Портловчи сигнализация видеосини томоша қилинг

Портловчи сигнализация видеосини томоша қилинг

Британиялик ихтирочи Янник Рид мотоцикл ва велосипед ўғриларини чўчитиш учун антиқа сигнализация мосламасини яратди. Bike Mine деб аталган сигнализация ишга тушганда одатдагича чинқириш товуши янграмасдан, кичик портлаш юз беради.

Мослама каркасида пружинали зарб берувчи механизм ўрнатилган бўлиб, унга детонатор ва пахтавон (холостой) заряд жойланган. Ишлаш тартиби оддий: сигнализация мосламаси велосипед ёки мотоцикл корпусига ёпиштирилади, ишга туширувчи механизми эса титан сим билан ғилдирагига маҳкамланади. Кимдир транспортни ўрнидан силжитмоқчи бўлса, сим тортишиб 150 Дбли портлаш содир бўлади.

Янник Рид бу ихтиросини ўғрини қўрқитиш ва атрофдагилар эътиборини тортиш учун одатдаги сигнализациядан кўра самаралироқ ҳисобламоқда.

Bike Mine сигнализациянинг бир тури бўлиб, қўриқлаш мосламаси эмаслигини эсда тутиш керак. Чунки унда пиротехника зарядидан фойдаланилган бўлиб, ўғрига бирор зарар етказолмайди. Шунга қарамасдан ихтиросининг келажагига ишонган Янник Рид ялпи ишлаб чиқариш мақсадида Kickstarter орқали маблағ тўплашга киришди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"