Салонда саломатликни сақлаш сирлари

Салонда саломатликни сақлаш сирлари

Узоқ масофага қатновчи ҳайдовчиларнинг қарийб барчаси биргина саволни беради: рулда ўтирганда умуртқани қандай тутса, касалликка чалинмайди?

Машина ўриндиғи ва салон қанчалик қулай ва замонавий бўлмасин, ортопедик нуқтаи назардан қараганда ўриндиқ узоқ ўтиришга мўлжалланмаган. 3-4 соат ўтиргандаёқ умуртқанинг бел соҳаси ва бўйин қисмида оғриқ сезила бошлайди. Бу фақат ҳайдовчиларга эмас, йўловчиларга ҳам тегишлидир, чунки улар деярли бир хил алфозда ўтиришади.

Кўплар бу масалага етарли эътибор бермайди, бироқ бу дардни ўз танасида сезгунчадир. Умуртқа муаммоси жиддий масала. Шу сабабли орқани тўғри тутиб умуртқани асрашни бугундан бошламоқ лозим.

Машинага нотўғри ўтириш оқибатида

Ҳайдовчиларнинг камчиликларидан бири рулга нотўғри ўтиришдир. Ҳар иккитадан битта ҳайдовчи тиббий тавсияларни ҳисобга олмасдан, ўриндиқни ўзининг таъбига мос ҳолда созлаб олади. Диққат қилинг: машинани бошқаришнинг қулайлигини эмас, суянчиқ, бошқўйгич ҳолати ва ўриндиқ баландлигини назарда тутяпмиз.

Нотўғри ўтиришга асосан ўриндиқ суянчиғи сабаб бўлади. Суянчиқ ярим ётган ҳолати бир қарашда қулай туюлади, чунки елка ва бўйинга юкланиш тушмайди. Аммо бунда барча оғирлик белга тушади. Мудом шундай ҳолатда юрган ҳайдовчида бир кун келиб остеохондрознинг белгилари сезилса, ажабланишнинг ҳожати йўқ.

Ўриндиқни тўғри созлаш ҳақида икки оғиз

Афсуски, ҳайдовчиларнинг кўпчилиги автомактабда ўргатилгандек машинага ўтириш қоидасини эсидан чиқарган. Ўриндиқни шундай ростлашингиз керакки,

  • иягингиз сал кўтарилган ҳолда бўлсин;
  • тиззаларингиз сонингиздан бир оз баланд бўлсин;
  • орқангиз, жумладан, белингиз ҳам суянчиққа тўла тегиб турсин, мутлақо осилган ҳолда бўлмасин.

Қисқа айтганда, белингиз, куракларингиз ва елкангиз суянчиққа жипс ёпишсин. Бу елкага юкланишни анча-мунча камайтиради. Бордию, қандайдир сабабларга кўра ўриндиқни кўнгилдагидек ростлаб бўлмаса, қўшимча ёстиқчалардан фойдаланишингиз мумкин.

Йўлда тўхтаб машқ қилинг

Ҳатто, ҳайдовчи йўлда чарчоқ ва оғриқни ҳис қилмаганда ҳам мутахассислар вақти-вақти билан тўхтаб дам олишга одатланиш кераклигини тавсия этади. Мунтазам ҳаракатланиш вақтида ҳар 2-2,5 соатда бир мартадан ҳордиқ чиқариш лозим. Шифокорлар тўхтаб, бир оз пиёда юриш, енгил жисмоний машқ бажаришни маслаҳат беради. Айрим содда машқларни келтирамиз, уларни бажариш учун катта тажриба шарт эмас.

  1. Оёқлар елка кенглигида жойлаштирилади. Қўлларни белга тираб, тана орқага букилади. Одам шунда бел ва қорин мушакларида таранглашувни ҳис этади. Орқага эгилган кўйи 10-20 сония туриб, сўнг асталик билан қадни ростлаш лозим. Бундай машқни беш дақиқа давомида бир неча марта такрорлаш тавсия этилади.
  2. Осилиш имкони бўлган бирор нарсанинг олдида тўхтанг. Турник айни муддао, аммо у ҳамма жойда ҳам учрайвермайди. Бирор дарахтнинг бақувват шохига осилинг. Осилиш орқа мушакларини бўшаштириш билан бирга ўтирганда қотиб қолган умуртқани ҳам тўғрилайди.
  3. Навбатдаги машқни бажариш учун махсус гиламча керак. Йога билан шуғулланадиганларнинг гиламчаси бўлса айни муддао, бироқ салондаги оддий тўшама ҳам бўлаверади. Уни ерга солиб, орқангиз билан ётасиз ва ёй каби эгилиб, букилган тиззангизни қўлингиз билан қучасиз. Шу ҳолатни ўзгартирмасдан беланчак сингари тебранинг. Бу машқ кўкрак ва бел-думғаза умуртқасини тўғрилашда катта ёрдам беради.

Юқоридаги содда машқларни бажариб ҳолатингизни бир оз тиклашингиз мумкин. Умуртқа ва бўйин билан боғлиқ келиб чиқиши мумкин бўлган турли муаммоларнинг олди олинади. Акс ҳолда бу дард инсонни тиббий амалиёт столига олиб бориши ҳеч гап эмас.

Энг муҳими бир неча ҳафта мобайнида автомобилга тўғри ўтиришга одатланиш машқидир. Тўғри ўтирсангиз, бора-бора кўникасиз ва рулда узоқ ўтириш ҳам ҳам саломатлигингизга жиддий таъсир ўтказа олмайди.

avtobeginner.ru асосида тайёрланди

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"