Тесла юр!

Тесла юр!

Тесла автомобилини энди фикрнинг кучи билан бошқара оласиз. Бу сеҳргарликка ўхшайди. Дуо кучи билан сувни тескари оқизган дами ўткир эшонларни эслаймиз.

Touch Titans компанияси Tesla Model S русумини фикр кучи билан масофадан бошқарувчи дастур ишлаб чиқди. Ҳозирча, машина олдинга ва орқага юриш каби энг оддий буйруқларни бажаради.

Бошга кийилган махсус шлем мия сигналларини қабул қилиб, дастурга узатади, дастур эса сигнал мазмунини аниқлаб, транспортни бошқараётган борт компьютерига беради.

Энди Tesla Model русумларининг дастурий таъминотига тўхталамиз.

2015 йилнинг декабрида Тесла компанияси Tesla Model S ва Model X дастурий таъминотини янгилади. Шунинг ортидан автоном бошқарув тартиби пайдо бўлди. Энди электромобиллар ҳаракатланаётган полосадан бошқасига мустақил тарзда ўтади, автотураргоҳга жойлана олади. Version 7 дастурини интернет орқали янгилаш мумкин.

Автоном бошқарув ҳайдовчининг вазифасини тўлақонли бажара олмайди. Компания ҳар қандай ҳолатда ҳам Model S ҳаракати ҳайдовчи назорати остида бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Автопилотни ишга тушириш учун рулдаги ричаг икки марта босилади. Янги дастурни Model S билан бирга Model X кроссоверига ҳам ўрнатиш мумкин.

Янги дастур Summon функцияси имконини оширди, унинг ёрдамида Model S гаражга ўзи кириб-чиқа олади. Дастурни Apple Watch соати, смартфон ёки калитдаги тугма орқали ишга туширилади. Ҳозирда Summon функцияси бета-тестдан ўтказилмоқда. Компания келажакда янги технология ёрдамида ҳайдовчисиз электромобиль бутун мамлакат бўйлаб юриши, йўлда ўзи зарядлана олишини айтмоқда.

Тамомила автоном машинани Тесла икки йилдан сўнг намойиш этади. Бренд асосчиси Элон Маск бунинг учун таркибий қисмларнинг барчаси етарлилигини айтди. Аммо давлат бошқарув органлари билан бир қатор масалаларни ҳал этиш лозим.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"