Ҳуқуқшунос: GM’дан янги йил «совғаси»

Ҳуқуқшунос: GM’дан янги йил «совғаси»

Юрист, соҳа эксперти Тимур Абдулазизов GM Uzbekistan компаниясининг “Янги йил совғаси”, яъни машиналар нархларини бир-йўла 30 фоизга оширишини ҳамда бу билан боғлиқ равишда юзага келган муаммоларни қонунчилик нуқтаи назаридан таҳлил қилиб чиқди.

“Бирор-бир компания GM Uzbekistan компанияси 2015 йилнинг 10 декабрь куни уддалаганичалик Янги йил билан барчани лўнда, самимий ва меҳрибонлик билан табриклай олмаган бўлса керак, — деб киноя қилади эксперт. – Газета ва журналлар сарлавҳалари қандай турдаги табриклар ва тилакларга тўлган бўлса ҳам, ҳар қандай сўзлардан ўткир амаллар одамларни “ижобий” тўлқинларга буркади. Гап фақат нархнинг ошишида эмас, бу иш қай даражада палапартиш қилинганидадир”.

Унинг таъкидлашича, айниқса машина хариди бўйича шартнома имзолаб, тўловнинг бир қисмини амалга ошириб бўлган истеъмолчилар бундай ҳаракатлардан кескин норози бўлишган. Негаки, шартномада автомобилнинг чакана нархлари ўзгарган тақдирда устама пул тўланиши ҳақидаги банд киритилган.

“Балки бу у қадар фожиали бўлмас эди, агар дастлабки ва янги нархлар ўртасидаги фарқ қарийб 30 фоизни ташкил қилмаганида, бу эса бозор сектори томонидан прогнозланган 2015 йилдаги инфляция даражаси – 9.5 фоизга ҳамда инфляцион прогнозлар тепаси 6.5 фоизни ташкил қиладиган тасдиқланган давлат бюджетига мос келмайди”, — сўзида давом этди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоизни ташкил этгани боис импорт хом ашё ва бутловчи қисмларга кетадиган харажатлар ҳисобланиши лозим, аммо уларнинг нархи чет элда 2015 йилда 20.5 фоиздан 23.5 фоизга кўтарилиши “жуда шубҳали”.

Машиналарнинг етказиб берилиш муддатлари ҳам эксперт томонидан, нархдаги ўсиш сингари, кўп саволларни келтириб чиқарди. Агарда етказиб бериш муддатлари бир-икки ойдан ўтмаса, мамлакат бўйлаб кўплаб харидорлар тушиб қолган мураккаб вазият кузатилмаган бўларди. Аммо айни пайтда энг талабчан моделлар (Spark, Nexia, Damas, Lacceti, Matiz) шартнома асосида ярим йил, бир йил ва ундан ортиқ муддатда етказиб берилади, бу эса харидорнинг инфляцион ва хом ашё чиқимларини ўташга амалда маҳкум қилиб қўяди.

Диққатга сазовор томони, GM-Uzbekistan’нинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 250 минг автомобиль етказиб беришга мўлжалланган. 2014 йилда 245.6 минг машина ишлаб чиқарилган. Жорий йилда ребрендинг ва Россия бозори кўрсаткичларининг тушиб кетиши муносабати билан ишлаб чиқариш 6.5 фоизга тушиб, 229 636 донани ташкил этди. Экспортга, ўтган йилдаги каби, 55.2 минг авто чиқарилди, ички бозорга эса 174 436 дона автомобиль киритилди. Ўзбекистон бўйича бор-йўғи 63та автосалон ишлайди. Автомашиналарнинг йиллик ишлаб чиқарилишини 63 автосалонга тенг бўлиб чиқса, ҳар бир муассасага ойига 230 дона (174 436 / 12 / 63 = 230.7), йилига эса 2 768 дона улов етказилади. Фақатгина Тошкент вилоятига ойига 922 машина (230.7×4=922.8), пойтахтга эса қарийб 3 минг дона машина келиб тушади (230.7×13=2999.1). Шу билан бирга, автосалонларга машиналар пропорционал тарзда етказиб берилмай, аҳоли сони инобатга олинган ҳолда тақсимланади.

Аммо, ишлаб чиқариш ҳажмининг бу даражада катта бўлишига қарамай, улар пули олдиндан тўланган автомобилларнинг етказилиш муддати қисқаришига ижобий таъсир ўтказмайди. Бунинг сабаблари, экспертнинг фикрича, сунъий равишда камомад ҳосил қилишда ёхуд ишлаб чиқарувчида ишлаб чиқаришни бошлаш учун зарурий маблағнинг йўқлигида бўлиши мумкин.

Умуман олганда, автомобилни чакана сотишда уни ишлаб чиқариш учун олдиндан ҳақ тўлаш билан боғлиқ муаммо келиб чиқмаслиги лозим, негаки бу чакана савдо тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ келмайди. Чакана савдо қоидаларининг IX бўлимига мувофиқ, автомобиль олди-сотдиси шартномаси чакана савдоси объекти ҳисобланади. Бунда товарни тўлов эвазига тайёрлаб бериш эмас, мавжуд товарни савдо объекти орқали реализация қилиш тушунилади. Акс ҳолда бу чакана савдо шартномаси эмас, етказиб бериш шартномаси деб топилади.

Яъни, автомобилни харид қилиш унинг ишлаб чиқарилишини кутиш билан боғлиқ бўлмаслиги лозим, чакана савдо автомобилни савдо майдони ёки савдо залидан дарҳол ёки 7 кун ичида харидорга топширилишини кўзда тутади. “Биз телевизор қачон заводда терилар экан, деб кутмаймизку, аксинча, уни витринадан олиб кетамиз. Худди шундай тартиб автомобиллар учун ҳам Чакана савдо қоидаларининг IX бўлимида регламентация қилинган. Бу хулоса ЎзР Фуқаролик кодексининг 427-моддаси билан тасдиқланади, унда ёзилишича эса, “харидор чакана олди-сотди шартномаси тузилиши олдидан товар кўриб чиқиши, унинг иштирокида хусусиятлари текширувининг ёки товардан фойдаланиш намойишининг ўтказилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, агарда бу товарнинг хусусиятлари юзасидан истисно қилинмаган бўлса ва бу чакана савдода таъсис қилинган қоидаларга зид келмаса”, — хулоса қилади Абдулазизов.

Аммо амалда стандрт шаклдаги “GM-Uzbekistan автомобилининг буюртма асосида олди-сотди қилиш шартномаси” ҳолатларига мос келмайди. Чакана савдо қоидаларининг 17-пунктига кўра, жорий буюртма жойлаштириш бўйича хизмат кўрсатишни назарда тутади, бу эса буюртма шартномасининг 85 фоизлик тўлов билан амалга оширилишини кўзда тутмайди, чунки чакана савдо буюртма қилинган товарнинг шартнома имзоланаётган пайтда сотувчида бўлишини кўзда тутади.

Фойдаланувчиларнинг энг кескин норозиликларига сабаб бўлаётган асосий ҳолат шартномада чакана нархлар ўзгарган тақдирда устига тўлов қилиниши лозимлигини кўзда тутилишидир. Бу борада фойдаланувчилар билдираётган норозиликларга жавобан сотувчилар мазкур ҳолат шартномада кўзда тутилганини иддао қилади, гўёки харидорлар бу шартнома шартларига ўзлари рози бўлиб, уни имзолашган. Аммо, Абдулазизовнинг фикрича, бу иддаоларга қўшилиб бўлмайди, зеро “бир фактни рад қилиб бўлмайди – агарда харидорлар шартноманинг ҳатто битта вергулига қўшилмаса, биттагина сўзига шубҳа билан қарашга журъат этса, машина олди-сотдиси шартномасини улар ҳеч қачон ололмас эди”. Негаки автосалонлар, янги маҳаллий машиналарнинг ягона сотувчилари сифатида, харидорларнинг бундай “ғудраниши”ни шунчаки эшитмаганга олиши мумкин. Шунга қарамай, қонунчилик нуқтаи назаридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини бузувчи бундай асоратли шартномалар қонуний кучга эга бўлмайди.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎзР қонунининг 21-моддаси шартларига кўра, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини бузувчи ва қонунчиликка зид келувчи шартнома шартлари қонуний кучга эга бўлмайди. Агар уларнинг қўлланилиши натижасида истеъмолчиларга зарар етказилса, зарар тайёрловчи (ижрочи, сотувчи) томонидан қопланиши кўзда тутилади”. Шу боис сотувчиларнинг шартномада кўзда тутилган устама тўловларни қоплаши ҳақидаги бандга харидор амал қилиши лозимлиги ҳақидаги иддаолари, экспертнинг фикрича, ўта баҳсли масаладир.

“Шуни қайд қилиш муҳимки, стандарт олди-сотди шартномаларидаги “чакана нархлар ўзгарган тақдирда устама тўловни амалга ошириш” шартининг мажбурийлиги масаласи шартнома ҳуқуқи талаблари ракурсида ҳам жиддий шубҳа уйғотади, — деб таъкидлайди Абдулазизов. – Маълумки, ЎзР Фуқаролик кодексининг 382-моддасига мувофиқ, шартнома шартларининг ўзгартирилиши томонларнинг келишуви асосидагина амалга оширилиши мумкин, агарда бошқачаси мазкур кодекс, бошқа қонунлар ёки шартномада кўзда тутилмаган бўлса. Шартномани қисман ёки тўлиқ бажаришдан бир томонлама бош тортилган тақдирда, агарда бундай бош тортиш қонун ёки томонларнинг келишувида кўзда тутилган бўлса, бундай шартнома бекор қилинган ёки ўзгартирилган деб ҳисобланади. Яъни, шартнома шартларида сотувчи бир томонлама тартибда, харидорнинг розилигисиз нархни ўзгартириб, унга бу борада хабарнома жўнатиш ҳуқуқига эга эканлиги тилга олиниши лозим, ва бу хабарнома шартнома шартларини ўзгартириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бошқача айтганда, битта томоннинг – сотувчининг нияти бошқа томон – харидорнинг фикридан мустақил эканлиги шартномада мустаҳкамлаб қўйилиши лозим. Лекин автомобиль учун шартномаларда қўлланиладиган шаклларда нархни бир томонлама ўзгартириш шартлари шунақа ифодаланганмикин? Унчалик эмас. Автомашиналар олди-сотдиси бўйича тузиладиган стандрт шартномалар шартларига қарасак, шу кўринадики, шартноманинг 2-моддасида нархнинг оширилиши ва харидор томонидан етишмаётган пул тўлаб берилиши кўзда тутилганига қарамай, шу шартноманинг 8-моддасида айтилишича, “Мазкур Шартномага киритиладиган барча ўзгартиш ва қўшимчалар улар ёзма тарзда расмийлаштирилган ва Томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган тақдирдагина кучга киради”. Бу дегани эса шартнома нархи бир томонлама ўзгартирилиши ва бунинг харидор томонидан мажбурий бажарилиши лозим дегани эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасига мувофиқ, автомобиль нархларининг оширилиши учун харидорнинг розилиги кераклигини, бу шартномага қўшимча келишув шаклида ёзма расмийлаштирилиши лозимилигини англатади”.

“Якуний хулоса жуда оддий, — хулоса қилади мутахассис. – “Тузилган шартнома асосида нарх ошиши учун қўшимча пул тўлашни истамасангиз, шартнома суммасининг ўзгаргани ва унга қўшимча пул тўланиши ҳақидаги қўшимча келишувни имзоламанг”. Бу нарх борасидаги келишувнинг оригинал шартларини сақлаб қолиш учун жуда салмоқли аргумент бўлади, негаки нархлар қўшимча келишувсиз ўзгартилиши мумкин эмас”.

Манба: Kun.uz

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Мавзу:

#GM Uzbekistan