Дунёдаги 10 та энг қиммат ва ҳашаматли кроссовер (фото)

Дунёдаги 10 та энг қиммат ва ҳашаматли кроссовер (фото)

Замонавий йўлтанламас автомобиллар ўлчами бўйича кичик ҳажмдаги квартираларга тобора яқинлашиб бормоқда, баҳоси эса ҳашаматли уй-жойлар нархидан ҳам анча баланд. “Интересно” нашри дунёдаги 10 та энг қиммат ва дабдабали кроссоверлар рўйхатини эълон қилди.

Dartz Prombron Monaco Red Diamond Edition, 1 500 000 доллар

4 тонна оғирликдаги ва 840 от кучига эга мазкур энг қиммат замонавий йўлтанламас Германия ёки АҚШда эмас, Латвияда тайёрланган. Унинг кузови ўқотар қурол, ҳатто гранатомётнинг тўғридан-тўғри тушишини ҳам писанд қилмайдиган кевлар билан қопланган. Интеръерида тери, ёғочнинг қиммат турлари, тилла, платина ва қимматбаҳо тошлар ишлатилган.

BMW X6 Typhoon RS V10, 875 000 доллар

Ушбу пуллар эвазига максимал тезлиги соатига 330 километр, соатига 100 километр тезликка эса атиги 4,2 сонияда етадиган кроссоверга эга бўласиз. BМW ушбу йўлтанламасдан 5 нусха чиқарган, холос.

Dartz Gold Aladeen Edition Prombron, 750 000 доллар

Латвиянинг Дартз компанияси навбатдаги маҳсулоти бўлган ва ўн нусхада тайёрланган автомобиль ташқи томондан тилла билан қопланган (бу унинг номида ҳам акс этган). Машина Саша Барон Коен бош ролни ижро этган “Диктатор” филми чиқишига тайёрланган бўлиб, филм қаҳрамони айнан шу автомобилда юрган.

2013 Brabus 800 Widestar, 653 000 доллар

Brabus’нинг энг қиммат йўлтанламаси Mercedes-Benz G 65 AMG асосида яратилган бўлиб, двигатели 800 от кучига эга, соатига 100 километр тезликка 4,2 сонияда чиқади, максимал тезлиги эса соатига 270 километрга тенг.

Paramount Marauder, 650 000 доллар

Paramount Marauder’ни автомобиль эмас, танк деса бўлади. Зирҳли йўлтанламас исталган юзада ҳаракатлана олади, ғишт деворларни бузади, унга ўқотар қурол ва гранатомёт зарбалари, мина ва фугаслар қўрқинчли эмас. Портловчи қурилмалар радиосигналларини бир неча ўн метр радиусда ўчира олади. Шу билан бирга соатига 120 километр тезликка эга.

Knight XV, 629 000 доллар

Knight XV йўлтанламаси дунёнинг ўндан ортиқ армиясида бўлган Канаданинг GURKHA зирҳли автомобилини фуқаролар учун мослаштирилган версияси ҳисобланади. Ўқотар қурол ва гранатомёт отишмаларига дош беради, туби эса мина портлашидан ҳимояланган. Сувга тушганида 30 дақиқагача автоном тартибда ҳаракатлана олади.

Brabus GLK V12, 580 000 доллар

Кроссовер Mercedes GLK серияли автомобили асосида яратилган. Капоти остида соатига 100 километр тезликка 4,2 сонияда чиқадиган 6,3 литр ҳажм ва 750 от кучига эга V12 двигатели жойлаштирилган.

Gemballa Tornado 750 GTS Porsche Cayenne Turbo, 540 000 доллар

Йўлтанламас Porsche 957 Cayenne базасида Германиянинг Гембалла тюнинг компанияси томонидан тайёрланган. Ўтмишдошига нисбатан 250 килограммга енгил, 5 литрли двигателга эга, соатига 100 километр тезликка 4,3 сонияда чиқади.

Brabus G63 AMG 6×6, 457 000 доллар

Brabus G63 AMG 6×6 ҳарбий йўлтанламас асосида тайёрланган яна бир замонавий фуқаролик автоси бўлиб, 5,5 литрли V8 двигатели билан жиҳозланган. Мазкур мотор 536 от кучига эга, шу сабабли баҳайбат кўринишига қарамай, соатига 100 километр тезликка 6 сонияда чиқади.

Spyker D8 Peking-to-Paris, 300 000 доллар

Рўйхатимиздаги ягона серияли автомобиль консепти 2006-йили Женевада тақдим этилган, бироқ 2014-йилдан бошлаб оммавий ишлаб чиқарила бошланган ва 300 минг доллардан сотилмоқда. Spyker D8 Peking-to-Paris 2 тонна оғирликка эга, 6,2 литрли двигателга эга, соатига 100 километр тезликка 5 сонияда чиқади, максимал тезлиги соатига 280 километрга тенг.

Манба: Daryo.uz

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.