ЗИЛнинг бир асрлик қиссаси

ЗИЛнинг бир асрлик қиссаси

Роппа роса юз йил олдин ЗИЛ автомобиль заводи ташкил этилган. Унда Италиянинг FIAT 15 Ter юк машиналари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган эди. Кўп ўтмай инқилоб содир бўлди. Автомобиль заводи қуриб битказилди, кенгайтирилди, номи ўзгарди. Аввал Сталин, сўнг эса Лихачёв номли заводга (ЗИЛ) айланди

Завод юк машиналари ва ҳукумат учун лимузинлар тайёрлашдан ташқари турли даврларда автобус, ҳарбий вездеход, ҳаттоки, танк ишлаб чиқарган.

АМО Ф-15 юк машинасининг двигатели атиги 35 от кучига эгалигига қарамасдан бир ярим тонна юкни соатига 50 км тезликда таший оларди. У FIAT 15 Ter машинасининг яхшиланган варианти ҳамда ССРИнинг биринчи юк машинаси бўлган. Илк маротаба чиқарилган қизил рангли 10 нусхаси 1924 йилда Қизил майдондаги парадда иштирок этган. Москва заводида уни ишлаб чиқариш 1931 йилгача давом этган.

30-йилларнинг биринчи ярмида янги директор Иван Лихачев раҳбарлиги остида завод икки маротаба реконструкция қилинган, майдони кенгайтирилган, янги цех ва конвейер қурилган. Сталин номидаги завод энди йилига 100 минг машина ишлаб чиқара оларди. Autocar-5S (АМО-3) лицензияли юк машинаси уч тоннали ЗИС-5га алмашган. Бир суткада конвейер шундай машинадан 60та чиқарарди. 1948 йилга қадар ярим миллиондан ортиқ юк машиналари тайёрланган.

Завод фақатгина юк машиналари чиқариш билан кифояланиб қолмасдан етти ўриндиқли муҳташам совет лимузинини ҳам ишлаб чиқарган. Кузовини Американинг Budd фирмаси жиҳозлаган ва бу советларга 1,5 млн долларга тушган. 1,5 млн доллар ўша давр курсида тахминан 3 млн рублга тенг. 1936 йилдан ишлаб чиқарилган 8 цилиндрли 5,8 литр ҳажмли моторга эга ЗИС-101 ўз даврининг энг ҳашаматли автомобили эди. Унда фақат амалдорларгина юрмас эди, кира ва тез ёрдам машиналари ўрнида ҳам фойдаланилган.

1939 йилда ёш инженерлар ЗИС-101 асосида усти очиқ спортча родстер тайёрлади. Машинанинг ташқи қиёфаси дизайнер Валентин Ростков эскизлари асосида тайёрланган. Саккиз цилиндрли мотор 141 от кучини етказиб берар, осмасида кўндаланг барқарорликни сақловчи стабилизаторлар бор эди. Назарий жиҳатдан ЗИС-101А-Спорт русумининг энг юқори тезлиги соатига 180 км бўлиши керак эди, аммо синов пайтида 162,4 км/соатга етган холос. Шунга қарамасдан, бу совет иттифоқи автомобиллари орасидаги тезлик рекорди эди. Машинанинг ягона нусхаси бугунгача етиб қелмади.

1948 йилда янги ҳукумат лимузини ЗИС-110 асосида ССРИ олий раҳбарлари, хусусан, Сталин учун зирҳли машина ишлаб чиқарила бошланди. Уларнинг индекси 115 ёки 110с эди. Кузов панеллари остига ўқотар қуролан ҳимояловчи восита жойланган. Махсус машина шиналарининг диаметри катталиги, туртиб чиққан қалпоғи (колпак) ва туманга қарши учинчи фараси билан ажраб турарди. Зирҳли автомобилнинг вазни 4,3 тонна, биргина эшигининг ўзи 300 кг тош босарди. Кучайтирилган мотори соатига юз км тезликда машинани ҳаракатлантира оларди.

60-йиллар бошида ЗИЛ конструкторлари гуруҳи ЗИЛ-111 лимузини шассисида кичик синфга мансуб автобус яратди. Автобусча 17 йўловчига мўлжалланган бўлиб, лимузиннинг қулайлиги унда мужассам эди. V8 двигатель ва автоматик узатмалар қутиси ўрнатилган, кузовининг чор атрофида деразалар бор. ЗИЛ-118 хорижликларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди: Нитсадаги халқаро автобус кўргазмасида 9 мукофотга лойиқ топилди. Бу ССРИ автосаноати тарихида ўзига хос рекорд саналади.

ЗИЛ армия учун 30-йиллардан бошлаб вездеход ишлаб чиқарган. Улар орасида энг ғаройиби “Синяя Птица” бўлиб, ерга қўнган фазогирларни қидириш ва қутқариш учун мўлжалланганди. Машҳур конструктор Виталий Грачёв 70-йиллар ўрталарида рамаси алюминдан, кузови шишапластикдан бўлган олти ғилдиракли сузувчи вездеход яратди. Осмаси мустақил, туби ердан 590 мм баландда эди. Вездеход икки вариантда чиқарилган. ЗИЛ-49061нинг йўловчи бўлмаси ва унда тиббий анжомлар, кондиционер, эҳтиёт озиқ-овқат бор. ЗИЛ-4906 эса ғилдиракли машина ботадиган жойда юрувчи шнекоходни ташиган. Вездеходлар ажралиб туриши учун ёрқин кўк рангда бўлган, “кўк қуш” номи ҳам шундандир.

ЗИЛ-130 янги авлод юк машинаси 60-йиллар бошида лойиҳалаштирилган. У V8 бензинли моторга эга бўлиб, 5 тонна юк кўтарар эди. Завод реконструкция қилингач, 1964 йилдан ЗИЛ-130 тўлақонли ишлаб чиқара бошланган. Машина бир неча марта модернизацияланди. 1977 йилда 6 тонна юк кўтара оладиган, тиркамасида эса 8 тонна юкни судрайдиган бўлди. Унинг турлича вариантлари мавжуд бўлиб, 1994 йилгача 3 388 312 дона ишлаб чиқарилган. Шаҳару қишлоқларимизда ҳанузгача юк ташишда ишлатиладиган ушбу машина сизга ҳам яхши таниш. Зотан заводнинг энг кўп чиқарган машинаси шу бўлади.

Кузови қиррадор янгича ҳукумат лимузини ЗИЛ-114ни 1971 йилдан ишлаб чиқара бошланган. 1986 йилда эса ўзгача дизайнли, тўғри бурчакли қўш фараси бор 41047 русуми пайдо бўлди. Етти ўриндиқли мазкур лимузин узунлиги 6339 мм бўлиб, ўша замон серияли енгил автомобилларининг энг узуни бўлган. Бундан ташқари энг оғири ҳам эди. Тасаввур қилинг: шайланган ҳолатда вазни 3,5 тоннага тенг. 7,7 литрли V8 двигатель 315 от кучига эга, аммо юз тезликка 13 сонияда эришарди. 16 йил мобайнида атиги юз элликта ЗИЛ-41047 ишлаб чиқарилди.

Чуқур инқирозда бўлган корхона сўнгги йилларда оёққа турди. Олтинчи йиғув цехининг корпусида МСЦ6 АМОЗИЛ хусусий компанияси ўрнашган бўлиб, ҳукумат лимузинларини кам нусхада ишлаб чиқаради, хизмат кўрсатади ва реставрация қилади.

2007 йилда мудофаа Вазирлиги Лихачёв номидаги завод билан янгича парад кабриолетлари яратиш бўйича шартнома имзолади. Усти очиқ машинага 40441 индекси берилди, V8 мотори 350 от кучига эга. Олти поғонали автоматик узатмалар қутиси АҚШнинг Allison фирмасига тегишли. Бампери ва чироқларини тайёрлаш Cardi фирмасига, тахланувчи томини тайёрлаш эса немисларга буюртма берилган. ЗИЛ-40441 кабриолетидан бор-йўғи тўрттагина тайёрланган. Уларнинг бирини ўша вақтда Украина президенти бўлган Виктор Януковия харид қилган. Бешинчи машина МСЦ6 АМОЗИЛ август ойида Москва автосалонида намойиш этилади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"