Германиялик автопойгачи Самарқанддаги SOS Болалар маҳалласига 1230 евро маблағни хайрия қилди

Германиялик автопойгачи Самарқанддаги SOS Болалар маҳалласига 1230 евро маблағни хайрия қилди

Шанхайдан Венециягача бўлган масофани янги Volkswagen Tiguan TSI150  автомашинасида 6 кундан камроқ муддатда босиб ўтиш ва шу орқали жаҳон рекордини ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Райнер Ситлоу Самарқанд шаҳридаги SOS Болалар маҳалласига хайрия қилди. Бу ҳақда Daryo.uz ёзмоқда.

Райнер Ситлоу 2005 йилдан буён ўзининг рекорд уринишларида босиб ўтиладиган ҳар бир километр учун 10 сент миқдорида хайрия ажратади ва бутун дунё бўйлаб жойлашган SOS Болалар маҳаллаларини қўллаб-қувватлаб келади.

Бу сафарги лойиҳасида мазкур мақсадни амалга ошириш учун Райнер Ситлоу Ўзбекистонни танлади ва Шанхайдан Венециягача бўлган 12 300 километрлик масофа учун жами 1230 евро миқдоридаги маблағни 6 августда Самарқанд шаҳрида жойлашган SOS Болалар маҳалласига топширди.

Райнер Ситлоу Шанхай шаҳридан Венеция шаҳригача бўлган 12 300 километрлик масофани Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган қуйидаги 11 давлат орқали босиб ўтишни режалаштирган: Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Туркия, Болгария, Сербия, Хорватия, Словения ва Италия.

«Янги Tiguan — Буюк Ипак йўли» деб номланган мазкур лойиҳага 20 августда Шанхайда старт берилади. 25 июлдан бошлаб эса жамоа Венециядан Шанхайгача бўлган трасса билан танишиб келмоқда. Рекорд ўрнатиш йўлидаги, тахминан, 1 000 километрлик масофа Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Мазкур рекордни ўрнатишда Райнер Ситлоуга россиялик автожурналист Петр Баканов ва фотограф Димитрий Макаров ҳамроҳлик қилади.

Ўзининг сўнгги рекорд уринишида Райнер Ситлоу 2017 йил апрель ойида Дакардан Москвагача бўлган 8 000 километр масофани 3 кун-у 3 соат вақт орасида босиб ўтган эди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.