Ноқонуний таксилар 6,5 млрд сўм миқдорида жаримага тортилди

Ноқонуний таксилар 6,5 млрд сўм миқдорида жаримага тортилди

Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг маълум қилишича, йил бошидан бери қонунга хилоф равишда йўловчи ташиш билан шуғулланганлар 6,5 млрд сўм миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлишган. У шу мавзуга оид семинарда мазкур маълумотлар билан ўртоқлашган.

«Умуман, Солиқ қўмитасининг ИИВ ЙХҲБ, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказган махсус рейдлари натижасида 5,5 мингга яқин ноқонуний таксичилар аниқланган», деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон ахборот агентлиги.

Икки ойлар аввал, Давлат органлари йўллардаги қонунбузарларга қарши кенг қамровли кампанияни бошлагани хусусида хабар қилинганди. Бу борада доимий равишда иш олиб бориш режалаштирилган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 50 га яқин кўчма гуруҳлар фаолият юритмоқда. Улар, йўловчи ташиш билан шуғулланаётганлар ва автомобиль эгалари ҳужжатларини текширишади, бекатлар ва транспорт воситалари тўхташ жойларида фаолият юритишади.

Ушбу чоралар биринчи галда йўналишли таксилар фаолиятини бир меъёрга келтириш мақсадида амалга оширилган. Аслида, қонунга хилоф равишда йўловчиларни ташиётганларни жазолаш ҳам асосий мақсад эмас, балки уларни қонуний даромад топишга йўллаб қўйиш ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бош вазифадир.

Умуман, ноқонуний таксилик қилаётган хусусий автомобиль эгасига энг ойлик иш ҳақи (130 минг 240 сўм)нинг 20 баробаридан 100 баробаригача жарима солинади. Компаниялар раҳбарларига, уларнинг ходимлари шундай фаолият устида ушлангудек бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 дан 150 бараваригача жарима солиниши қонунда белгилаб қўйилган.

Мабодо, ушбу ҳолат такроран аниқланса, фуқароларга нисбатан жарима миқдори энг кам ойлик маошнинг 25 баробаридан 75 баробаригача оширилади ёки 5 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилади.

Ўзбекистонда лицензияли такси айрим талабларга жавоб бериши керак. Қонуний таксиларга лицензия карточкаси берилади, унинг салонида давлат солиқ идорасида рўйхатдан ўтказилган назорат касса аппарати ўрнатилади, банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш учун тўлов терминали ҳам бўлиши шарт.

Бундан ташқари, пойтахт таксилари фил суяги рангида, минтақалардаги таксилар эса, сариқ рангда бўлиши лозим.

Бугунги кунга келиб, республикада транспорт корхоналари сони қарийб 2,5 мингга етган. Уларнинг ихтиёрида 60,7 минг транспорт воситалари бўлиб, шундан 31,4 мингтаси енгил автомобиллардир. Соҳада 90 мингдан ортиқ киши фаолият юритади.

Манба: Kun.uz

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.