Шиналарни асрашга доир етти маслаҳат

Шиналарни асрашга доир етти маслаҳат

Автомобиль шинаси худди мотор мойи ёки ёнилғи фильтри каби вақт ўтган сари сарфланадиган материалдир. Фарқи узоқ муддат хизмат қилишида, нархи ҳам, табиийки, қимматроқ. Автомобиль умри давомида бир қанча шинани “ейди”. Бу шиналар каттагина пулга тушишини ҳам яхши биласиз. Муқаррар чиқимга чап беришнинг иложи бўлмаса ҳам, камайтириш йўллари бор. Машинангизнинг ғилдирагига бир ойда 10-15 дақиқа вақт ажратсангиз, хизмат даври узайганини сезасиз. Эътиборингизга шиналарнинг умрини узайтиришнинг етти усулини ҳавола этамиз.

Покришкани ўзгартиришга эҳтиёж туғилса нима қилмоқ керак? Биринчи навбатда шина тестларини, шина ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг русум бўғимини, фойдаланувчиларнинг маҳсулот ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини синчиклаб ўрганиш керак. Шундагина шинанинг ҳақиқий қиёфасини кўрасиз. Фирма эса ҳар доим ўз маҳсулотининг айбини гўзал сўзлар орқасига яширади.

Баъзида машинани сотиб олибоқ шинасини алмаштириш тақозо этилади. Биласизми нега? Айрим автомобилсозлик корхоналари тежамкорликнинг ортидан қувиб ғилдиракка арзимас шина кийдиради. Тажрибали ҳайдовчилар бунақа шинага дуч келса, тезгина сотиб юбориш пайига тушади.

Нима учун двигателнинг паст оборотида юриш мумкин эмас?

Автомобилнинг кўплаб қисмини аяшингиз ва тежашингиз мумкин, бироқ шинага келганда буни унутинг. Шина машинанинг гавдасини ерда тутиб турувчи муҳим қисмдир. Нафақат бутун бошли машина ва ичидаги инсонларнинг ҳаёти, балки атрофдагиларнинг ҳам хавфсизлиги машина шинасига боғлиқ. Шунинг учун шинани максимал аяшга ҳожат йўқ, йўл-транспорт ҳодисаси сизга янги шинадан бир неча баробар қимматга тушиши мумкин.

  1. Савдо суст мавсумда шина сотиб олинг

Автомобиль покришкаси футболка, этик сингари мавсумий маҳсулотлар сирасига киради. Ёзги шиналарга талаб баҳорда ошади. Кузда унга биров қайрилиб қарамайди. Қишки шиналарда эса бунинг тескариси кузатилади. Табиийки, талаб билан бирга нарх ҳам ошади. Қишки шинангизнинг тиканлари узилиб нақши едирилган бўлса, харидни чўзмасдан баҳордаёқ сотиб олганингиз маъқул. Дарвоқе, бизнинг ҳудудда нарх сира тушмаслигини ҳам эътиборга олсак, бу айни муддаодир.

  1. Онлайн-магазинларга бош суқиб туринг

Магазинларда нархлар ўзгариши динамикасини диққат билан ўрганинг. Онлайн-хизматлар орқали буни кузатиш оппа-осон. Чегирмалар тақдим этувчи кўплаб дистрибюторлар бор, етказиб бериш, кафолат ва ҳатто монтажини ҳам бажариб берадиганларни топса бўлади. Қолаверса, мавсумий акциялар ўтказилади. Сиздан зарурий маҳсулотни танлаш талаб қилинади холос, сўнг магазинга йўл олиб арзон ва сифатли молингизни харид қиласиз. Эски русумлар янгисидан кўпинча арзон бўлади, бироқ бу ҳар доим ҳам янгисидан сифатсиз бўлади дегани эмас.

  1. Шиналардаги босимни кузатиб юринг

Покришкадаги ҳаво босими камайса, ёнилғи сарфи ортишини ҳар қандай ҳайдовчи билади, қолаверса, покришканинг ўзига азият етади, тез едирилади. Аммо таранг шишириб дамланган шина бу қойилмақом дегани ҳам эмас, чунки улар ерга яхши ёпишмаганлиги учун хавфлироқдир. Ишлаб чиқарувчи фирма автомобилга юкланиш ва эксплуатация шароитини ҳисобга олган ҳолда босим кўрсаткичлари фарқини шинанинг ёнида кўрсатади. Бу сонларга аҳамият берган идрокли ҳайдовчи шинасининг хизмат муддатини, шу билан бирга ғилдиракнинг йўлга ёпишиш кўрсаткичини анчагина ошириши мумкин. Ёдингизда бўлсин: текис ва равон ҳаракатланишни ёқтирсангиз ва шовқинни истамасангиз, шина босимини паст тутинг. Бироқ покришкада кўрсатилган максимал босим кўрсаткичигича дамлаб қўйса ҳам бўлади. Бу ҳолатда илгаригидек текис ҳаракатланмайсиз, аммо ёнилғи сарфи камаяди, шина резинасининг умри узаяди.

  1. Арзонига учманг

Шиналарнинг ҳаммаси бир эмас. Бу қоидани ҳам эсдан чиқарманг. Етакчи брендларнинг маҳсулоти бошқаларникига ўхшаб кетса-да, улардан анчагина устун бўлади. Гап протектор нақши ва бортидаги ёзувларнинг ўлчамида ҳам эмас. Покришканинг қуруқ ва нам йўлдаги тормозланиш масофаси, бошқарилувчанлиги, шовқини ҳар хил бўлади. Универсал турдаги покришкалар ҳар қандай шароитга чидамсиз бўлиб, афзаллик тарафи жуда кам. Ўз эҳтиёжингиз, эксплуатация шароити ва юриш услубингиздан келиб чиқиб покришка танланг. Асл покришкани тақиб ўта узоқ юрмайсиз. Унинг компаунди юмшоқ бўлиб, тез едирилади. Қаттиқ резина анча узоқ чидайди ва ёнилғини тежайди, бироқ йўлга қаттиқ ёпишмаганлиги экстремал ҳолатларда ва ноқулай об-ҳавода панд бериши мумкин.

  1. Шинани таъмирланг

Шинани мих тешса, дарров ташлаб юборишга шошилманг. Замонавий технологиялар ёрдамида тўғри ямалган шина анча узоқ хизмат қилади. Муҳими, каркасга зиён етмаслиги, протектор тамом едирилиб кетмаслиги. Аммо ёни йиртилган покришкани таъмирлаб юришни тавсия қилмаймиз, бу жуда хавфлидир.

  1. Миридан сиригача кафолат беришсин

Шина ишлаб чиқарувчи кўплаб фирмалар ўз маҳсулотига кенгайтирилган кафолат беради. Бу нима дегани? Масалан, бепулга таъмирлаш, тешилиб қолса янгисига алмаштириб бериш. Айнан шу сабабларга кўра покришкани расмий дилерлик марказларидан ёки ҳамкор магазиндан олган маъқул. Чек ва квитанцияни ташлаб юбормаслик кераклигини таъкидлаб ўтирмаймиз, бу кичик қоғозчалар сизни катта чиқимдан қутқаради.

  1. Ғилдиракларнинг ўрнатилиш бурчагини текширинг

Ғилдираклар бурчагининг тўғри ўрнатилиши покришка хизмат даврининг узайишини билдиради. Руль бошқаруви элементлари ейилса, “сход-развал” бузилади. Натижада резина ейилишни бошлайди. Бир-икки юз кмдан сўнг протектордан ном-нишон қолмайди ва янги покришка олиш учун чўнтак кавлайсиз. Шунинг учун ҳам ҳеч бўлмаса, йилда бир марта автоустага бориб ғилдираклар бурчагининг созлигини текширтириб туринг. Бу эътиборга арзийди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"