Hyundai G90 флагман седанининг салонини кўрсатди

Hyundai G90 флагман седанининг салонини кўрсатди

Автомобиль Genesis номи билан  мустақил бренд остида сотилади. Genesis модель линейкасида Hyundai Equus ўрнини эгаллайди. 2020 йилга бориб модель линейкаси олти автомобилдан ташкил топади.

Машина салонига ёғоч ва чарм қопланган. Марказий панелдаги дисплей ёрдамида турли тизимларни бошқариш мумкин. Ҳайдовчининг ўнг қўли остида мультимедиа бошқарув тизими ва юриш режимини танлаш панели бор.

The Korean Car Blog нашри хабар беришига кўра, автомобиль 51,7 фоиз ўта мустаҳкам пўлатдан ясалган. Машина икки версияда тайёрланади: стандарт ва ғилдираклар базаси узайтирилган. 3,8 литрли V6 бензинли двигатели 334 от кучига эга. Бундан ташқари 3,3 литрли агрегат ҳам бўлиб, у 370 от кучига эга. Седаннинг энг қимматбаҳо версиясига 5 литрли V8 двигатели ўрнатилади, у 425 от кучига эга бўлади. Барча двигателлар 8 поғонали автомат узатмалар қутиси билан ишлайди.

Машина дизайни Vision G концептини эслатади. Седаннинг расмий тақдимоти келаси ойга мўлжалланган. Шунингдек Genesis маркаси остида кроссовер ва спорт купеси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Олий тоифадаги (премиум) автомобиллар учун махсус салонлар тармоғи очилади.

Янги Genesis модели устида ишлаш учун Hyundai Motor олий дизайн (премиум-дизайн) бўйича махсус бўлинма ташкил қилди. Мазкур бўлинмага Audi, Bentley, Lamborghini, SEAT ва Skoda моделларига ишлов бериб тажриба орттирган мутахассис раҳбарик қилади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"