Эски шинадан қандай қутулиш керак?

Эски шинадан қандай қутулиш керак?

Янги покришка сотиб олган ҳайдовчи эскисини нима қилиш ҳақида ўйланиб қолади. Бу галги автомаслаҳатимизни савол-жавоб йўсинида олиб борамиз.

  1. Нега эски шиналарни ташлаб юбориш ярамайди?

Соғлом фикрли ҳар қандай одам шинани ташлаб юбориш номаъқул ишлигини тушуниб етиши керак. Чунки у тупроқ ва ҳавони 100-120 йил давомида ифлослантириши мумкин! Аниқроғи, сиз ташлаб юборган шинадан эвара-чевараларингизгача жабрланишини тасаввур қиляпсизми?

Бундан ташқари:

  • эски шиналарга чивин кўп ўралашади (кейин сизни чақади), эски покришка уюми эса каламушлар маконига айланади.
  • эски шиналар уюми ёниб кетса, ҳаво бир зумда қуюқ заҳарли дуд билан қопланади.

1 тонна эски покришкани утилизация қилганда янги шина тайёрлаш учун 600 кг материал олинади.

  1. Ҳамма шина утилизация қилинадими?

Жавоби қийин савол. Муаммо шундаки, жуда кам қисми утилизацияга топширилади. Дунё бўйича бир йилда 7 млн тонна шина яроқсизга айланади. Унинг атиги 23 фоизи утилизацияланади (Ўзбекистонда 20 фоиз шина қайта ишланади).

  1. Барибир шинани ташлаб юборсам нима бўлади?

Табиатни ифлослантирасиз. Экологик ва санитар-эпидемиологик талабларга риоя қилмаганингиз учун жаримага йўлиқишингиз мумкин, қачонки, сизни тутиб олишса. Тўғри, жарима катта эмас, аммо пулни супуриб олмассиз, ҳарқалай.

  1. Эски покришкани қаёққа олиб борай?

Мамлакатимизнинг кўплаб вилоятларида бу масалага катта эътибор қаратилмайди. Carzone.uz сайтига Тошкентдаги бир нечта фирмаларда шина ва резина маҳсулотларини қайта ишланиши маълум (ҳаволани босинг). Пойтахтдаги шина-таъмир заводи автошиналар реставрацияси билан шуғулланади. Улар билан боғланишга, вилоятлардаги воситачиларини аниқлашга уриниб кўринг.

  1. Шина топшириб яна устига пул ҳам бераманми?

Ҳа, айрим эски шиналарни қабул қилиш марказларида бундай ҳолат учраши мумкин. Агар покришкангизга мих кириб қолган бўлса, завод агрегатини бузмаслиги учун чиқариб ташланади. Бу иш қўлда бажарилади.

Бепул қабул қилишса, пул тўлашга уринманг 😉

Эски покришкани ҳеч қачон ёқмаслик ёдингизда бўлсин. Қаранг, қандай хунук манзара.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"