Олмаотада Tesla Model S сувда сузди

Олмаотада Tesla Model S сувда сузди

Шу кунларда Қозоғистонда шаррос ёмғирлар қуйиши натижасида кўплаб йўлларни сув босиб кетди.

YouTube порталига жойланган видеода Tesla Model S йўлнинг сув босган қисмидан сузиб ўтаётганлиги видеосини кўриш мумкин. Видеолавҳа муаллифи айтишича, Олмаотадаги барча чорраҳалар сувга бўккан.

Ички ёнув двигателли автомобиллар сувдан сузиб ўтолмади. Машина ҳавотортарига (воздухозаборник) ва поршен тизимига сув кириши билан мотор ишламай қолди. Аммо Tesla Model S бундай муаммога учрагани йўқ.

Электромобилга қарши кишиларнинг “Тесла” сувга тушолмаслиги ҳақида фикрлари учраб туради. Аслида эса “Тесла” русумларининг сувга сезгир элементлари пухта герметиклаштирилган бўлади. Бирор-бир тизимининг ичига сув кириши эҳтимоли жуда кам. Tesla Model S сувга тушганда қалқиб суза бошлайди. Албатта, бундан “Тесла”да сувга тушиб сузса бўлади, деган фикр келиб чиқмаслиги керак, чунки қисмлари зангламаслигига кафолат йўқ. Аммо юқоридагидек вазиятда “Тесла” бошқалардан устунроқдир.

Электромобиль-амфибия тўғрисидаги хабар компания етакчиси Элон Маск қулоғигача етиб борди. У ҳодисани шарҳлар экан, машинани сувга туширмасликни тавсия қилди, бироқ қисқа муддат сувда қолганда яхшигина сузишини айтди. Электромобиль ғилдираклари ёрдамида сузади.

Ҳодисага алоқадор бир қизиқарли фактни эслаб ўтиш жоиз. Ўтган йили Tesla Model Sнинг v5.9 микродастурида (прошивка) субмарин режими ўрнатилганлиги аниқланди. Бу режимда борт компьютери белгиланган даражада чуқурликка шўнғишни кўзда тутади. Model Sни сув остида сузишга тайёрлаш учун йўл-йўриқлар қуйидаги видеода кўрсатилган.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"