Ўзбекистонда “Пежо Ситроен” енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади

Ўзбекистонда “Пежо Ситроен” енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади

“Пежо Ситроен” ва “Ўзавтосаноат” АК томонидан “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида, Тошкендан 200 км узоқликдаги ҳудудда янги Uzbekistan Peugeot Citroёn Automotive корхонаси қурилади. Завод Peugeot ва Citroёn брендлари остида йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади, деб ёзмоқда Sof.uz.

Устав капитали 30 млн еврога тенг қўшма корхона ҳар икки томоннинг тенг улуши асосида фаолият юритади. Лойиҳа бўйича умумий инвестиция қарийб 130 млн еврога тенг.

“Пежо Ситроен” группаси янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш жараёнларини жорий қилишда ва мутахассислар малакасини оширишда кўмак кўрсатади. Завод ишлаб чиқаришни бошқариш, маҳсулот сифати, етказиб бериш ва савдо масалаларида “Пежо Ситроен”нинг замонавий тизими бўйича иш олиб боради. Шу билан бирга, автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни жалб қилиш йўли билан биринчи йилнинг ўзидаёқ янги қўшма корхонада 50% маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхонада йилига 16 минг дона автомобиль ишлаб чиқарилиши ҳамда узоқ ва яқин хориж давлатларидаги экспорт бозорларида сотиш режалаштирилмоқда.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.