Бу машиналар ҳайдовчини ўлдириши мумкин

Бу машиналар ҳайдовчини ўлдириши мумкин

Замонавий автомобиль илғор электрон технологиялари ва саноқсиз қулайликлари билан бир қаторда хавфсиз ҳам бўлмоғи лозим. Баъзан ўнта хавфсизлик ёстиғи ҳам шиддатли зарбни тутиб қололмаслиги мумкин.

1992 йил. Австралияда эскигина седанга тажриба тариқасида 375 кгли балласт (посанги юк) ортилди ва 100 км/соат тезликда мустаҳкам деворга урилди. Машина парча-парча бўлиб ҳар ёққа учиб кетди…

Тўқнашув тести ўтказиш энди урфга кира бошлаган паллаларда машиналарнинг қоғоздек ғижимланиб кетишига кўп бор гувоҳ бўлишган. ХХ асрнинг энг таниқли русумлари ҳам тестда пачоқланмай қолмаган. Улар орасидан Volkswagen Golf иккинчи авлоди, Hyundai Accent, Nissan Almera, Peugeot 306, Rover 100, Ford Escort ва ҳаттоки, совринли BMW 5-сериясини ҳам учратиш мумкин. Машиналарнинг бу қадар мўртлиги авто ишлаб чиқарувчиларни жиддий бош қотиришга мажбур қилди. Машинасозлар йўловчиларнинг ҳимояси учун техникани пишиқ-пухта ишлаш йўлида харажатни оширишга қарор қилишди. Бунинг устига мотор қуввати ва автомобиль тезлиги тобора ошаётган давр эди. Тезлик ва автоҳалокатлар ўзаро боғлиқлиги сизга маълум.

Сўнгги йигирма йилда машиналарнинг бир авлоди алмашди ва биз ҳозирда автомобиль эмас, пишиқ уй ичида юргандекмиз. Дунёнинг деярли барча бурчагида мустақил тўқнашув тестлари жорий этилган. Қайси машина рекламасига қараманг, беш юлдузли хавфсизлик рейтинги, қўша-қўша хавфсизлик ёстиқчалари ва “ақлли” электрон тизимларга кўзингиз тушади.

XXI асрда мустақил тўқнашув тестларига машина дош бермаслиги кам учрайдиган ҳодисадир. Одатда, учинчи дунё мамлакатлари учун машина ишлаб чиқарадиган кам танилган автокорхоналар машинаси тестдан ўтолмайди. Масалан, Малайзиянинг Proton Jumbuck пикапи 64 км/соат тезликда келиб урилган ҳолатини юқоридаги видеолавҳада томоша қилинг-а. Ҳайдовчи тирик қолиши амримаҳол, бу машинани эса 2010 йилга қадар ишлаб чиқаришган!

Қуйидаги кадр эса Хитойнинг Lifan 320 (яна бир номи Lifan Smily) хэтчбекини Жанубий Америкада Latin NCAP услубида синаш чоғида олинган. Бу ҳам стандарт 64 км/соат тезликда урган, натижада кузов газетадек тахланиб, рул суянчиқнинг бошқўйгичигача келган! Экспертлар хулосаси беш балли тизимда – нол. Машина на катта ёшлиларни ва на болаларни ҳалокатдан ҳимоялай олади.

Автомобилнинг таниқлилиги хавфсизлигингизни кафолатламайди

Чунки таниқли автомаркаларнинг ҳам барча маҳсулоти пухта эмас. Nissan Мексикада Tsuru (V16 ва Sentra B13) русумини ҳалигача чиқаради. Кўринишидан туппа-тузук машина, аммо тўқнашув тести натижасини кўрмаганлар учун шундай. Latin NCAP услубидаги тестда худди Хитой “Лифан”и натижасини такрорлаганига нима дейсиз? Видеони кўринг.

Дарвоқе, мўрт машиналар рўйхатида ҳаммамизга яхши таниш Chevrolet Aveo ҳам бор. “Янги нексия” Latin NCAP тестида “Ниссан”дан яхшироқ натижа кўрсата олмади. Корейс машинасида болаларнинг тирик қолиш эҳтимоли бир оз юқори, аммо олдиндаги йўловчи ҳаёт билан видолашмай иложи йўқ. Экспертлар хулосаси билан танишсак, олдиндаги йўловчининг боши ва болдири ҳимоялангани ёзилган холос. Етарлими?

Яхшиямки, Ravon Nexia ҳайдовчисида ҳеч бўлмаса, хавфсизлик ёстиқчаси бор. Арзон Aveo русумини эса хавфсизлик борасида мақташнинг иложи йўқ.

Энди эса тўқнашув тестида Sandero хэтчбеки ўзини қандай тутишини томоша қилинг. Унда хавфсизлик элементлари йўқ. Урилганда кузов қаттиқ букланиб кетади. Хэтчбек беш юлдуздан атиги биттагинасига муносиб.

Тўртдан бири ўлим билан якун топган

2012 йилда Американинг IIHS (Insurance Institute for Highway Safety) институти тўқнашув тестлари дастурига 64 км/соат тезликдаги машина олди билан урилишини киритди. Бу машинанинг дарахт, симёғоч, йўлдаги тўсиқлар ёки қаршидан келаётган машинага урилишини имитациялайди.

Статистика ЙТҲлардаги ўлим ҳолатининг тўртдан бири олд томондан урилишларга тўғри келишини кўрсатади. Америкаликлар тўқнашув тестини жорий қилгач, бунинг сабаби маълум бўлди. Кўпгина машиналарнинг олд чап қисмида асосий энергия ютувчи элементлар жойлашади. Машина урилганда бампери, осмасининг деталлари зарбни тутиб қолишга қодир эмас, ғилдирак эса эшикни ичкарига итариб фақат муаммо туғдиради. Дастлабки олд тўқнашув тестларидан эски автомобиллар уёқда турсин, Euro NCAPнинг “аълочи”лари ҳам ўтолмади.

 

Автомобилсозлар тезда ҳушларини йиғиб олишди ва конструкцияни мукаммаллаштиришга киришишди. Аммо иш ҳали қиёмига етмади. Юқоридаги видеода Hyundai Accent (Solaris) ва Nissan Juke тўқнашув тести лавҳасини томоша қилинг. Иккаласи ҳам талабга жавоб бермайди. Ҳайдовчининг боши хавфсизлик ёстиғидан сирғалиб кетади (“Солярис”да олд панелга урилади), оёғи эса металл ва пластик орасида қисилиб қолади… Бошқача айтганда, оёқдан ажралиши турган гап.

 

IIHS тести илғор технология асосида яратилган автомобиллар ҳам урилиш вақтида ожизлигини кўрсатиб қўйди. Nissan Leaf электрокари ва машҳур Audi A4 русуми ҳам тестдан ўтолмади. Ваҳоланки бошқа категориялар бўйича уларга етадигани йўқ. Ҳатто машинанинг ўлчами ҳам ҳайдовчини қутқариб қололмайди. Ўзига яраша жуссаси бор Chrysler Town&Country минивэнининг кузови қандай ғижимланиб кетишини кўринг.

Ёдда тутинг: энг замонавий электрон қурилмалар ҳам машинани дарҳол тўхтатиб қололмайди. Замонавий автомобиль хавфсиз автомобиль дегани эмас. Тўғри, тараққиёт бир жойда тўхтаб турмайди, аммо бугунги автомобилларни тўла хавфсиз деб аташ қийин. Тўқнашув тестларига қараб хулоса чиқариш сиздан.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"