Миллионлаб долларни босиб юришингизни биласизми?

Миллионлаб долларни босиб юришингизни биласизми?

Бу йўлларга сарфланган маблағни билгач, тилладан тайёрланганми, деб ўйлайсан, киши. Бироқ қоплама сифати, йўлда юриш мураккаблиги, материаллар нархи – барчаси магистралнинг умумий баҳосига таъсир кўрсатади.

Дунё мамлакатлари йўлларга қанча маблағ сарфлайди ва энг қиммат йўллар қайси мамлакатда жойлашган? Мақоламиз шу ҳақда.

5-ўрин. Швейцарияда 1 км йўл 54,2 млн долларга тушди

Швейцарияликлар пулни сақлашни ўрнига қўяди. Шунинг учун ҳам Швейцария банклари жаҳонда алоҳида нуфузга эга. Бироқ йўл қуришга ҳам пулни аяб ўтиришмайди.

Швейцарияда автотуннель йўлини ётқизишда бир кмга 40 млн евро сарфланди. Долларга айлантирса бу 54,2 млн “кўки”га тенг бўлади. Йўл қуришда гранит жинси билан “курашиш”га тўғри келди, бу эса харажатни чандон ошириб юборди. Шу сабабли бой Швейцария ҳам кредит олишига тўғри келди.

4-ўрин. Хитойда эса 71,16 млн доллар

Тепаликлар аро қурилган Changde-Jishou Expressway йўлида узун кўприк ҳам бор. Маблағнинг катта қисмини шу кўприк “еб” қўйди. Йўл Хитойнинг Чанже ва Жишоу савдо шаҳарларини боғлайди. Товар алмашинув катта бўлганлиги учун давлат йўл қуришга пулни қизғангани йўқ.

Хитойда одатдаги йўлларнинг бир километри ўртача 11 млн долларга тушади. Сўнгги икки йил ичида мамлакатда транспорт йўллари бутунлай янгиланмоқда.

3-ўрин. АҚШликлар 117,5 млнга қурди

АҚШда қурилган йўл баҳоси статистикасида кўпинча битта ҳаракатланиш полосаси кўрсатилади. Шунга қарамасдан, америкаликлар арзон ва сифатли йўллар қуриши билан ажралиб туради. Аммо Бостондаги йўл участкасини барпо этиш буюртмачига жудаям қимматга тушди. Ижрочилар катта маблағни ўмарган, дея ёмон хаёлга борманг. Бу участкада одатдагидан кўра икки баробар кўп эстакада, тоннел ва кўприклар қуришга тўғри келди. Америкада энг оддий йўлнинг бир километри 2 млн долларга тушишини эслатиб ўтамиз.

АҚШдаги яна 3та қиммат йўл:

  1. Вашингтон, I-5 – Everett, SR 526 to US 2 HOV Lanes – Everett. 27 км. 8,85 млн доллар/км.
  2. Аляска, Third Avenue Extension, Ketchikan. 3,2 км. 7,14 млн доллар/км.
  3. Жанубий Каролина, SC 170 Widening, Beaufort. 38 км. 2,73 млн доллар/км.

2-ўрин. Россия – 140 млн доллар

Сочининг айланма йўли ўз баҳоси бўйича дунёда иккинчи ўриндадир. Бу йўл ҳақида ёзмаган ОАВ қолмади. Шундай қилиб курортлар шаҳрининг бир км йўлига 140 млн доллар сарфланган.

Эринмаганлар мазкур маблағга йўлга қимматбаҳо маҳсулотлар ётқизилса қалинлиги қанча бўлишини ҳисоблаб чиқди.

Маҳсулот   Қалинлиги (43 кмда)
Устрицалар 6,37 см
Қора икра 1,1 см
Louis Vuitton сумкаси 9 см
АҚШ доллари (100$)  0,028 см
Мўйнали пўстин 4,7 см

1-ўрин. Яна Россия – 578 млн доллар

Дунёдаги энг қиммат йўлни қурганлар ҳам россияликлардир. Бу Москвадаги тўртинчи транспорт ҳалқа йўлидир.

Дарвоқе, Россия йўллар сифати ва ҳолати бўйича дунёда 139 давлат орасида 125 ўринда туришини эслатиб ўтамиз. Финляндия тилга олиган рейтингда 13-ўринда, аммо у ҳам йўлларга хизмат кўрсатишда Россия каби маблағ сарфлайди.

Бизда-чи?

Бизнинг мамлакатимизда қурилаётган йўлларга қанча маблағ сарфланиши билан қизиқяпсизми? Carzone.uz ушбу саволни вилоятларимиздан бирида йўлсозлик соҳасида фаолият юритувчи мутахассисга берди.

— Катта йўлларни сўраяпсизми ёки маҳаллардаги йўлларними?

— Катта йўллар.

— Бу кўп омилларга боғлиқ. Умумфойдаланиш автойўллари бешта категорияга бўлинади, тасмалар сони ШНҚ (шаҳарсозлик норма ва қоидалари — сайт) бўйича турлича бўлиши мумкин. Бизда кўпроқ 2А ва 1Б қурилади, эни 18-24. Яна жойнинг релъефи ва жойлашган ўрни муҳим, шаҳар ичидаги йўллар ташқаридагилардан қимматроқ бўлади. Бизда вилоят шароитида 1 км йўлни қуриш ўртача 4-5 млрд сўмга тушади, — деди исмини ошкор этишни истамаган йўлсоз инженер.

Демак, долларнинг реал курси бўйича олганда 1 км узунликдаги йўл қурилиши ўртача 500-600 минг долларга тўғри келади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"