Ярим миллион машинанинг тормози носоз бўлиб чиқди

Ярим миллион машинанинг тормози носоз бўлиб чиқди

АҚШнинг General Motors концерни ярим миллионга яқин автомобилни қайтариб оладиган бўлди. Ҳозирча фақат АҚШ ва Канадага сотилган автомобиллар қайтариб олинади. АҚШда ортга қайтадиган русумлар: 2015-2016 йилда ишлаб чиқарилган Chevrolet Tahoe, Chevrolet Silverado HD, GMC Sierra HD. Канададан эса Chevrolet Tahoe йўлтанламаслари қайтиб келади. АҚШда жами 426 573 машина қайтса, Канада ҳиссасига 46 837 русум тўғри келади.

Бунга сабаб тормоз тепкисининг камчилигидир. Сўнгги пайтларда тепки тўғри босилмаётган ёки бутунлай тормоз тепкиси ишламаётган ҳолатлар аниқланди. Тўғри, бу ҳол ЙТҲга сабаб бўлгани ҳақида концернга, ҳозирча, хабарлар етиб келмади.

Эслатиб ўтамиз: Fiat Chrysler Automobiles Италия-Америка компанияси яқинда 570 минг автомобилини қайтариб олиши хабар қилинган эди. Сотилган автомобилларнинг электр узатиш симларида қизиб кетган, айрим русумларнинг руль гидрокучайтиргичида носозлик аниқланган.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"