида тайёрланди

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"