Россияда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси Ўзбекистонда ўтадими?

Россияда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси Ўзбекистонда ўтадими?

Савол: Мен Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлайман. Менда Ўзбекистон паспорти бор ва тез йилларда Ўзбекистонга қайтаман. Саволим шундан иборатки, мен Россиянинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олсам, бу Ўзбекистонда ҳам ўтадими? Жавоб учун аввалдан раҳмат.

Жавоб:  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006-йил 2-августдаги 156-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш билан шуғулланувчи таълим муассасаларини ҳисобга олиш,  имтиҳонларга рухсат бериш ва уларни ўтказиш,  ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 77, 78, 79-бандларида халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари,  хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг,  шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномалари  ва уларни алмаштириш тартиби тўғрисидаги қоидалар кўрсатиб ўтилган.

Хорижда олинган ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.  Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвен ция (Вена, 1968 йил 8 ноябр) талабларига жавоб берадиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган таржимаси мавжуд бўлганда ҳақиқий ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномалари ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади.  Текшириш натижасида тасдиқланган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари, улар тиббий кўрикдан ўтиб,  назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг,  Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.

Юқоридагилардан хулоса қилсак, Россияда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.

Фақат уни Ўзбекистонга қайтганингиздан кейин миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштиришингиз керак.  Бунинг учун тақдим этилган ҳайдовчилик гувоҳномалари олдин ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади.  Текшириш натижаси ижобий чиқса,  ушбу шахслар тиббий кўрикдан ўтиб,  назарий ва амалий имтиҳонларни топширишлари керак бўлади.

Назарий ва амалий имтиҳонларни ҳудудий ЙҲХБ РИБ (ТРИБ)ларининг комиссиялари қабул қилади.  Ушбу имтиҳондан мувафаққиятли ўтган шахслар ўз ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштиришлари мумкин.

Демак, чет элдан ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар уни Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштиришда ҳайдовчилик мактабида қайта ўқиши шарт эмас.  Фақат назарий ва амалий имтиҳонни топширса кифоя қилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.