Шахсий автомобилимда юк ва одам ташишим мумкинми?

Шахсий автомобилимда юк ва одам ташишим мумкинми?

Савол: Андижондан Тошкентга тирикчилик юзасидан автомобилимда харидорларимнинг бозорлардан сотиб олган товарларини улар айтган манзилга олиб бориб бераман. Қайтишда одам олиб келаман. Йўлда мени милиция ходимлари таъқиб қилиб, автомобилимни обдон текшириб чиқишади. Машинамни тинтув қилиб товарни ички ишлар бўлинмасига олиб кетишмоқчи бўлишади. Товар, асосан, Ўзбекистондаги хусусий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилгани боис менда товар учун ҳужжат йўқ. Мен оддий ҳайдовчиман, холос. Шунда мен нима қилишим керак? Милиция товарларни олиб қўйишга ёки ҳужжатларини сўрашга ҳаққи борми?

Жавоб: “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 13-моддасида автомобилда ташишлар ташувчилар томонидан махсус рухсатнома (лицензия) асосида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган. Ушбу қонуннинг 15-моддасида йўловчилар, багаж ва юклар ташиш шартлари ва томонларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи ташиш шартномаси асосида ташилиши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 711-моддаси 1-қисмида юк ташиш шартномаси тушунчаси берилган бўлиб, унда юк ташиш шартномаси бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга йетказиб бериш ва уни олишга ваколат берилган шахсга (олувчига) топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган. 2-қисмида эса юк ташиш шартномаси тузилганлиги тегишли транспорт устави ёки кодексида назарда тутилган ҳужжат (транспорт юкхати, коносамент ёки юкка доир бошқа ҳужжат)ни тузиш ва уни юк жўнатувчига топшириш йўли билан тасдиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 14 июндаги 138-сонли қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низом умумий қоидаларининг 2-бандида тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланиши кераклиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, тижорат асосида йўловчиларни ҳамда юкларни ташиш фаолияти юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Ушбу низомга асосан, жисмоний шахс даромад кўриш мақсадида одам ва юк ташиши қонунга хилоф ҳисобланади. Яъни, бундай фаолият билан шуғулланиш учун юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтишингиз ва рухсатнома (лицензия) олишингиз керак.

Лицензия олиш тартиби юқорида кўрсатилган Низомда тушунтирилган. Унга кўра, лицензия:

Ўзбекистон Республикасида йўловчилар ва юкларни шаҳарлараро ва халқаро ташишлар бўйича — Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти агентлиги томонидан;

Йўловчилар ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ташишлар бўйича (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилояти шаҳарларида йўловчиларни ташиш бундан мустасно) — Агентликнинг ҳудудий бўлимлари томонидан;

Тошкент шаҳрида йўловчиларни шаҳарда ташиш бўйича — Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўловчилар ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти томонидан (Тошкент шаҳрида таксичилик қилиш тартиби ҳақида бу ерда ўқинг);

Тошкент вилояти доирасида йўловчиларни шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш бўйича — Тошкент вилояти ҳокимлигининг Йўловчилар ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти томонидан қабул қилинади.

Автомобил транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг қуйидаги қисмларига берилади:

а) йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;

б) йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича

микроавтобусларда ташиш;

в) йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;

г) йўловчиларни шаҳарда автобусларда ташиш;

д) йўловчиларни шаҳарда микроавтобусларда ташиш;

э) йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш;

ж) йўловчиларни шаҳар атрофида автобусларда ташиш;

з) йўловчиларни шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш;

и) йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш;

к) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;

л) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича микроавтобусларда ташиш?

м) йўловчиларни шаҳарлараро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;

н) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича автобусларда ташиш;

о) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича микроавтобусларда ташиш;

п) йўловчиларни халқаро йўналишлар бўйича енгил автомобилларда ташиш;

р) юкларни автомобил транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш;

с) юкларни автомобил транспортида шаҳарда ташиш;

т) юкларни автомобил транспортида шаҳар атрофида ташиш;

у) юкларни автомобил транспортида шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш;

ф) юкларни автомобил транспортида халқаро йўналишлар бўйича ташиш.

Лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензия берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Лицензия билан бирга ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси берилади.

Ҳар бир автотранспорт воситасига лицензия карточкаси лицензиянинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Агар ашёвий ҳуқуқларнинг ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати лицензиянинг амал қилиш муддатидан кам бўлса, лицензия карточкасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади. Лицензия карточкасининг амал қилиши лицензия карточкаси берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Лицензиатнинг лицензия карточкалари билан таъминланмаган автомобил транспорти воситасидан фойдаланган ҳолда олган даромади (фойдаси) ноқонуний ҳисобланади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бюджетга олиб қўйилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248-моддасида Ички ишлар органлари кўриб чиқиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрсатилган бўлиб, унга кўра, ушбу кодекснинг 1251-моддасида белгиланган юк ташиш қоидаларини, шатакка олиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарлигини йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (Бош бошқармаси) бошлиғи, унинг ўринбосари, йўл-патрул хизматини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш ҳамда маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи, унинг ўринбосари, алоҳида муҳим ишлар бўйича инспектор (маъмурий амалиёт бўйича инспектор), маъмурий амалиёт бўлинмаси (бўлими) бошлиғи, унинг ўринбосари, маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир материалларни кўриб чиқиш бўйича катта инспектор (инспектор), улар йўқлигида эса ички ишлар бўлими бошлиғи ёки унинг ўринбосари кўриб чиқиши мумкин.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, ички ишлар органлари ходимлари юкларнинг ҳужжатини сўраши мумкин. Агарда сизда уларга тегишли ҳужжат бўлмаса, ички ишлар органи ходими тегишли тартибда далолатнома тузиб юкларни олиб қўйиши мумкин. Сиз мижозлардан олган юкларни доимий равишда ташиб юрсангиз, бу фаолият учун рухсатнома талаб қилинади. Агар сизда лицензия бўлмаса, сизнинг юкларни ташиб кўрсатилган манзилга йетказиб бериш фаолиятингиз ноқонуний ҳисобланади ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1251-моддасида кўрсатилган жавобгарликни келтириб чиқаради. Сиз милиция ходимларидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни сўрашга, тузилаётган далолатномага ўз эътирозларингизни билдиришга ҳақлисиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавзу:

#такси