Сувга бўккан машинани олмоқчимисиз?

Сувга бўккан машинани олмоқчимисиз?

Минилган машинани харид қилар экансиз, катта таваккалга қўл урасиз. Танлаганингиз йўл-транспорт ҳодисасининг қаҳрамони бўлиб улгурган, ундан ҳам ёмони сувга чўккан бўлиб чиқса-чи? “Ғаввос” машинани харид қилганингиздан сўнг ярим умри устахонада ўтишини ўйлаб кўрдингизми? Гоҳ юриш қисми, гоҳ двигатели, гоҳ электроникаси иш кўрсатиб туради.

Чўккан машинанинг хавфли жиҳати шундаки, бир қарашда унинг қайси қисми ёки детали алмаштирилганини ва янги қисмнинг сифатли-сифатлимаслигини билиб бўлмайди. Машина қачон ва қанча муддат сув таъсирига тушганини ҳеч ким сизга айтмайди. Унинг оқибати эса дарҳол кўзга ташланмасдан, ойлар ўтган сари сезила бошлайди: механизмлари емирилади, занглайди, чирийди. Билмасдан бундай машинани харид қилиб қўймаслигингиз учун қуйида сувга пишилган автомобилни фарқлаш йўлларини ўргатамиз.

Автомобил чўкканлигининг аломатлари

Ювиш, тозалаш ва автокосметика усуллари билан чўккандан кейинги талай нуқсонларни яширса бўлади. Шунинг учун бир қарашдаёқ сувга тушганлигини аниқлашга уринмасдан, астойдил текшириш шарт.

Агар Европа автомобилини олаётган бўлсангиз, иш осон кўчади. Европада автомобиль биринчи харидорига суғурталанган бўлади. Сувга чўкиши биланоқ эгаси дарҳол суғуртачига чопади ва тегишли маълумотларнинг барчаси базага жойланади. Бунақа машиналарни автоустахоналар таъмирлаб сотиш учун кепак баҳосида харид қилади. Қош-кўзи бўялган автомобилни энг аввал суғурталаган компанияга мурожаат этилса, унинг тарихини тақдим қилади.

Энди ўзимизнинг жайдари усулларга тўхталамиз. Ўзимизнинг автобозорда сотувчи жуда паст нарх қўймоқда. Бу сизни шубҳалантирмаяптими? Шошилинч пул керак бўлиб қолган, тўсатдан кўчиб кетаётган киши машинасини ярим баҳосига сотиб кетаверадими? Бу сизни сергаклантирсин. Арзонига учиб, дўппини осмонга отмасдан, машинанинг ҳужжатлари ва техник кўрсаткичларини бир кўздан кечириб қўйинг.

Салонда бир оз ўтириб анқиётган ҳидга эътибор қаратинг. Агар машина селда оққан бўлса, тирқишларига кириб қолган яшил сувўт ва лойқа ўзига хос ҳид таратади. Кимёвий моддаларнинг ҳеч бири унинг ҳидини такрорламайди. Агар сотувчи кўнса, панел жилдини кўчириб кўринг, унда сувнинг изи ёки лойқа қолдиғи қолади. Чарм жилд эса сув таъсирида қаттиқлашиб қолади, буни пайпаслаб сезиш осон.

Шовқиндан ҳимоялаш мақсадида машина четига қопланувчи наматлар ҳам яхши индикатор бўлади. Сув таъсирида улар текислигини йўқотиб юмалоқланиб қолади. Бу ҳолатни автосервис усталари назардан четда қолдиради. Бунинг устига салонни бошқатдан созлаб чиқиш жуда қиммат ва узоқ вақт талаб қилувчи юмушдир.

Ўриндиқларнинг жилдлари ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Асбоблар панелининг металл қисмларида занг излари қолади. Машинани қайта тиклаб сотувчилар, одатда, энг кўзга ташланувчи жойларини қуритиб, қолган жойларига вақт сарфламайди. Шунинг учун тажрибали автоҳаваскор биринчи навбатда айнан кўздан пана жойларни текшириб кўрмоғи лозим.

Кейинги навбатда фара ва кўзгулар. Улар доғлари, сувнинг иланг-биланг изи, хиралашуви ва терлаши билан сув текканлигини билдиради.

Сувга тушган машинани харид қилгандан кейин энг катта муаммолар электр қисмидан чиқади. Шунинг учун машинанинг датчиклари ва электрли қурилмаларини синчиклаб кўриб чиқиш керак. Контактлардаги арзимас нам ҳам тизимнинг кетма-кет бузилишига олиб келади: эрувчан сақлагич куяди, иситиш тизими фаолияти бузилади, эшик сигнализацияси ишдан чиқади ва ҳоказо.

Бундан ташқари, савдолашиш вақтида сотувчининг ҳолати ва кайфиятига диққат қаратиш керак. Агар носозликни аниқлаб, машина сувга тушгани ҳақида саволга тутсангиз, у тўғрисини айтишдан бўйин товлаб, чегирмалар ваъда қила бошлайди. Бу шубҳангиз тўғри чиққанининг далолати. Зийрак харидорга учраган бошқа турдаги сотувчи эса мулоқотни тўхтатиб, ундан тезроқ қутулиш пайига тушади. Зеро бу автомобилдан сиз ҳам тез қутулганингиз дуруст.

Чўккан автомобилни сотиб олса нима бўлади?

Сувга тушган автомобилни сотиб олишнинг қанчалик хавфли тарафи бор? Автомобилчилар ва мутахассисларнинг фикри бу борада ҳар хил. Бир тарафдан қараганда сизган намлик эртами-индин ўзини кўрсатади ва кутилмаган пайтда бирор механизмни ишдан чиқаради. Бу қимматга тушиши мумкин, айниқса, ортидан бошқа қисмларни ҳам бузгани ёмон. Хусусан, ипидан игнасигача электрлашган бугунги автомобиллар сувга жуда сезгир бўлади. Электрон платаларга бир томчи сув тушса тамом.

Аммо сувга шўнғиган машинани сотиб олса бўлади, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Чунки улар нархи арзонлигига ишқибоз. Агар эгаси машина зотини миридан сиригача билса, ўзи созлайди ва уста ҳақидан ютиб кетади.

Бордию машина тузатишда тажрибаси бўлмаса-чи. Унда автоустага чопади, электрикнинг мижозига айланади. Асосий тизимларига ташхис қўйилади, салондан тортиб энг тор тирқишларгача обдан қуритилади, яроқсиз электр қисмлари алмаштирилади ва юзасига антикоррозияли материал билан ишлов берилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"